Ксавер Шлагер: «Катта ўйинлар учун мотивация керак эмас»

Ксавер Шлагер: «Катта ўйинлар учун мотивация керак эмас»

«РБ Лейпциг» ярим ҳимоячиси Ксавер Шлагер ўзини одатий футболчилардек тутмайди.

У сокинликни хуш кўради, осойишталик, яхши суҳбат ва китоб мутолаасидан ўзгача завқланади. Ишониш қийин, лекин ҳақиқат шуки, австриялик машғулотлардан ортиб, кунига камида 1 соатни китоб ўқишга ажратади. 26 ёшли футболчи ЧЛ гуруҳ раунди 2-туридан ўрин олган «Манчестер Сити» билан катта ўйин (1:3) арафасида клуб расмий сайтига ихчам интервью берди. Диққатга сазовор томони, Ксавер билан суҳбат учун ҳам ноодатий жой танланди - Лейпциг марказида жойлашган китоб дўкони.

- Билишимизча, китоб мутолаасига муккасидан кетгансиз. Бу «хаста»ликми ёки...?

- Аслида ҳеч қачон ўзимча китоб ўқиган эмасман. Шунчаки, онам қистови билан ҳар куни камида бир боб ўқишга мажбур эдим. Очиғи, бундан нафратланардим ҳам, ўзимни қўярга жой тополмасдим баъзан. Қайтараман, мактаб таҳсили пайти қўлимга китоб олмаганман деярли. Кейинроқ спортда муваффақият қозониш учун ҳаётингизни тартибга солишингиз муҳимлигини тушундим. Шунинг учун китоб ўқишни бошладим ва кўп ўтмай, бу юмуш менга ҳаловат бағишлаётгани англадим. Масалан, ижтимоий тармоқларга кўп вақт сарфлаганимда, руҳий чарчоқни сезардим, китоб ўқишдан кейин аксинча, қандайдир енгилликни ҳис қилдим. 

- «РБ Лейпциг» ўйинлари ҳам сизни янада тетиклаштираётгандек... 

- Жамоада инфратузилма, мураббийлар штаби, муҳит, ўйин сифати - барчаси энг юқори даражада. Умуман, клуб йўли шахсий фалсафамга жуда мос келади. Мен учун ҳамиша юқори марраларга интиладиган жамоанинг бир қисми бўлиш муҳим. Футболда имкон қадар кўпроқ ғалаба қозониш, тинмай олға боришни хоҳлайман. Шахсий ёндашувим шундай.

- Демак, «РБ Лейпциг» сафига қўшилганингиздан ғоят мамнунсиз.

- Бу ердаги биринчи машғулотдаёқ бошқа даражада ишлаганимни яққол англадим. Энди жамоада муҳим роль бажариш учун шахсий сифатларни янада яхшилашим керак. Бундай мотивациянинг аҳамияти жуда катта.

- Хўш, янада яхши ўйнашингизга яқиндан ёрдам берган жамоадошингиз борми?

- Ўтган мавсум мен ва Конрад Лаймер учун ўзгача ўтди. Ўзи иккимиз ҳар доим бирга ўйнаганмиз, умуман, ёшлигимиздан яқин дўстлармиз. Тўғри, «РБ Лейпциг»да бирданига ўйнаб кетишда анча қийналдик. Муайян паллада ҳаммаси ўйлаганимиздек осон эмаслигини тушундик ва бу ғайратимизга ғайрат, кучимизга куч қўшди.

- Клубингиз учун янги мавсум старти жуда зўр бўлди, шундайми?

- Албатта. Леверкузендаги илк ўйинда кутилган натижага эришолмадик, муҳими, шундан сўнг ҳаммаси ўз изига тушди. Аслида оғир мавсумолди йиғинларидан сўнг бирдан натижа кўрсатиш осон эмас. Мана, курсга тушиб олдик, дейлик, Гладбахда кечган оғир ўйинда ҳам ғалаба қозондик. Умуман, сўнгги бир неча ҳафта жуда яхши ўтди.

- «Манчестер Сити»га қарши жангга шахсан сиз қандай руҳий тайёргарлик кўрдингиз?

- Катта ўйинлар арафасида ҳаммаси табиий равишда ривожланади. Яъни футболчи бундай паллада алоҳида мотивацияга эҳтиёж сезмайди. Оддий айтганда, катта ўйинлар сизни ўз-ўзидан қувватлантиради, майдон майсасининг ҳар бир бўлагини майдалаб ташлашни хоҳлайсиз. Майдонга тушар экансиз, бутун дунёга нечоғли кучли эканлигингизни кўрсатиб қў­йишни хоҳлайсиз.

- Шу кунга қадар фаолия­тингизда кузатилган энг муҳим воқеликни айта оласизми?

- Германия кубогида «РБ Лейпциг» билан ўйинларда қайд этилган икки ғалаба. Ҳеч ким бунинг қувончини мендан тортиб ололмайди. Келажакда эса кўпроқ соврин ютишни истайман, албатта.

  МУҲАММАДХОН тайёрлади