Мануэль Локателли: «Юве»да алмаштирилмас одам йўқ»

Мануэль Локателли: «Юве»да алмаштирилмас одам йўқ»

Яқиндагина «Ювентус»нинг тўлақонли футболчисига айланган ярим ҳимоячи Мануэль Локателли DAZN телеканалида йўлга қўйилган «Бирга бир» интервью дастури меҳмони бўлди.

Турин суперклуби расмий сайти эса қизиқарли суҳбатнинг эътиборга молик қисмини мухлисларга ҳавола қилди. «Ҳар қандай ҳолатда позитив кайфиятни сақлаб қолиш керак. Мураббий ҳамиша юқори иштиёқ билан ишласак, ўйин ўз-ўзидан яхшиланишини айтади. Мана, «Аталанта» ва «Лацио»га қарши баҳсларда чакки кўринмадик, энди шундай давом этиш шарт. Ҳар бир футболчида ўзига хос хусусиятлари бор. Фақат уларни юзага чиқариш учун максимал даражада интилиш талаб этилади», - де-ди Мануэль жум-ладан.

- «Салернитана» билан ўйин арафасида футболчилар ўзаро алоҳида гаплашиб олибдилар. Сир бўлмаса, нимани муҳокама қилдинглар?

- Данило ўйиндан олдин ўзаро гаплашиб олиш кераклигини айтганидаёқ барчасини теран тушундим, чунки жиддийлашиш талаб этиларди. Қисқаси, клуб атрофида содир бўлган воқеаларга эътибор қаратмасдан максимал очко олиш учун курашишга келишиб олдик. Зеро, бошқарув тизимига таъсир ўтказолмаймиз. Вазифамиз - шунчаки, очко тўплаш ва барча турнирларда олдинга силжиш. Жумладан, мен ўйинга нисбатан нолойиқ муносабатда бўлишга ҳаққимиз йўқлиги ҳақида гапирдим. Муҳими, ўша муҳокамадан кейин ҳаммаси яхши томонга ўзгарди.

- Ҳозирда сизни жамоанинг бўлажак етакчиси сифатида эътироф этишмоқда. Бунга қандай қарайсиз?

- Мураббий сўзларини эшитдим ва бундан ўзгача тўлқинландим. Муҳим футболчига айланиш учун муайян ўйинлар эмас, балки бутун мавсумни юқори савияда ўтказиш керак. Чин етакчи ҳамиша, айниқса, энг қийин паллада ўз фазилатларини намоён этиши шарт. Устувор мақсадим - ўйин бобида изчил ўсишга эришиш. Айни пайт умумий ҳолатимдан мамнунман ва ўзимни яхши ҳис қиляпман.

- «Юве»дан 15 очко олиб ташлангач, футболчилар қандай ҳолатга тушишди?

- Шубҳасиз, бундай жиддий санкция ҳар қандай футболчига акс таъсир кўрсатади. Муҳими, ўзаро мулоқотлар асносида ўзимизни тутиб олишга уриндик. Жарима хабари чиққанидан кейиноқ умумий йиғилишда нималар ҳақида гапириш кераклиги юзасидан ёзишдик ва эртасига жамоавий муҳокамада осонгина хулоса чиқардик - 15 очкони қайтаришга уринишдан фойда йўқ. Тўғри, клуб раҳбарлари апелляция масаласини ўйлаб кўришларини айтишди, футболчилар эса фақат майдонда очко йиғишга интилишлари керак. Албатта, ҳозир турнир жадвалидаги ўрнимизга қараш ёқимсиз, аммо начора... Энди барчасини ортга суриб, олдинга интилиш керак, бошқа гап ортиқча. Жазо чораси эълон қилинганидан бир кун ўтиб, ижтимоий тармоқларга «Юве»нинг жамоавий суратини жойлаштирдик, чунки ҳақиқий эркаклар қийин паллада ўзларини кўрсатишлари керак. Эҳтимолки, шу воқеалар бизни янада жипслаштирди. Факт битта - ҳамиша клубни биринчи ўринга қўйиш, унинг ҳимояси учун бор имкониятларни ишга солиш керак.

