ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗдан дараклар: ОЧЛга чиройли қайтиш

ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗдан дараклар: ОЧЛга чиройли қайтиш

Италия. Элдор Шомуродовнинг янги клуби - «Кальяри» «А» серия 1-турида «Торино» меҳмони бўлиб, ортга 1 очко билан қайтди.

Ҳамюртимиз Туриндани Stadio Olimpico Grande Torino стадионида бўлган ўйиннинг 62-дақиқасида захирадан тушди. Клаудио Раньери бошқарувидаги жамоа 2-тур ўйинини 28 август куни ўз майдонида «Интер»га қарши ўтказади. 

Франция.Абдуқодир Ҳусановнинг Лига 1даги дебюти яна ортга сурилди. Аввалги мавсум чемпионатда 2-ўринни эгаллаб, ЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритган «Ланс» бу сафар ўз майдонида «Ренн» билан баҳсда муроса кўчасини танлади - 1:1. Ёш легионеримиз 1-тур ўйинида бўлгани каби захирада қолди. 

Россия. РПЛ 5-туридан ўрин олган «Рубин» - «Крилья Советов» ўйини Қозон жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Татаристон клубидаги легионерларимиздан Умарали Раҳмоналиев учрашувнинг 52-дақиқасида захирадан майдонга тушган бўлса, ҳимоя­чи Рустам Ашурматов четда қолди. «Пари НН» эса меҳмонда «Факел»га имкониятни бой берди - 0:2. Мазкур баҳсда жамоа бош мураббийи Сергей Юран ҳимоячи Иброҳимхалил Йўлдошевни83-дақиқадагина жангга ташлаган бўлса, ҳужумчи Руслан Жияновга эҳтиёж сезгани йўқ. Аббос Файзуллаевнинг Россия чемпионатидаги дебютида ЦСКА мағлубиятни тан олди. «Динамо» майдонидаги ўйинда ҳисобни «армиячилар» очишди, мезбонлар эса иккинчи бўлимдаги икки гол эвазига ғалабани ўз томонларига оғдиришди. Файзуллаевга эса фақат 87-дақиқадагина имконият тақдим этилди.

Россия қуйи лигасидаги вакилларимизга келсак, ярим ҳимоячи Вагиз Галиулин «Нефтехимик»нинг ФНЛ 6-туридан ўрин олган «Торпедо»га қарши сафар ўйини (1:2) 66-дақиқасидан эътиборан майдонда ҳаракатланди. «Алания» эса сафарда Ҳусайн Норчаевсиз ўйнаб,  «Родина»ни 2:1 ҳисобида енгди. 

Қозоғистон. ҚПЛ 20-турида «Қайрат»ни қабул қилган «Ордабаси» 90}8-дақиқада урилган ягона гол эвазига ғалаба қозониб, турнир жадвалидаги пешқадамлик мавқени мустаҳкамлади. Шимкент клуби энди энг яқин таъқибчилари - «Астана» ва «Актобе»ни 8 очкога ортда қолдирмоқда. «Ордабаси» сафидаги легионерларимизга тўхталсак, охирги ўйинда Шаҳбоз Умаров 83 дақиқа ҳаракатланган бўлса, Бобур Абдухолиқов биринчи бўлимдан сўнг алмаштирилди. Дарвоқе, Шаҳбоз 65-дақиқада сариқ карточка ҳам олди. 

Туркия. Мамлакат Суперлигасида 2-тур ўйинлари ортда қолди. Жумладан, «Ризеспор» ўз майдонида «Аланияспор»га қарши кечган баҳсда чемпионат ҳисобидан дастлабки очкони расмийлаштирди - 0:0. 1-тур баҳсда жароҳатланган Ҳусниддин Алиқулов бу сафар майдонга тушгани йўқ. Отабек Шукуров эса «Фотиҳ Қорагюмрюк»нинг «Истанбул Башакшеҳир»га қарши кечган сафар ўйини 62-дақиқасидан майдонда ҳаракатланди ва 2:0 ҳисобидаги ғалабага озми-кўп ҳисса қўшди. Ҳам­юртимиз 90-дақиқада ҳакам томонидан огоҳлантирилганини ҳам маълумот сифатида келтириш жоиз.

БАА. «Шабаб Ал-Аҳли» мамлакат чемпионати стартида «Ажман» меҳмони бўлиб, 3:0 ҳисобида устун келди. Жамоанинг иккинчи голида асосий ишни тўлиқ вақт майдонда ҳаракатланган ярим ҳимоячи Азиз Ғаниев бажарди. Оддий айтганда, ҳамюртимиз узоқ масофадан кучли зарба йўллагач, тўп раққиб вакилига тегиб, дарвоза тўрига тушди. Тўғри, бу қайдномада автогол сифатида қайд этилди. 

Беларусь. Мамлакат чемпионати 18-туридан ўрин олган «Нафтан» - «Энергетик-БГУ» учрашувида 4:0 ҳисоби қайд этилди. «Талабалар» сафидаги ҳамюртимиз Амирбек Бақоев ушбу омадсиз ўйинни бошланғич таркибда бошлади, аммо 31-дақиқада захирага олинди. Яқиндагина «Энергетик-БГУ» таркибига қўшилган Рустам Турдимуродов эса 63-дақиқадан эътиборан майдонда ҳаракатланди. 

Таиланд. Яқиндагина Таиланднинг «Патум Юнайтед» клубига ўтган Игорь Сергеев ОЧЛ саралаши «плей-офф» босқичидан ўрин олган «Шанхай Порт» (Хитой)га қарши учрашувнинг бош қаҳрамонига айланди. Ўйиннинг 11, 25 ва 61-дақиқаларида ўз номига гол ёздириб қўйган ҳамюртимиз янги клубининг 3:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Таиландликлар шу тариқа Хитойдан ОЧЛ гуруҳ раунди йўлланмаси билан қайтишди. Айтиш ўринли, Сергеев ОЧЛда охирги марта 2020 йили «Пахтакор»нинг «Шаҳр Ходро» (Эрон) клубига қарши ўйинида гол қувончини туйганди. Умуман, Игорь турнирда биринчи марта «хет-трик»га эришди жами голлари сонини 19тага етказиб қўйди.