Легионерларимиздан дараклар: Сергеев, Ўрунов, Яхшибоев, Умаров, Исаев..

Легионерларимиздан дараклар: Сергеев, Ўрунов, Яхшибоев, Умаров, Исаев..

Vesti.kz сайти transfermarkt портали портали маълумотлари асосида Қозоғистон Премьер-лигасининг энг қимматбаҳо футболчилари рейтингини янгилади.

Диққатга сазовор томони, янги рўйхатнинг 1-қаторида «Тобол» клуби ҳужумчиси Игорь Сергеев қайд этилди. Айни пайт Ўзбекистон миллий жамоаси аъзосининг трансфер қиймати 1,7 миллион еврога тенг ва бу қўшни мамлакат чемпионатидаги энг юқори кўрсаткичдир. 2-ўриндан жой олган «Қайрат»нинг польшалик ярим ҳимоячиси Яцек Гуральски трансфери 1,6 миллион еврога баҳоланган. Айтиш ўринли, Польша миллий жамоаси аъзосининг аввалги баҳоси 1,8 млн. евро эди, демак, у баҳо масаласида 200 минг евро йўқотган. Кучли учликда икки футболчи қайд қилинди - Хосе Канте («Қайрат») ва Муҳаммад Камара («Астана») - 1,4 миллион евро. Маълумот учун, 29 ёшли Сергеев жорий мавсум ҚПЛ доирасидаги 15та ўйинда майдонга тушиб, 6та гол урди. У айни пайт тўпурарлар қаторида бормоқда. «Тобол»га келсак, амалдаги чемпион 25 очко билан 3-ўринда бормоқда.

***

«Химки» кузатув кенгаши аъзоси Роман Терюшков жамоанинг «Спартак» ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов учун курашаётгани ҳақидаги хабарларга яна бир марта муносабат билдириб, алоҳида баёнот берди: «Ўруновга қизиқаётганимизга асос сифатида унинг кенгайтирилган рўйхатда борлиги кўрсатилмоқда. Лекин футболчининг фамилияси 100 нафар номзодни ўз ичига олган қоғозда қайд этилгани ҳеч нарсани билдирмайди. Ўрунов учун ҳеч қандай кураш кечаётгани йўқ. Фақат трансферлар бозорини кузатяпмиз. Ўруновнинг ёш ўйинчи экани талабимизга мос, холос. Ҳали якуний қарор қабул қилинмаган. Жуда кўп провакация бор, миш-мишлар авж олмоқда. Айримлар шу йўл билан жамоага қўшилиб олишни исташади», - деди  Роман Терюшков. Аввалроқ Россия матбуотида «Химки» Ўруновни «Спартак»дан ижара келишуви асосида олиши, агар Москва клуби ўртадаги шартномани бекор қилса, уни тўлиқ трансфер қилиши ҳақида хабар тарқалганди. Айтиш жоиз, Остонга РПЛга қайтган Москванинг «Торпедо» клуби ҳам даъвогар эканлиги хусусида ҳам маълумотлар бор. 

Дарвоқе, «Спартак» сардори Георгий Жикия РПЛнинг энг кучли 5 нафар ёш футболчиси қаторига Остон Ўруновни ҳам киритди. Жикия талқинидаги бешлик: Михаил Игнатов, Хамид Агаларов, Эдуард Сперцян, Руслан Литвинов ва Остон Ўрунов.

***

Жасур Яхшибоев «Легия» клубини тарк этди. Бу ҳақда Польша клуби расман маълум қилди. Томонлар ўзаро келишувига кўра, амалдаги шартномани бекор қилишди ва «Легия» футболчимизнинг ке-йинги фаолиятида омад тилади. Маълумот учун, Жасур Яхшибоев 2021 йилнинг февраль ойида «Легия» таркибига қўшилганди. Ҳамюртимиз ўтган мавсумни «Шериф» клубида ижарада ўтказганди.

***

Беларуснинг БАТЭ клуби ярим ҳимоячиси Шаҳбоз Умаров фаолиятини Қозоғистон чемпионатида давом эттирса керак. Ҳарқалай, «Ордабаси» 23 ёшли футболчини мавсум охирига қадар ижара келишуви асосида ўйнатиш масаласини ҳал қилгани ҳақида хабарлар бор. Олдинроқ БАТЭ бош мураббийи билан келишмовчилик ортидан ўйин амалиётисиз қолаётган ҳам-юртимизга «Актобе» томонидан қизиқиш бўлгани ҳақида хабарлар чиққанди. Эслатма,  «Пахтакор» тарбияланувчиси ҳисобланган Умаров 2020 йилдан буён Беларусь чемпионатида тўп сурмоқда. Ҳамюртимиз дастлаб «Энергетик-БГУ» шарафини ҳимоя қилди, кейин ёрқин ўйинлари ортидан БАТЭга кўчиб ўтди. Жасур жумладан, 2021 йилги мавсумда Борисов жамоасининг жами 36та ўйинида иштирок этиб, 6та гол ва 9та самарали узатма муаллифига айланди. Аммо жорий мавсум аввалида мураббий билан тортишиб қолди ва захирада ўтиришига тўғри келди.
***
Тожикистондаги яна бир ярим ҳимоячимиз Муҳаммад Исаевнинг Душанбенинг «Истиқлол» клуби билан амалдаги шартнома якунига етгани ва томонлар келишувни узайтирмасликка қарор қилгани ҳақида эълон қилишди. 27 ёшли яримҳимоячи Тожикистон чемпиони сафида ярим мавсум фаолият олиб бориб, Осиё Чемпионлар лигасида гол муаллифига айланганди. 
Шунингдек, душанбеликлар россиялик ҳимоячи Никита Чичерин билан ҳам келишувни бекор қилган. 
Маълумот учун, Исаев бунгача «Металлург», «Динамо», ОКМК ва «Андижон» клублари шарафини ҳимоя қилган.