Мавсумлар оралиғида: Жамоаларимида нима гаплар?

Мавсумлар оралиғида:  Жамоаларимида нима гаплар?

Амалдаги чемпион янги йил арафасида икки нафар футболчиси билан ўртадаги шарт­нома муддатини узайтирди.

Гап ҳимоячилар Ҳожиакбар Алижонов ва Достон Турсунов ҳақида кетмоқда. Улардан биринчиси «Пахтакор»да яна 2 йил ўйнайди. «Клуб тарбияланувчиси, ўнг қанот ҳимоячиси Ҳожиакбар Алимжонов шартнома муддатини 2 йилга узайтирди. Асосий таркибда 2017 йили дебют қилган Алижонов «Пахтакор» билан 4 карра Ўзбекистон чемпионига айланиб, мамлакат кубоги ва суперкубогини 2 мартадан, Лига кубогини эса бир бора қўлга киритишга улгурди. Ҳожиакбар жамоа таркибида барча мусобақалар ҳисобидан 149та ўйинда майдонга тушиб, 7та гол муаллифига айланди. У 2024 йил охиригача «Пахтакор» учун ўйнашда давом этади», - дея хабар берди клуб матбуот хизмати. 27 ёшли Достон Турсунов эса 1 йиллик янги келишув остига имзо чекди. У «Пахтакор» сафига ўтган йил ёзда қўшилиб, Суперлига иккинчи даврасида 7та марта майдонга тушганди.

 

«НАВБАҲОР» 

Самвел Бабаян жамоасида кутилмаган йўқотиш - марказий ҳимояда катта роль бажарган сербиялик Боян Цигер «лочинлар» билан хайрлашди. Фаолия­тини Малайзияда давом эттиришга қарор қилган футболчи буни «Инс­таграм»даги саҳифаси орқали маълум қилди: «Навбаҳор»нинг барча футболчилари ва ходимларига миннатдорчилик билдираман. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари доимо қалбимда қолади. Раҳмат ва омад!» Цигер Наманган клуби таркибига 2021 йилнинг ёзида қўшилганди. У ортда қолган вақт давомида «Навбаҳор»нинг 44та расмий ўйинида майдонга тушиб, 2та гол урди. Шунингдек, ярим ҳимоячи Диёр Туропов фаолиятини «Нефтчи»да давом эттирадиган бўлди. «Навбаҳор» билан олдинроқ хайрлашган қирғизистонлик ҳужумчи Мирлан Мурзоев ҳам ўзига янги жамоа топди. У Ҳиндистон чемпионати иштирокчиси Калькуттанинг «Моҳаммедан» жамоаси билан эркин агент мақомида шартнома тузди. Мурзоев вақтида Ҳиндистоннинг бошқа клуби - «Ченнайн»да тўп сурганди.

Охирги маълумотларга қараганда, «Сурхон» сафига қўшилиши кутилган ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов «Навбаҳор» билан музокара бошлади. Ўтган мавсум «Қизил­қум»да голеадорлик маҳоратини намойиш этган 31 ёшли футболчи (23та ўйинда 13та гол ва 3та ассист) Термиз клуби раҳбариятидаги эҳтимолий ўзгаришлар ортидан «Сурхон» билан шартнома тузмасликка қарор қилган кўринади.

 

«НАСАФ»

Рўзиқул Бердиев жамоаси тайёргарлик жараёнининг иккинчи босқичи якунида ўз қароргоҳида «Бухоро» билан икки марта куч синашиб кўрди. Дастлабки баҳсда 5:1 ҳисобида устун келган «Насаф» такрорий тўқнашувда 2та жавобсиз гол урди. Уларга жамоа машғулотларида вақтинча қатнашган Бобур Абдухолиқов муаллифлик қилди. Иккинчи баҳсда «аждарлар» сафида қорақалпоғистонлик Арислан Юсупбаев ҳам кўриниш берди. «Насаф» энди 4 январь куни яна Қаршида тўпланади ва машғулотларни ўз қароргоҳида давом эттиради.

