“Локо” ҳам 2023-йилги сарф-харажатлари сметасини ҳимоя қилди

“Локо” ҳам 2023-йилги сарф-харажатлари сметасини ҳимоя қилди

2022-йилги мавсум олдидан клублар илк марта ўз сметаларини ЎФАга келишиш  учун тақдим этишган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 30 апрелдаги “Футбол клублари фаолияти  самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 261-сонли қароридан  келиб чиқиб, Мусобақалар регламентига Суперлига ва Про лига клублари йиллик харажатлари сметасини ФИФА ҳамда ОФК талабларини инобатга олган ҳолда ЎФА билан келишиши масаласи киритилганди. 
Эндиликда 2023-йилги мавсум олдидан ҳам ушбу жараён бажарилмоқда.  Фақат бу сафар клублар иккита босқичда сметаларини ҳимоя қилишмоқда.
Дастлаб клуб 2022-йилги сметадан ўрин олган маблағлар қандай сарф  этилгани бўйича комиссия аъзоларига ҳисобот беряпти. Шундан кейингина клубга 2023-йилги мавсум учун харажатлар сметаси  лойиҳасини ҳимоя қилишга рухсат  бериляпти.
Профессионал футбол клубларига ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишини мониторинг қилиш, клубларнинг инфратузилма ва академияни ривожлантириш, шунингдек, майдонларни халқаро стандартларга мослаштириш ва уларни сифатли сақлашга йўналтиришини таъминлаш мақсадида футбол клубларининг йиллик харажатлар сметаси ЎФА, ЎзПФЛ ҳамда мустақил аудиторлардан ташкил топган комиссия томонидан ўрганиб чиқилмоқда.
Ҳозирга қадар “Шўртан”, “Сўғдиёна”, “Хоразм”, “Андижон”, “Металлург” каби клублар ЎФА комиссияси олдида сметани ҳимоя қилишди. Бугун “Локомотив” футбол клуби ҳам ортда қолаётган йилги сарф-харажатлар юзасидан ҳисобот берди, шунингдек, янги мавсум учун йиллик сметани ЎФА комиссияси олдида ҳимоя қилди. 
Шу тартибда Суперлига ва Про лиганинг барча қолган иштирокчилари ҳам ўз сметаларини ЎФА комиссиясига тақдим қилади. Йиллик харажатлар сметаси ЎФА комиссияси томонидан маъқулланганидан кейингина клубларга янги мавсум учун ЎзПФЛда рўйхатдан ўтишга рухсат берилади.

Айтганча, олдинроқ “Шўртан” смета бўйича ҳимояни бошлаб берган эди...