МУНОСАБАТ: Қитъа кубогида биздан 4 нафар ҳакам ва яна ФИФА рейтинги ҳақида

МУНОСАБАТ:  Қитъа кубогида биздан 4 нафар ҳакам ва яна ФИФА рейтинги ҳақида

ОФК расмий сайти келаси йил бошига белгиланган Осиё чемпионати-2023да  ишлайдиган ҳакамлар рўйхатини эълон қилди.

Ушбу мусобақага тарихда илк марта нақ 74 нафар ҳакам жалб этилган. 12 январь - 10 февраль оралиғида бўлиб ўтадиган қитъа чемпионатига жумладан, ўзбекистонлик 4 нафар ҳакам боради - Аҳрол Рисқуллаев ва Ильгиз Танташев (рефери), Темур Гайнуллин ва Андрей Цапенко (лайнсмен). Таниқли эксперт Алишер Никимбаев шу баҳона «Телеграм»даги каналида Осиё кубогидаги ҳакамлик мавзусига оид қизиқарли маълумотларни келтирди.

*** 

- Ўзаро суҳбатларда сўрашяпти: Ўзбекистон миллий жамоасининг Мексика термасига қарши ўйиндаги дуранги ФИФА рейтингига қандай таъсир кўрсатади? Ниҳоят, Уммон термасидан олдинга ўтамизми? Жавоб: йўқ, сентябрь ойи рейтингида Уммон термаси биздан олдинда туради.

Сентябрдаги ФИФА кунлари якуни

Ўзбекистон (1327,58 балл бор эди)

Ўйинлар: АҚШ - 0:3 (-2,09 балл), Мексика - 3:3 (+2,86 балл)

Якун: 1328,35 балл

Уммон (1332,45 балл бор эди)

Ўйинлар: Фаластин - 2:1 (+4,06 балл), АҚШ - 0:4 (-2,14 балл)

Якун: 1334,37 балл

Оддий айтганда, Уммон термаси фаластинликларни енгиш асносида фарқни бироз оширди ҳам.

***

- Мана, ОФК Қатар мезбонлик қиладиган Осиё кубоги-2023да ишлайдиган расмийлар рўйхатини эълон қилди. Унда Ўзбекистондан 2 нафар рефери (Аҳрол Рисқуллаев ва Ильгиз Танташев), 2 нафар лайнсмен (Темур Гайнуллин ва Андрей Цапенко), шунингдек, техник эксперт Фарҳод Абдуллаев бор. Шунингдек, Тожикистоннинг икки вакили - захира рефериси Саъдулло Гулмуроди ва фитнес-инструктор Рустам Абдуллоев ҳам рўйхатга киритилган. Умумий ҳисобда 74 нафар ҳакам бор:

Австралия - 3 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен

Хитой - 2 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен + 1 нафар захира лайнсмени

Эрон - 1 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен 

Ироқ - 1 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен 

Иордания - 1 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен 

Япония - 4 нафар рефери + 4 нафар лайнсмен 

Ж.Корея - 3 нафар рефери + 3 нафар лайнсмен 

С.Арабистони - 2 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен + 1 нафар захира рефериси + 1 нафар захира лайнсмени 

Қувайт - 2 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен 

Малайзия - 1 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен 

Уммон - 1 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен 

Қатар - 4 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен 

Сингапур - 1 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен 

Сурия - 1 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен 

Таиланд - 1 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен

Тожикистон - 1 нафар захира рефериси 

БАА - 3 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен 

Ўзбекистон - 2 нафар рефери + 2 нафар лайнсмен

Рўйхатда аёл ҳакамлар ҳам бор:

Кейт Яцевич (Австралия) - рефери 

Йошими Ямашита (Япония) - рефери 

Макото Бозоно (Япония) - лайнсмен 

Ким Кёнг Мин (Ж.Корея) - лайнсмен

Бўлажак Осиё кубоги Ильгиз Танташев учун иккинчидир. Биринчиси - табиийки, БААда ўтган аввалги турнир. Ўшанда биздан 5 нафар ҳакам бор эди. Равшан Эрматов, Валентин Коваленко, Абдуҳамид Расулов ва Жаҳонгир Саидов фаолиятларини якунлашди. Умуман, Осиё кубоги-2019да Ўзбекистон ҳакамлар сони бўйича Япония ва Қатар билан бирга биринчи бўлганди. Энди эса атиги 8-ўринда.

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»