«Насаф» - «Бухоро» 5:1 (2:1) 

Голлар: Ойбек Бозоров (19), Баҳром Абдураҳимов (26), Ғолиб Ғайбуллаев (58), Ҳусниддин Алиқулов (55, 65) - Рустам 

Абдуҳамидов (14).

«Насаф»: Абдувоҳид Неъматов (Азамат Сойибов), Ҳусниддин Алиқулов, Ғолиб Ғайбуллаев (Мурод Раҳматов), Ҳусайн Норчаев, Баҳром Абдураҳимов (Абубакрризо Турдиалиев), Матеус Лима Круз, Акмал Мозговой, Сардор Саъдуллаев (Жўрабек Маннонов), Шерзод Насруллаев, Ойбек Бозоров, Умарбек Эшмуродов (Алибек Давронов).

«Насаф» - «Бухоро» - 2:0 (2:0)

Голлар: Бобур Абдухолиқов (13, 32).

«Насаф» (бошланғич таркиб): Умид Эргашев, Алибек Давронов, Мурод Раҳматов, Аслиддин Турсунпўлатов, Жўрабек Маннонов, Бекжон Раҳматов, Зафар Ҳакимов, Арислан Юсупбаев, Шоҳмалик Комилов, Абубакрризо Турдиалиев, Бобур Абдухолиқов.

Айрим маълумотларга қараганда, «Насаф» айни пайт «Олимпик» сафида шуғулланаётган Ўзбекистон олимпия термаси сардори Жасур Жалолиддинов хизматига қизиқмоқда. Тўғри, ярим ҳимоячининг хориж клублари билан музокара олиб бораётгани хусусида ҳам хабарлар бор. «Насаф» дарвозабони Абдувоҳид Неъматовнинг фаолиятини «Бунёдкор»да давом эттириши эҳтимоли катта. 

 

«ҚИЗИЛҚУМ»

Навоий клуби Жомбой туманида Про-лиганинг янги иштирокчиси - «Динамо»га қарши назорат ўйини ўтказди. Унда кучли томон аниқланмади - 0:0.

«Динамо» - «Қизилқум» - 0:0

 

«БУНЁДКОР»

«Бунёдкор» қисқа таътилдан 5 январь куни қайтади ва 14-санада Дубай шаҳрига жўнаб кетади. «Қалдир­ғочлар» режага мувофиқ, БАА йиғини давомида Россиянинг «Ростов», «Краснодар», «Локомотив» ҳамда БААнинг «Ал-Наср» клубларига қарши майдонга тушишади. Таркибдаги эҳтимолий ўзгаришларга келсак, Ўзбекистон олимпия термаси ва «Насаф» клуби дарвозабони Абдувоҳид Неъматов «қалдирғочлар» сафини тўлдиришга яқин. Ҳар ҳолда, ўзаро музокара жараёни якуний паллага келгани ҳақида хабарлар йўқ эмас.

 

«НЕФТЧИ»

«Нефтчи» раҳбарияти навбатдаги трансферларни амалга оширди. Хусусан, аввалги мавсумни «Навбаҳор»да якунлаган тажрибали ярим ҳимоячи Диёр Туропов Фарғона клуби билан расман шартнома тузди. Маълумот учун, бу футболчи мавсум-2022да аввалига «Локомотив», кейин «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилди - Суперлиганинг жами 21та ўйини (1526 дақиқа)да 2та гол ва 2та ассист. Яна бир янги футболчи - бу Анвар Ғофуров. Ушбу ҳимоячи аввалги мавсумнинг биринчи ярмини айнан «Нефтчи»да ўтказган ва ёзда «Металлург» сафига қўшилганди. Ғофуров Суперлига-2022нинг жами 23та ўйинида 2058 дақиқа тўп сурганини маълумот сифатида келтириш жоиз.