- Ўзингизни «Юве» одамидек ҳис қиляпсизми?

- Гап ким клуб одами эканлиги эмас, балки унинг қандай роль бажараётганида. Бу ерда алмаштирилмас инсон йўқ, «Юве» ҳар доим олдинга силжийверади. Кьеллини кўп нарсаларни ўргатиб кетди, энди Бонуччи шундай қилмоқда. Клуб - биринчи ўринда. Футболчилар вазифаси эса тайин - майдонда қўлдан келганича ўйнаш ва ундан ташқарида намуна кўрсатиш.

- «Юве» учун Европа Лигасида ғалаба қозониш тўсатдан устувор вазифага айланди...

- Дарҳақиқат, бу муҳим мақсад ҳисобланади. Зеро, барча турнирларда фақат олдинга интилиш талаб этилади. Муҳими, еврокубокдамиз, демак, ғалабани кўзламасак бўлмайди.

- «Наполи» билан омадсиз ўйин ҳақида нима дея оласиз?

- Ўйиннинг эртасига Осимхен менга хабар юборганини эслашни хоҳламайман. Тан олиш керак, чиндан ҳам, жуда суст ўйнадик - ўта нохуш ҳолат. Лекин ўйлайверишдан наф йўқ, олдинга қараш мақсадга мувофиқ. Умуман, ўша ўйин иложи борича тезроқ тугашини истадим, чунки ҳаоракатимизда бирдамлик сезилмади асло.

- Миретти ва Фажоли ўйинида сезиларли ўсиш бор, тўғрими?

- Ҳар иккисига тасанно айтаман. Кечагина айнан уларнинг ҳозирги ҳолатларида эдим. Ёш футболчи учун хотиржамликни сақлаб қолиш осон эмас, чунки футболда баъзан ўйинингиз кўнгилдагидек чиқмайди. Шундай паллаларда мувозанатни ушлаш, ўзингизни тутиб олишингиз муҳим. Аллегри ҳамиша ёшларни қадрлайди, «Юве» ҳам. Миретти ва Фажоли - маслаҳатларни тўғри қабул қиладиган ва «Ювентус» либосини кийиш нимани англатишини теран тушунадиган йигитлар.

- Қайси позицияда ўзингизни эркинроқ сезасиз?

- Асосийси - ўйнаш. Фажоли, Миретти ва мен турли хил хусусиятларга эгамиз. Қаерда ўйнашимиз эса мураббий қарорига боғлиқ. 

- Футболчи сифатида нимани орзу қиласиз? Йигит сифатидачи?

- ЧЛ ва ЖЧда ғалаба қозонишга нима етсин? Яна ўзимни ота ва оила бошлиғи ролида тўлиқ англашни истайман. Ҳозир ўғлимиз туғилишини интиқлик билан кутяпмиз, менимча, оила учун энг гўзал лаҳза шу. Турмуш ўртоғим билан танлаган йўлимиз тўғри эканлигига ишонаман. Ўғлимиз март ойида дунёга келиши керак, бу борада умуман ташвишланмайман. Чунки бизда ҳаммаси яхши, дейлик, яқинда тоға бўлдим, синглим фарзанд кўрди. Демак, ҳозирча жияним билан овуниб туришим мумкин.

Блиц 

савол-жавоблар

- Дунёда сиз ёқтирган ярим ҳимоячи?

- Каземиро.

- Санремо фестивалидаги фаворитингиз?

- Менгони.

- Жамоадошларингиздан айнан кимнинг қайси ўзигагина хос хусусиятини ўзлаштиришни хоҳлардингиз?

- Ди Мария сеҳрини.

- Инсоний фазилатлардан-чи?

- Бонуччига ҳавасим баланд.

- Буффон дарвозасига «Сан Сиро»да урилган гол афзалми ёки Европа чемпионатида Швейцария термасига қарши кечган ўйиндаги «дубль»?

- Иккинчиси, албатта.

- Қайси мураббийдан кўпроқ ҳайратлангансиз?

- Де Зербидан.

Манба: jufc.ru, МУҲАММАДХОН тайёрлади