Легионерларимиз: Машариповдан «портлатиш»га ваъда

Легионерларимиз: Машариповдан «портлатиш»га ваъда

«Ал-Наср» клуби Саудия Арабистони чемпионати 24-турида «Ал-Раед»ни қабул қилиб, енгилгина ғалабани тантана қилди - 4:0.

Эътиборли томони, Ар-Риёд клуби ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов 2та голга ассистентлик қилиб, ўйин қаҳрамонларидан бирига айланди. Ваҳоланки, ҳамюртимиз учрашувга 71-дақиқадагина қўшилганди. «Ал-Наср» ушбу ғалабадан сўнг очколари сонини 56тага етказиб, 2-ўриндаги мавқеини мустаҳкамлади. Пешқадам - «Ал-Иттиҳод»да 59 очко бор, қолаверса, Жидда жамоаси 1та кам ўйин ўтказган. Айтганча, португалиялик Криштиану Роналду охирги турда «Ал-Наср»да 3та ўйинга чўзилган голсиз сериясига барҳам берди. 38 ёшли футболчи бунга қадар «Ал-Ҳилол», «Ал-Файҳа» ва «Ал-Ваҳда»га қарши учрашувларда гол қувончини туймаганди. Умуман, Португалия футболи фахри Саудия Арабистонига кўчиб ўтганидан буён 15та ўйинда 12та гол ва 2та ассист қайд этди.

Кўпчилик яхши билса керак, миллий жамоамиз етакчи ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов ижтимоий тармоқларда ҳам анча фаол. Дейлик, «Инстаграм» тармоғидаги саҳифаси орқали мунтазам мухлислар билан алоқада бўлиб туради. «2011 йили Қатарда, Абрамов даврида Одил акалар «портлатишганди», бу сафар биз «портлатамиз» - «Ал-Наср»-даги легионеримиз бу сафарги жонли мулоқот давомида 2024 йилнинг бошига белгиланган Осиё кубоги ҳақида баралла гапирди, шунингдек, Элдор Шомуродов билан муносабатига ҳам тўхталди. Ҳа, ҳужумкор футболчимиз бўлажак қитъа чемпионатини «ёндириш»га ваъда бермоқда. «Миллий жамоамиз ҳозир жуда зўр. Худо хоҳласа, кейинги йил январда Осиё кубоги бўлади. Унда яхши натижа кўрсата оламиз, деб ўйлаяпман. Чунки шахсан ўзим анчадан буён бундай позицион ўйинда қатнашмагандим. Умуман, миллий жамоа асоси ҳозир жуда яхши ўйин намойиш этмоқда. Кўз тегмасин, термамиз яхши ҳолатда. Насиб этса, Қатарда бўладиган бу сафарги чемпионатни яна «портлатамиз». Ўзи 2011 йили қатарда, Абрамов даврида Одил акалар «портлатишганди». Худо хоҳласа бу сафар биз «портлатамиз», зўр натижа кўрсатамиз», - деди Машарипов бўлажак Осиё кубоги ҳақида. 

«Ал-Наср» вакили мулоқот чоғи Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Элдор шомуродов билан муносабатига ҳам алоҳида тўхталди: «Элдор - Ўзбекистоннинг энг кучли ҳужумчиси. Мен билганлар орасида энг яхшиси. Фикримча, Ўзбекистон тарихида Элдор Шомуродовдек яхши ҳужумчи бўлмаган. Тўғри, Гейнрих бор эди, аммо услуби бошқачароқ. Элдорнинг тезлиги яхши, менга жуда ёқади. Миллий жамоада «пас» берган пайт ҳам тезлик олиб, вазиятни голга айлантира олади. Савия жиҳатидан ҳам зўр. Элдорда техника ҳам, тезлик ҳам бор. Одамгарчилик жиҳатидан яхши йигит. Одамлар Элдор билан мени таққослайверадилар, у билан муносабатимиз яхши. Кўпчилик ўйлайдигандек эмас. Бир-биримизга яхши муносабатдамиз». Маълумот учун, Осиё кубоги-2023 ўйинлари 2024 йилнинг январь ойида Қатарда бўлиб ўтади. Эслатма, Ўзбекистон миллий жамоаси 2011 йили Вадим Абрамов қўл остида Осиё кубоги тарихидаги энг яхши натижасини қайд этганди - 4-ўрин.

*** 

Saudi Gazette нашри хабарига қараганда, «Ал-Наср» клуби Директорлар кенгаши раиси Мусалли ал Муаммар ўз лавозимидан кетди. У Спорт вазирлигига истеъфо тўғрисида ариза ёзди ва бу қабул қилинди. Таъкидланишича, Муаммарнинг кетишига «Ал-Наср»нинг орада кузатилган кетма-кет омадсиз ўйинлари сабаб бўлди. Чунончи, у жамоа мухлислари босими остида қолганди. Айтиш керак, Муаммар Ар-Риёд клубини 2021 йилнинг 1 апрелидан буён бошқариб келаётганди.

*** 

Охирги хабарларга қараганда, «Ал-Наср»нинг бош юлдузи Криштиану Роналду ва Жоржина Родригес ўртасидаги муносабатлар олдингидек эмас. Португалиянинг CMTV каналида айтилишича, футболчига Жоржина хонимнинг серчиқимлиги ёқмаяпти. «У кунини асосан савдо марказларида ўтказяпти. Мана шу ҳолат ғашимни келтиряпти. Жоржина ҳеч нимани ўйламай, фақат пул сарфлаяпти», - дея Криштиану сўзларидан иқтибос келтирди канал. Лекин Жоржина бу каби миш-мишларга жавобан «Инстаграм»даги саҳифасига Aventura Romeo гуруҳи собиқ етакчиси Сантос Си Муеро ижросидаги «Агар ўлсам» қўшиғидан парча жойлаштирди. «Ҳасадгўйлар миш-мишлар ўйлаб топишади, ғийбат тарқатишади, аҳмоқлар эса бунга ишонишадилар», - деди Роналдунинг ҳамхонаси. Маълумот учун, Роналду ва Жоржина 2016 йили танишишган. Улар шундан буён биргалар.

С.Арабистони Премьер-лигаси 

турнир жадвали (кучли олтилик)

1 АЛ-ИТТИҲОД     24    18     5        1        47-9    59

2 АЛ-НАСР           25    17     5        3        53-14  56

3 АЛ-ШАБАБ        24    15     5        4        50-24  50

4 АЛ-ҲИЛОЛ         25    14     7        4        45-23  49

5 АЛ-ФОТИҲ        24    12     3        9        41-31  39

6 АЛ-ТАВОН    24        10        7          7          32-30    37