 

«МЕТАЛЛУРГ» 

Дастлабки йиғинни Бекободда ташкиллаштирган «Металлург» янги йил арафасида кичик таътилга чиқди. Футболчилар Янги йил байрамидан кейин яна Бекободда йиғилишади. Иккинчи йиғинни Луисма Эрнандес бошчилигидаги испания­лик мураббийларнинг ўзлари олиб боришади. Кутилишича, легионерлар ҳам кўрик учун етиб келишади. Тошкент вилояти ва пойтахтда ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш кўзда тутилган. Ҳозирча шартномаси муддати якунланган ҳимоячилар Фаррух Иброҳимов, Аббос Отахонов, Анвар Ғофуров, ярим ҳимоячи Ихтиёр Тошпўлатов, ҳужумчилар Бобур Фарҳодов ва Жасур Холтўраев жамоадан кетишди. Марказий ҳимоячи Одил Абдумажидов эса «Ордабаси» (Қозоғистон)даги ижара муддатини якунлаб, ортга қайтди. «Металлург» ўтган йилги таркиб ўзагини сақлаб қолди. Дарвозабонлар Александр Лобанов ва Акмал Ортиқов билан шартнома муддати узайтирилди. Шунингдек, Владимир Вагин ҳамда Ҳумоюншоҳ Сайётовнинг муваффақиятли қатнашувидан умидвормиз. Ҳимояда Муҳаммадали Алиқулов, Аброр  Тошқўзиевга хориждан қайтган Одил Абдумажидов, «Қўқон-1912»дан таклиф этилган Иван Йосович ҳамда сербиялик яна бир футболчи Филип Стаменкович ёрдам беришади. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролигига эга, АГМК ва «Қизилқум»даги фаолияти орқали танилган тажрибали Владислав Касминин ҳам ҳимояни мустаҳкамлаш салоҳиятига эга. Ярим ҳимояда катта ўзгариш йўқ. Босниялик Керим Палич билан шартнома муддати 1 йилга узайтирилди. Жамоа асосий таркиб вакиллари Худойшукур Сатторов, Шаҳзод Ғофурбеков, Иброҳим Иброҳимов, Дамир Темиров, Эргаш Исмоилов ва Беҳруз Шодмонов хизматига таянишда давом этади. Яна Ўзбекистон U-20 термаси аъзоси Шаҳзод Неъматжонов, истеъдодли ёшлар Далер Шарипов, Носир Абдусаломов, жароҳатидан қутулган Асилбек Қаюмов бор. Бу позицияда соғлом рақобатни юзага келтириш мақсадида «Сўғдиёна»дан Абдужалил Маназаров ҳамда  «Пахтакор»дан Риан Исломов таклиф этилди. Ҳужумда шартномаси муддатини узайтирган Забиҳилло Ўринбоев ва мухлислар ёқимто­йига айланган жамоа тўпурари Бектемир Абдуманнонов бор. Улардан ташқари, «Металлург»нинг олдинги қаторида «Нефтчи»да тўп­урарлик салоҳиятини намойиш этган Марко Обрадович ҳаракатланади. Легионерлар «Металлург» таркибига Янги йил байрамидан ке­йин Бекободда бошланадиган иккинчи йиғинда қўшилишади», - дея маълумот берди Бекобод клуби. 

 

«СУРХОН»

