Лука Модрич: «Мадрид» - жонажон уйим»

Лука Модрич: «Мадрид» - жонажон уйим»

Испаниянинг нуфузли спорт нашри - Marca яқинда «Реал» фахрийси - Лука Модрични «Афсона» мукофотига лойиқ кўрди.

Бу хорватиялик футболчининг бутун фаолияти давомидаги хизматлари ва жаҳон спортига қўшган ҳиссаси эътирофидир. «Қироллик клуби» расмий сайти Лукани навбатдаги шахсий соврин билан мукофотлаш баробарида ундан махсус интервью ҳам олди.

- Лука, айтингчи, футболда нимани кўпроқ қадрлайсиз?

- Мухлислар муҳаббатини! Улар мени жуда яхши кўришларини биламан - ўйинларда ҳам, кўчада ҳам ҳамиша қўллаб-қувватлашади. Ҳаммаси ақл бовар қилмас даражада ва чексиз меҳр учун мухлислардан миннатдорман. Қиёси йўқ қўллаб-қувватлаш ва ишончга жавобан ҳар доим «Реал» либосида бор кучимни сарфлашга ҳаракат қиламан.

- Шунингдек, «Мадрид»га чексиз муҳаббат билан ҳам...

- Албатта. «Реал Мадрид» - бу ҳаётим мазмуни, жонажон уйим. Клубда ўзимни ўта енгил ҳис қиламан. Илк кундан шундай. Тўғри, бошида ҳамкорлигимиз шунча узоқ давом этишига ишонмагандим. Ҳозирги ҳақиқат битта: «Мадрид»нинг ажралмас бир бўлагиман - чинакам «мадридист»! Умрбод шундай бўлишидан умидворман, албатта.

- Майдонда энг қўпол рақиблар ҳам сизга ҳурмат билан ёндашишади. Бунинг қандайдир сири борми?

- Йўқ, шунчаки, рақиблар ва уларнинг мухлисларига ҳамиша ҳурмат сақлайман. Бу профессионал спортда жуда муҳим. Рақиблар тўғри муносабатимни кўришади ва шунинг учун мени ҳам ҳурмат қилишса керак.

- «Реал» ЧЛга яралгандек. Бу борада нима дея оласиз?

- ЧЛ ўйинлари вақти «Бернабеу»да нималар содир бўлишини сўз билан ифодаш жуда қийин. Ғалабаларимиз айни шу сеҳрли муҳитга боғлиқдир балки. Айнан стадиондаги ҳолатдан куч олиб, таслим бўлмаймиз, охиригача курашамиз. Умуман, «Реал» сафига қўшилган футболчининг ўзи табиий равишда шунга мослашади, ўрганади. Очиғи, бошқача тушунтириш иложсиз. Умид қиламанки, бу жиҳатни ҳеч қачон йўқотмаймиз.

- «Мадрид»даги энг сеҳрли дақиқалар...

- Шахсан мен учун энг сеҳр­лиси - бу «Десима» (ЧЛдаги 10-ғалаба). Ҳаммаси ақлга сиғмас даражада ривожланган эди. Ўша ғалаба лаҳзалари табиий равишда хотирамга абадий муҳрланган.

- «Афсона» мукофотига лойиқ кўрилишингизни кутганмидингиз?

- Аввало, Marca нашрига эътироф учун раҳмат айтишим керак. Нафақат Испания, балки бутун дунёда бундай нуфузли нашрдан мукофот олиш шарафдир. Жаҳоннинг кўзга кўринган спортчилари билан бир қаторда бўлиш эса икки ҳисса ёқимли. Оилам ва мени қўллаб-қувватлаётган жамоадошларим, йиллар давомида бирга ишлаган мураббийлар - барчадан миннатдорман. Ҳа, ҳар доим индивидуал сов­риндан кўра, жамоавий натижани афзал кўришимни айтаман, аслида бундай эътирофдан бошим осмонга етиши ҳам - айни ҳақиқат.

