Катта харажат ортидан ғирт ҳафсаласизлик...

Катта харажат ортидан ғирт ҳафсаласизлик...

Бюджети ҳамманинг ҳавасини келтирадиган «ПСЖ»нинг ЧЛдаги йўлига қараган киши бой клубга ачиниб кетади беихтиёр.

 Зеро, Париж грандининг қатарлик соҳиблари «шалпангқулоқ» кубок орзусида беҳисоб сармоя ажратишмоқда, аммо бундан натижа чиққани йўқ ҳануз. Ҳаттоки, Лионель Месси, Неймар ва Килиан Мбаппе учлиги ҳам бу турнирда эффект беролмаяпти ҳозирча.

Ҳа, «ПСЖ» юлдузли таркиби билан охирги 11 мавсумда ЧЛ «плей-офф» раундига бехато чиқди. Бироқ «ҳаёт-мамот» довонида жамоанинг ишлари сира юришмаяпти. Парижликлар бу оралиқда нақ 5 марта илк «плей-офф» раундидаёқ четга чиқишди. «ПСЖ» бу сафар «Бавария» олдида мутлақо ожиз қолди - 0:1 ва 0:2. Эслатма, Лига 1 гегемони аввалги мавсум айни шу раундда «Реал» тўсиғидан ўтолмаганди. 

Умуман, «ПСЖ» охирги 11 мавсум ичида финал ва ярим финалда 1 мартадан ўйнади ва тегишлича «Бавария» ҳамда «Манчестер Сити»дан устунлик қилолмади.