Термиз клуби раҳбарияти алмашиши мумкин. Бу ҳақда championat.asia журналисти Фахриддин Рўзиев маълумот тарқатди: «Сурхон» раҳбарияти истеъфога чиқарилган. Жамоани 2021 йили ёпилган «Оқ-тепа» клуби орқали яхши таниш бўлган Шоғуломовлар оиласи қабул қилиб олиши кутиляпти. Раҳбариятдаги ўзгаришлар натижасида Ҳамиджон Актамов ҳам Термиз клубидан кетиши мумкин. У август ойида «Сурхон» таклифини қабул қилиб, аутсайдерлар зонасида бораётган жамоани Суперлигада олиб қолганди. 44 ёшли мутахассиснинг кетиши Термиз клубининг келаси мавсум режаларига таъсир қилиши аниқ. Чунончи, «Сурхон»нинг стратегик ривожланишига жавоб берадиган Актамов 2023 йили ОЧЛ йўлланмаси учун курашадиган жамоа шакллантирмоқчи эди. Бу йўлда дастлабки қадамлар ҳам ташланган. Хусусан, Грузия чемпионатининг энг яхши футболчиси - Имрон Улад Омар, Сурия термаси асосий дарвозабони Иброҳим Алмаҳ ҳамда тажрибали ҳимоячи Анзур Исмоилов билан келишувга эришилган. Шунингдек, Темурхўжа Абдухолиқов, Шуҳрат Муҳаммадиев ва Сиявуш Ҳақназари билан музокара олиб борилаётганди. Актамовнинг кетиши бу трансферларнинг барчасини бекор қилади». Агар бу маълумот ўз тасдиғини топса, «Сурхон» бошқарувини 41 ёшли Сергей Токов қўлга олиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар бор. Маълумот учун, Токов футболчилик фаолияти давомида «Трактор», «Навбаҳор», «Динамо», АГМК ва «Сўғдиёна» каби клублар шарафини ҳимоя қилган. Тўғри, Алишер Шоғуломовнинг ўзи Термизда иш бошлаши ҳақидаги хабарларни инкор этди. «Ҳозирча ҳеч қайси жамоа билан музокара ўтказганимиз йўқ. Лекин яхши таклифларга ҳар доим очиқмиз», — деди 28 ёшли мутахассис. Бу вақтда термизлик мухлисларнинг жамоадаги ўзгаришлардан норози эканликлари айтилмоқда. Улар «Сурхон»ни Суперлигада олиб қолган Ҳамиджон Актамов кетишига қарши чиқишяпти.

 

«АНДИЖОН»

Суперлигага қайтган «Андижон» таркибини кучайтириш ҳаракатини сусайтирмаяпти. Маълум бўлишича, жамоа айни пайт Вагиз Галиулин («Нефтехимик», Россия), Сардор Азимов ва Бобур Акбаров каби футболчилар билан музокара олиб бормоқда. «Металлург» билан хайрлашган ярим ҳимоячи ва жамоанинг собиқ сардори Фарҳод Бекмуродов ҳозирда «Андижон» ихтиёрида. 28 ёшли футболчи билан шартнома тузиш эҳтимоли катта.

Яна бир хабар: «Андижон» бош директори Улуғбек Мирзаев кўрсатмасига биноан, клуб номидан Абдулҳафиз Абдулҳамидов ва Ориф Маматказин Шаҳрихонда бўлиб, футбол фахрийси Аббос Турғунов ҳолидан хабар олиб қайтишди. Унга «Андижон» томонидан совға-саломлар улашилди. Жамоа бу хайрли ишни йил бўйи давом эттиришни режалаштирган. 

 

«БУХОРО»

Суперлига дебютанти селекция ишларига зўр бермоқда. «Бухоро» ҳозирча «Металлург»дан кетган Аббос Отахонов билан келишувга эришди. Шунингдек, Ҳумоюнмирзо Иминовнинг трансфер ҳуқуқи «Пахтакор»дан тўлиқ сотиб олинди. Тайёргарлик жараёнига келсак, бухороликлар 28 декабрь куни Қаршида «Насаф»га қарши икки марта майдонга тушиб, 1:5 ва 0:2 ҳисобларида имкониятни бой беришди. 

«Насаф» - «Бухоро» 5:1 (2:1) 

Голлар: Ойбек Бозоров (19), Баҳром Абдураҳимов (26), Ғолиб Ғайбуллаев (58), Ҳусниддин Алиқулов (55, 65) - Рустам Абдуҳамидов (14).

«Бухоро» (бошланғич таркиб): Сардор Қобулжонов, Обид Жўрабоев, Аббос Отахонов, Миржалол Жумаев, Жамолиддин Убайдуллаев, Жасур Азимов, Сирож Мелиев, Файзулло Жуманқўзиев, Рустам Абдуҳамидов, Ҳумоюнмирзо Иминов, Темур Усмонов.

«Насаф» - «Бухоро» - 2:0 (2:0)

Голлар: Бобур Абдухолиқов (13, 32).

