Миллий жамоамиздан кичик жароҳат билан қайтган Элдор Шомуродов мазкур ўйинни бошланғич таркибда бошлади, аммо танаффус пайти алмаштирилди. «Кальяри» бош мураббийи Клаудио Раньери учрашувдан кейинги матбуот анжуманида бунга алоҳида изоҳ берди. Чунки 28 ёшли ҳужумчимиз майдонда анча фаол ҳаракатланаётган эди. «Жуда қийин ўйин. Йўқ, қарши ҳужумда ўйнамоқчи эмасдик, лекин ўхшамади. Лекин бахтиёрман, ғалаба қозонолмаганингдан кейин ютқазиб қўймаслик муҳим. Шомуродовга ачинаман. Ахир биринчи бўлимда яхши ўйин кўрсатган ҳужумчини захирага олишимга тўғри келди. Рақиблар «иккинчи қават»да яхши ўйнайдиган ҳужумчиларимизни алоҳида ёпишди. Шунинг учун Шомуродов ўрнига Виолани тушириб, унга ҳужум ва ярим ҳимояни боғлашини тайинладим», - деди тажрибали мураббий 45 дақиқалик ҳаракати 6,2 баллга лойиқ кўрилган ҳужумчимиз ҳақида.
Қозоғистон. ҚПЛ 3-турида «ўзбекча дерби» кузатилди. Яъни «Ордабаси» — «Қайрат» ўйинида 3 нафар ҳамюртимиз майдонга тушди. «Ордабаси» ярим ҳимоячиси Жасур Яхшибоев тўлиқ вақт тўп суриб, 84-дақиқада гол урган бўлса, унинг клубдоши Шаҳбоз Умаров 63-дақиқада захирага олинди. «Қайрат» вакили Иброҳимҳалил Йўлдошев эса 90 дақиқалик фаол ҳаракати билан ўз клубининг 2:1 ҳисобидаги ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
Россия. «Рубин» Рустам Ашурматов тўлиқ вақт тўп сурган ўйинда «Ахмат»ни 2:1 ҳисобида доғда қолдирди ўз майдонида. Миллий жамоамиз ҳимоячиси 90}4-дақиқада сариқ карточка ҳам олди. Қозон клубидаги яна бир ҳамюртимиз Умарали Раҳмоналиев эса қайдномадан четда қолди. ЦСКА бу сафар ҳам ғалабани қўлдан чиқарди. «Сочи»га қарши сафар ўйинида Аббос Файзуллаевсиз ҳаракатланишган «армиячилар» аввалига 2та гол уришди, бироқ якунда 2:2 ҳисоби билан чекланишди.
Англия. «Брентфорд» U-21 жамоасида аста-секин ўзини кўрсата бошлаган Муҳаммадали Ўринбоев «Ипсвич»га қарши ўйинда 65-дақиқагача туп суриб, 2та гол ҳаммуаллифига айланди. Бироқ унинг жамоаси якунда 3:5 ҳисобида мағлубиятга учради.
БАА. Про-лига 17-тури ҳамюртларимиз Азиз Амонов ва Абдулла Абдуллаевнинг клуби - «Хорфаккан» учун омадсиз келди. Чемпионатда юқори ўринлар учун курашаётган жамоа «Ал-Васл» майдонида 3та жавобсиз гол қабул қилиб олди. Легионерларимизга келсак, Амонов 64-дақиқада захирага олинган бўлса, Абдуллаев тўлиқ вақт майдонда қолди. «Ал-Ваҳда» ва «Шабаб Ал-Аҳли» ўртасидаги баҳсда эса 3:3 ҳисобида якунланди. Мезбонлар вакили
Ҳожимат Эркинов учрашувнинг 68-дақиқасида алмаштирилган бўлса, меҳмон жамоа ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев майдонга тушмади.
Ж.Корея. «К»-2 лига 2-туридан ўрин олган «Соннам» - «Кимпхо» ўйинида майдон эгалари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ҳамюртимиз Икром Алибоев ушбу ғалабага тўлиқ 90 дақиқалик ҳаракати билан ҳисса қўшди. 30 ёшли ярим ҳимоячимиз жорий мавсум «Соннам»нинг 2та ўйинида ҳам майдонга тушганини қўшимча қилиш ўринли.
Гонконг.Шерзод Темиров «Китчи» сафида навбатдаги голини нишонлади. Жамоасининг бошланғич таркибидан ўрин олган ҳужумчимиз ўйинда ҳисобни очиб, 4:1 ҳисобига йўл очиб берд ива 77-дақиқада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди.
Франция. «Ланс» Лига 1 27-турида «Лилль» меҳмони бўлиб, ортга 1:2 ҳисоби билан қайтди. Жамоа ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов сариқ карточкалар лимити туфайли бу учрашувни четдан кузатди.
Татаристон пойтахти - Қозон шаҳрида XII Республика ифтори ташкил этилди. Унда «Рубин» бошқарув президенти Марат Сафиуллин, бош мураббийи Рашид Раҳимов ва 3 нафар футболчиси Марат Апшацев, Мирлинд Даку ва Рустам Ашурматов Татаристон президенти Рустам Минниханов билан учрашишди. «Рамазон - мусулмонлар учун муҳим ой. Бундан катта тадбирда «Рубин» вакиллари қатнашишгани жуда ёқимли. Мирлинд Даку, Рустам Ашурматов ва Марат Апшацев билан фахрланамиз, улар турли мамлакатлардан, мураккаб машғулотлар жараёнига қарамай, рўза тутишмоқда», - деди «Рубин» раҳбари. Рустам Ашурматов эса «Ахмат»га қарши ўйиндан кейин рўза тутиб ўйнаш ҳақида гапирди: «Асосий таркиб футболчиси бўлишга уриняпман, лекин ҳаммасини бош мураббий ҳал қилади. Рўза тутиб, ўйнаш қанчалик оғир? Болалигимиздан рўза тутамиз, шунинг учун бу ҳеч қандай муаммо туғдирмайди».