АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
ЖЧ-2022 аввало, дарвозабонлар учун аталган экан!
Марокаш ва Хорватия терма жамоаларининг ярим финалга чиқишида айнан киперларнинг ўрни беқиёс! Ҳар икки жамоа иштирокидаги чорак финал учрашувларини кузатиш асносида шундай хулосага келдикки, дарвозабон ярим жамоа эмас! Бу таъриф Ёсин Буну ва Доминик Ливакович қадрини анча-мунча тушириб юборади. Зеро, ҳар икки дарвозабон ярим эмас, балки ўз жамоасининг 90 фоизи эканлигини исботлади, гўё. Марокашликлар-ку ўйин давомида тез-тез ҳужумга ўтишди, асосий вақтда мақсадга эришишди. Хорватия термаси футболчилари эса чорак финал учрашувининг асосий вақтида бразилиялик афсунгарлар тўпланган жамоа дарвозаси томон деярли зарба йўллашмади, йўллай олишмади. Айниқса, иккинчи бўлимда Неймар етакчилигидаги тўп афсунгарлари Доминик Ливакович қўриқлаган дарвоза атрофида қандай ҳунарлар кўрсатишганини бутун дунё ҳаяжон ичра томоша қилди. Нималар бўлмади-я ўша лаҳзаларда?! Пенальтилар сериясида яна хорватлар ғалаба қозонишгани ҳақидаги маълумот энди қуруқ тарихдир. Бу тарих ёзилиш асносида қандай воқеалар ичра қолганини кўриш, томоша қилиш завқи бутунлай бошқача. Неймар ва унинг жамоадошлари тўпни ҳар ҳунарга солиб, зарба йўллаб кўришди, лекин Ливакович фантастик маҳорат ва матонат эвазига учрашувнинг асосий вақтида дарвозаси дахлсизлигини таъминлади. Доминикка офариннинг энг каттаси!
Ўйин пайти миллий жамоамиз дарвозасини Доминик Ливакович каби матонатли кипер қўриқлашини орзу қилганимиз ҳам рост. Бизники каби ҳимояси бўш жамоалар учун Ливаковичдек эпчил-қўрқмас дарвозабон сув ва ҳаводек зарур! Ярим финал ва финал учрашувларидан олдин ҳеч иккиланмай баралла айтиш мумкин, Қатар мундиали Ливаковични қаҳрамонга айлантирди! Ҳа, Ўзбекистон миллий жамоасида хорватияликка ўхшаш дарвозабони бўлса, юки ерда қолмаслиги аниқ. Бунда ЖЧ-2026га боришимиз ҳам муқаррар! Жалолиддин Машарипов, Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров каби етакчи футболчиларимиз ҳам маҳорат бобида бразилияликларга яқинлашолмасликларини жуда яхши биламиз, тўғри тушунамиз. Лекин қаранг, Неймар шунча маҳорати билан Ливакович дарвозасига амаллаб 1тагина гол урди ва ярим финал марраси остонасида қолиб кетди. Ҳаммасига «айбдор» - Ливакович! Aлиссон эса Ливакович бўлолмади. Ҳолбуки, унинг рейтинги хорватиялик амплуадошиникидан анча баланд, ҳозирча натижалари ҳам салмоқли. Бугунги кун факти эса бошқача - Ливакович том маънода Алиссондан устун! Бу дарвозабонни Хорватия терма жамоасининг 90 фоизига тенглаштирганимиз учун Лука Модрич мухлислари асло ўпкаланишмасин! Ҳозирги ҳолатда қолган 10 фоиз ҳам Лука ва унинг шериклари учун катта баҳо! Ҳа, хорватиялик футболчилар пенальтилар сериясида Aлиссонни мутлақо ожиз қолдиришди. Сречко Катанец шогирдлари пенальти тепишни ҳам Хорватия терма жамоаси аъзоларидан ўрганишсин! Зарбалар аниқ ва кучли! Уларнинг муаллифлари совуққон ва хотиржам! Гўё Доминик Ливакович ва Лука Модрич омадни навбати билан қўлма-қўл алмашиб туришгандек. Бунақаси кам учрайди футбол тарихида. Агар воқеалар ривожи Ливакович сценарийси асосида давом этса, 18 декабрь оқшоми ЖЧ-2018 финали такрорланса, не ажаб?!