- Футболда ортда қолган йилларга қа-раб, биринчи навбатда нималарни эслайсиз?

- Менга тўп билан ўйнашни отам ўргатган. Қандайдир янги нарсани синаб кўриш имконияти туғилиши ҳамоно кўчага чиқардик. Ярим ҳимояда ўйнаш мен учун табиий жараён. Болалигимдан айнан марказда ҳаракатланганман, бунда на бир сир ва на бир ғайриоддийлик бор.

- Лекин муваффақиятлар замирида болаликдаги машаққатли меҳнат борлиги тайин...

- Йўқ, машаққат ҳақида гапириш ортиқча. Чунки болаликдан ўз ишимни қалбан бажарганман, яъни машғулотларда ҳам завқланардим. Ҳа, орзуларни амалга ошириш йўлида жиддий шуғулланишингиз керак. Лекин бунда ўзингизга ишонишингиз ва ҳар куни ишингиздан роҳатланишингиз муҳимроқ. Тан олиш керак, футболчи бўлиш қийин, шунинг баробарида жуда ёқимли ҳам. Агар кун келиб, «Реал»дек жамоада ўйнасангиз, барчаси эсингиздан чиқади - бу сиз учун энг яхши мукофот.

- «Реал»нинг охирги «ремонтада»лари ҳақида кўп гапиришяпти. Булар қандай амалга ошди?

- Энг қийин ўйин «Сити»га қарши кечди, чунки деярли вақт қолмаганди. Муҳими, жамоа  охиригача ишонди, мухлислар ҳам - бу «Мадрид» ДНКсининг бир қисми. Охир-оқибат, ҳаммаси барчамиз хоҳлагандек бўлди. «ПСЖ» билан баҳсни эса энг қизиқарлиси сифатида тилга оламан: 15 ёки 20 дақиқалик жиннилик, ўша оқшом «Бернабеу»да нималар бўлганини тушунтириш қийин. Бу бизни Париж сари етаклаган ажойиб йўлнинг бошланиши эди.

- Хўш, фаолиятингизни «Мадрид»да якунлаш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Умид қиламанки, худди шундай бўлади. Ўзингиз ўйланг, қадрдон уйингиздан чиқиб кетишингиз нақадар қийин... Асосийси, клубда ҳам, шаҳарда ҳам бахттиёрман, одамларнинг қўллаб-қувватлашларини яққол ҳис қиламан. Оилам ҳам ҳаммасидан мамнун. Шундай экан, ажралиш ҳақида ўйлаш ортиқча. Бу ерда имкон қадар узоқ вақт қолиб, бутсаларимни «Мадрид» футболчиси мақомида михга илишни хоҳлайман.

Marca нашри ЧЛдаги иштирок учун клублар қанча мукофот пули олишини эълон қилди. УЕФА 3та еврокубок турнири иштирокчиларига жами 2,7 миллиард евро ажратган. Шундан 2,03 миллиарди ЧЛ ва Европа суперкубоги қатнашчиларига тегади. ЕЛнинг улуши - 465 миллион евро, КЛники - 235 миллион евро.

ЧЛ мукофот жамғармаси тақсимоти (ҳар бир клубга)

Гуруҳ босқичидаги иштирок учун - 15,64 миллион евро

1та ғалаба учун - 2,8 миллион евро

1та дуранг учун - 930 минг евро

1/8 финалдаги иштирок учун - 9,6 миллион евро

1/4 финалдаги иштирок учун - 10,6 миллион евро

1/2 финалдаги иштирок учун - 12,5 миллион евро

Финалдаги иштирок учун - 15,5 миллион евро

УЕФА шунингдек, клубларга коэффициент бўйича 600,6 миллион еврони тақсимлаб беради. Энг паст коэффициентга эга клуб 1,1 миллион евро олса, энг юқори коэффициент соҳибига 36,4 миллион евро тегади. Жорий жадвалда «Реал» пешқадамлик қилмоқда. Демак, ЧЛнинг янги ғолиби жами 123,8 миллион еврога эга чиқади.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади