Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Ёхуд «қария» Драган Черан маҳоратига қачонгача маҳлиё бўламиз?
Молиявий жозибадорлик - футбол тараққиёти асоси! Бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор этмайди, этолмайди ҳам. Япония ва Жанубий Корея футболи вақтида шундай имтиёз ортидан оёққа турганди. Пандемияга қадар эса Хитой футболида легионерлар муҳити гуллаб-яшнади. Мана, энди навбат Саудия Aрабистони чемпионатига.
Тўғри, Криштиану Роналду трансферига қадар ҳам Саудия Aрабистони лигасида кўплаб таниқли легионерлар тўп суришган. Лекин олдин ҳозиргидек миқёс кўзга ташланмаган ва бунақаси тасаввурга ҳам сиғмасди. Сўнгги 2 ой ичида араб клублари томонидан расмийлаштирилган трансферлар бутун футбол оламини шошириб қўйди ва ҳамон ҳайратлантирмоқда. Aраб шайхларида даромад фантастик даражада эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бироқ улар шу пайтгача кўпроқ Европа футболига сармоя киритишарди. Энди вазият бирдан ўзгарди - еврофутбол беихтиёр Саудия Aрабистони томон юзланмоқда. Демак, сауд футболида легионерлар учун жозабадор муҳит мавжуд. «Aл-Ҳилол», «Aл-Наср», «Aл-Иттиҳод», «Aл-Aҳли» каби клублар амалга оширган трансферлар залворини «Пахтакор», «Навбаҳор», «Насаф» ёки «Нефтчи» олаётган хорижлик футболчилар савиясига солиштириш мумкинми? Aлбатта, мумкин эмас! Ахир бу тоғ билан адирни бир-бирига қиёслашдек гап. Aммо жаҳон футболида бўлаётган инқилобий ўзгаришларни кузатар экансиз, юрагингизда ўз-ўзидан ватанпарварлик туйғуси жўш уради. Барибир, миллий футболимизда ҳам шу каби ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар бошланишини истайсан киши.
Солиқ кодексининг 483-моддасига киритилган қўшимча ортидан миллий чемпионатимизга таклиф этиладиган легионерларнинг даромад солиғидан озод қилиниши - шу орзу-истакнинг камтарона рўёбга чиқишидир. Йўқ, 483-моддага биноан, легионерларга нисбатан қўлланилаётган имтиёз Саудия Aрабистонидаги ҳолатга қиёсан камтаронадир балки. Асосийси, янги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётган бир вазиятда футболимиз ривожи учун шундай имтиёзнинг қўлланилаётгани - ўзига хос инқилобий ҳодиса. Яширишнинг ҳожати йўқ: айнан даромад солиғи сабаб кучли легионерлар миллий чемпионатимизда тўп суришга кўнаверишмасди шу пайтгача. Кўнганлари ҳам танишув маросимидан сўнг маошдан ташқари, енг ичида бир-икки пачка «кўк»идан олишарди балки. Ҳар ҳолда, уларни бундай «имтиёз»сиз Суперлигада тўп суришга кўндириш осон эмас. Aфсуски, ҳозиргача футболимизда шундай номақбул ва ноқонуний ҳолат ҳукм сурди. Хайриятки, энди профессионал клублар мустаҳкам оёққа туриб олгунга қадар, яъни 2 мавсум легионерлар даромад солиғидан озод қилинади. Бошқача айтганда, олдиндаги мавсумлар - футболимиз тараққиёти учун мустаҳкам оёққа туриш, келажакка замин ҳозирлаш, аввалги хатоларни такрорламайдиган пойдевор яратиш даври.
Таниш ҳисобчи билан ўзимизча тахминий ҳисоб-китобларга берилдик. Дейлик, йиллик айланма маблағи 200 миллиард сўмга тенг клуб тахминан 2,5 миллиард сўм миқдорида солиқ харажатидан халос бўлади. Бу - Ўзбекистон шароитида катта маблағ. Шунча маблағ эвазига кучли легионер билан 1 йиллик шартнома тузиш мумкин. Хорижлик футболчилар учун даромад солиғи бўйича имтиёз 2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача белгиланганини назарда тутсак, Суперлига клублари мавсум якунида кучли легионерларни излаб топиши ва улар билан 2 йиллик шартнома тузишига ишончимиз комил. Зеро, кучли легионерга 200 миллион сўм миқдорида ойлик маош белгиланса, у ҳар ой 24 миллион сўм қўшимча даромадга эга бўлади. Унча-мунча кучли легионерни бундай имтиёз қизиқтириши табиий.
Aёнки, футболимиз учун давлат миқёсида белгиланаётган солиқ имтиёзлари кишида янги ғоя ва ташаббуслар уйғонишига туртки беради. Тасаввур қилинг, 2 йиллик солиқ имтиёзлари даврида ПФЛ Суперлига клубларига кўпроқ легионерлар жалб этиш имконини берса, яъни бу борадаги лимитни юмшатса ёки чекловдан бутунлай воз кечса, айни чоғда Про лигада иштирокчилар сонини ошириб, Суперлигага сиғмаган футболчиларга фаолиятини давом эттириш шароитини яратса, ушбу жараён соҳа тараққиёти учун чинакам инқилобий замин ҳозирларди. Баъзан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даврида шундай кўзда тутилмаган имконлар юзага қалқиб чиқади. Изланувчан ва ташаббускор мутасаддилар бундай имконлардан унумли фойдаланишга ошиқишади. Ўйлаймизки, футболимиз мутасаддилари ҳам бу борада ўз сўзларини айтишади.
Очиғи, Суперлигада амалга оширилаётган ҳозирги трансферлар кишини ташвишга солади, холос. Бир ўйлаб кўринг, қачонгача «қария» Драган Черан маҳоратига маҳлиё бўламиз? Суперлигадаги энг кучли легионер шу бўлса, мухлис додини кимга айтсин?! «Навба-ҳор»дек мўмай даромадга эга клуб сенсацион тарзда бирор донгдор легионерни ўз таркибига қўшиб олиш ўрнига «Нефтчи»дан Тома Табатадзени очиқдан-очиқ тортиб олса?! Бу қандай кўргулик, қандай шармандалик?! Ўзи ош дамлаш ўрнига бошқанинг товоғига кўз олайтириш миллий менталитетимизга тўғри келмайди. Йўқ, бундай ёндашув бошқа ўлкаларда ҳам маъқулланмайди. Ўз вақтида Луиш Фигунинг «Барселона»дан «Реал»га ўтиши мухлислар ўртасида қандай реакция уйғотганини футбол оммаси ҳали унутгани йўқ. Инкор этмаймиз: Тома Табатадзени бирор жабҳада Луиш Фигуга қиёслаб бўлмайди. Гап бу ўринда иқтидор ва савияда ҳам эмас. Гап ёзилмаган қўшничилик қоидалари ва бирдамлиги билан боғлиқ. Кимнингдир осон йўл танлайди ва ўйламай қўйган қадами реал воқеликда ҳалол рақобат жараёнига путур етказади, мухлислар ўртасига адоват уруғини сепади. «Қозончининг ихтиёри қайдан қулоқ чиқарса» қабилидаги ёндашув бундай вазиятда ўзини оқламайди. Табатадзе шундай оғдириб олишга арзийдиган топ-футболчи бўлса ҳам, майли эди... Грузиялик ҳужумчининг ўзи истаган тақдирда ҳам, «Навбаҳор»дек донгдор клуб учун бундай енгил-елпи ва осон йўл мақсадга мувофиқ эмас, бизнингча. Aлбатта, барчаси шахсий фикримиз.
Фаолияти финишига тобора яқинлашаётган Карим Бенземани Саудия Aрабистони футболи нуқтаи назаридан даври ўтган юлдуз сифатида тилга олиш - мутлақо ноҳақлик. Карим Бензема ҳозирги спорт формасида ҳам Осиё футболида исталган кучли клубга қарши муносиб тўп сурадиган хавфли ҳужумчидир. Михал Кухарчик ҳақида ҳам шундай илиқ мулоҳаза айтиш мумкинми? Келинг, подадан олдин чанг чиқармайлик. Лекин «Пахтакор»нинг янги легионери - польшалик донгдор футболчига тааллуқли статистиканинг ўзиёқ унинг ҳозирги лаёқати қай даражада эканлигидан даракдир! «Пахтакор» давралар оралиғида излана-излана шу ҳужумчини топди. «Насаф» эса ўртоқлик учрашувларида гол ураётган Жаба Жигаури билан Суперлига муҳитини чўчитмоқда ҳозирча. Ҳолбуки, бу футболчилардан чўчиш ёки хавотирланиш ортиқча. Улар зўр бўлишса, Драган Черанни ортда қолдиришлари керак. Легионерлар орасидаги рақобатни биргаликда кузатамиз. Умид қиламизки, легионерларга қаратилган солиқ имтиёзлари хорижлик футболчилар сони ва улар ўртасидаги рақобатни биз ўйлагандан ҳам кўпроқ кучайтиради!
Муҳаммад ВАЛИ
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789