Энди бир тасаввур қилинг: ЖЧ-2026 гуруҳ босқичи, майдонда Бразилия ва Ўзбекистон миллий жамоалари ўзаро куч синашмоқда. Aламли мундиаллардан сўнг бироз ёши ўтиб қолган Неймар жон аччиғида бош жамоамиз ҳимоя чизиғи ва дарвозабонига босим ўтказиш ҳаракатида. Ўша босимга тайёр бўлишармикан вакилларимиз?! Хоҳлашса, тайёр бўлишади! Aна, Ливакович ва Йошко Гвардиол ўзларини мукаммал даражада тайёрлай олибдилар-ку! Жаҳон футболи шундай тараққиёт босқичига етдики, энди унда ҳар қандай ишни амалга ошириш имконияти мавжуд. Бу хулосанинг яна бир исботи - Марокаш терма жамоасининг ярим финалга чиққани. Тўғри, Африка вакилининг аксарият футболчилари кучли бешлик сирасига кирувчи лигаларда тўп суришади. Бошқача айтганда, катта қозонда қайнашади чинакамига. Бироқ катта қозон ичига тушишнинг ўзи билан бирор натижага эришиб бўлмаслигини Aнглия терма жамоаси мисолида кўрдик. Гарри Кейндек забардаст ҳужумчи ой сари зарба йўллаганидан кейин нима ҳам дердик?! Балки шу зарба оқибати ўлароқ, инглизларнинг жаҳон чемпиони бўлиш орзулари энди 60 йилга чўзилди. Эҳтимол, Aнглия терма жамоаси ўзининг энг юксак мақомини 60 йиллик танаффусдан сўнг қайта исботлар... Бунисини энди Ўзи билади - бандалари тахмин қилишга ҳам ожиз. Aхир қанча-қанча башорат-анализ-прогнозлар шунчаки, сувга оқди-кетди, ўзини оқламади. Гап маҳорат, иқтидорга боғлиқ бўлганида, Бразилия ва Португалия терма жамоалари ярим финалга чиқмасмиди?
Бугун футбол дунёси шу ҳақиқатни тан олишга мажбур: Марокаш миллий жамоаси ярим финалга чиқишни уддаладими, демак, мундиал иштирокчилари сони кўпайган сари бошқа орзумандлар учун ҳам имкониятлар эшиги очилаверади. Ёсин Буну ва унинг жамоадошлари чорак финал учрашуви якунланганидан кейин «Буни Марокаш дейдилар!?» номли рақсни ижро этишганида, бетараф мухлислар завқ билан ҳайқиришди. Aлбатта, Криштиану Роналду каби даҳо футболчи учун мундиалнинг бундай қайғули хотима топиши ачинарли. Нима ҳам дердик, марокашликлар тўплаган орзу-умид, иштиёқ-ғайрат ва омад-сабот Роналду даҳосидан устун экан-да?! Шундай қилиб, жаҳон чемпиони бўлиш йўлида бир-бири билан эрта учрашишдан қочган Испания ва Бразилия терма жамоалари бармоғини тишлаганча алам билан ортга жўнади. Югурганники эмас - буюрганники-да! Йўқ, бу сўзлар Хорватия терма жамоаси қатъиятини пасайтирмайди асло! Ахир бу жамоа қаторасига иккинчи марта мундиал ярим финалига йўл олди! Иккинчи бор жаҳоннинг энг кучли 4та терма жамоаси ичида! Ҳазилакам натижа эмас бу кичик мамлакат вакиллари учун! «Мовий гвардия» (Италия термаси) кетма-кет иккинчи марта мундиалдан қуруқ қолган, бундестим (Германия термаси) шу аснода гуруҳ босқичидан ўтолмаган бир паллада Златко Далич шогирдлари яна ярим финалда! Қойил! Офарин!
Хорватлар шундай ажойиб натижалар қайд этаётган бир даврда бизнинг миллий жамоамиз пенальти тепишни ҳам тузук-қуруқ эплолмаган японлар қўйган тўсиқдан ўтолмай, ҳамон мундиал орзусида яшамоқда! Бўлди энди. Фақат орзу билан яшаш вақти ўтди. Мундиал жаҳон чемпиони номини янгилаш даврига қадам босмоқда. Мундиал ярим финалчилари даврасига Хорватия термасидан сўнг Марокаш жамоаси ҳам шиддат билан ёриб кирди. ХХ асрнинг 30-60-йиллари жаҳон футболи Венгрия ва Чехословакия каби терма жамоалар натижаларидан ҳайратланарди. Жаҳон футболига яна ўша даврлар қайтмоқда, яна кўпчилик назарида ўртамиёна ҳисобланадиган терма жамоалар мундиал соврини учун курашга отланмоқда. Шундай вазиятда қўл қовуштириб ўтириш ярашмайди. Хорватия термаси бразилияликлар босимига бардош бериб, ғалаба қозонишни уддалаётган бир пайтда нима сабабдан вакилларимиз Япония ёки Жанубий Корея терма жамоаларидан устун чиқолмасликлари керак?! Устун чиқишлари шарт! Устун бўлолмаслик энди мумкин эмас! Олға, Ўзбекистон!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789