«Бухоро»: Акобир Қаюмов, Асилжон Бегимқулов, Абдухолиқ Қурбонов, Сардор Иззатов, Суннатуллоҳ Ҳамиджонов, Диёр Рамазонов, Хуршид Олимов, Азиз Пирмуҳаммадов, Иброҳим Ғанихонов, Раҳим Обидов, Акобир Тўраев. 

Захирадан майдонга тушганлар: Аслонбек Аҳроров, Мироншоҳ Рамазонов.

 

«ЛОКОМОТИВ»

«Локомотив» 20 январь - 4 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин олиб боради. Жамоа сафар доирасида 6та назорат ўйинида қатнашишни режалаштирган. Бунга қадар 22 январь кунига «Краснодар-2» ва 27-санага «Дукаджини»га қарши «ўртоқлик» белгилангани ҳақида хабар берилганди. Энди яна 2та спарринг-рақиб аниқ бўлди - Шимолий Македония чемпионати пеш­қадами «Струга Трим-Лум» ҳамда Россиянинг «Уфа» жамоалари.

22 январь: «Краснодар-2» (Россия)га

қарши

25 январь: «Струга Трим-Лум» (Шимолий Македония)га қарши

27 январь: «Дукаджини» (Косово)га қарши

2 февраль: «Уфа» (Россия)га қарши

24 декабрь куни ЎФА Конгрессидан ке­йин «Локомотив»ни Тошкентдан Хоразм ёки Самарқандга кўчириш мавзуси кўтарилганди. Бу масала ёпилди: «темирйўлчилар»нинг пойтахтда қолишлари тасдиқланди. Журналист Фахриддин Рўзиевнинг хабар беришича, «Хоразм»га янги ҳомий бириктириладиган бўлди. Бу масалада жамоага «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳам амалий ёрдам кўрсатади.

«ҚЎҚОН-1912» 

«Қўқон-1912» президенти лавозимида фаолият олиб борган Григорий Викторович Айрапетов жамоа билан хайрлашди. «Қўқон-1912»ни Суперлигада олиб қололмаганлигим учун юракда доғ ва айбдорлик ҳисси билан кетяпман. Бугун энг қийин қарорлардан бирини қабул қилдим - «Қўқон-1912»да деярли 7 ой давом этган фаолиятимни тўхтатишни лозим топдим. Бунга мажбур бўлганимдан афсусдаман. Жамоага мени таклиф қилган инсонларга ажойиб имконият учун раҳмат. Қўқондаги фао­лиятим давомида келгусида асқотадиган катта тажриба ва хулосага эга бўлдим. Лекин жамоа президенти ролидаги ишимдан қониқмадим. Кейинги раҳбарнинг жамоани янги босқичга кўтариб, тез орада Суперлигага қайтариши, юқори даражада ишлашига тилакдошман! Хурсанд қиладиган томони, жамоада тўпланиб турган қарздорлик бартараф этилди, «Марказий» стадиони ёритгичлари учун 100 фоиз тўлов амалга оширилди, ОФК талабларига жавоб берадиган янги дарвозалар олиб келинди. Мухлисларимизни ҳамиша ҳурмат қилган, қадрлаганман. Барчангизга юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман. Оғир дамларда ишонч билдирган, қўллаб-қувватлаган барча-барчага раҳмат!» - деди Григорий Викторович «Қўқон-1912» матбуот хизмати орқали.

 

«ДИНАМО» 

20 декабрдан тайёргарлик жараё­нига киришган «Динамо» бир ҳафталик йиғин якунида назорат ўйинида майдонга тушди. Жомбой туманида ташкиллаштирилган баҳсда Вадим Абрамов шогирдларига «Қизилқум» спарринг-рақиб бўлди. Натижа - 0:0.

«Динамо» - «Қизилқум» - 0:0

Самарқанд клуби энди режага мувофиқ, 5 январь куни Тошкентда тўпланади. 

Клубларнинг расмий 

сайтларидаги маълумотлардан ҳам фойдаланилди