МУРАББИЙЛАР: Исми жисмига мос ислоҳотчи

МУРАББИЙЛАР: Исми жисмига мос ислоҳотчи

Сицилиялик Винченцо Итальяно итальян футболи анъаналарига зид йўлни танлади ва ҳақ эканлигини исботлади.

Қаторасига 3 мавсум давомида 10-ўриндан юқорига кўтарила олмаган «Фиорентина» сарфланган сармоялар ўзини оқлашидан умидини узган паллада, халоскор мураббийга дуч келди. Эндигина бош мураббий лавозимини расмийлаштирган Рино Гаттузо билан юзага келган можаро жамоа жиловини «А» сериясида бор-йўғи 1 йил ишлаган 43 ёшли Итальянога тақдим этди. Орадан 2 йил ўтгач, жамоа мавсумни 2та финал - Италия Кубоги ва ЕКЛдаги иштироки билан ниҳоясига етказди. Итальяно эса «Ювентус»да Аллегри номзодлари орасида фаворитга айланди.

Бир йил аввал мураббий DAZN мухбирига денгизнинг илоҳий қудрати ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилганди: «Денгизни кўрмасам, зерикиб қоламан. Сув мени тинч­лантиради. «Трапани» ва «Специя»ни бошқарган давримда денгизга тез-тез бориб турар ва ундан маслаҳат олардим. У доимо менга жавоб қайтарарди».

Флоренцияда денгиз йўқ, шу сабабли, мураббий денгиз билан хаёлан мулоқот қилди. Омадсизликка юз тутган 14-ўриндаги жамоани қабул қилганида, янги шогирдларини уларнинг ўзларидан бошқа ҳеч ким тўхтата олмаслигига ишонтирди, жамоа мавсумни 91та гол билан якунлади. Унинг «Фиорентина»си - тобора кучайиб борадиган ҳужумкор шиддат: «Ҳақиқий мураббий учун савиянинг аҳамияти йўқ. 2- ва 4-лига жамоаларининг маҳорати ва тактик малакаси турлича, лекин мураббий уларни бирдек илҳомлантириши шарт. Савия қай даражада бўлишидан қатъий назар, мураббий ўз шогирдларини устунроқ, деб ўйлаши керак. Агар мен жамоам ёрқин ўйнашини истасам, у албатта, ёрқин ўйнайди. Менга ҳеч ким ва ҳеч нарса - рақиблар ҳам, таркиб ҳам тўсиқ бўла олмайди».

«Фиорентина» мураббий ғоялари ҳақ эканлигини исботламоқда. Рақиб ярим майдонида тўп назорати борасида у топ-чемпионатлар вакиллари орасида етакчи ўнлик. Олдинги чизиқда тўпга эгалик қилиши эса 34 фоизга тенг. Яъни, фақат «Манчестер Сити» ва «Арсенал» ундан яхшироқ кўрсаткичга эга. Итальяно рақибларини ўз жарима майдончаларидаёқ қисиб қўяди. Унинг устунлиги Италия миқёсида янада яққол намоён бўлади. Майдондаги ҳукмронлик бобида флоренцияликлар фақат «Наполи»дан ортдалар.

«Мазкур услуб шогирдларимга рақиб ярим майдонида ўз жамоадошларини тезроқ топиб олишларида ёрдам беради. Тўпни эгаллаб олгач, фулбеклар олдинга ўтадилар, саккизликлар ҳужумчиларга айланадилар, жарима майдончасида сон жиҳатидан устунлик муҳим аҳамиятга эга», - дейди Итальяно.

Ҳужумкор ва рақобатбардош жамоани шакллантириш учун Итальяно «Юве» ва «Наполи»га нисбатан бир неча баравар камроқ - атиги 180 млн. евро сарфлади. Футбол ўзаро қарама-қаршиликда рақибига муаммолар яратишга асосланган ўйин. Аллегрига ўхшаган мураббийлар рақибларига одатий услубида ўйнаш имкониятини бермасликни ягона йўл, деб биладилар. Яъни, рақиб жамоанинг устун жиҳатларини йўққа чиқаришга интиладилар. Винченцо ғоясига кўра эса, жон сақлаш имкониятини рақиб жамоа излаши керак. У ҳеч қайси рақибидан тап тортмайди: «Сизга натижа керак бўлса, шунга яраша савияни намойиш этинг. Бу - мунтазам ҳужумкорлик, қандайдир янгиликни таклиф этиш. Рақибнинг ўйинидан келиб чиққан ҳолда тшп суриш билан ғалабага эришиш қийин. Ўз ғоянгиз бўлса, ҳар қандай рақибни маҳв эта оласиз».

«Фиорентина» - топ-лигалардаги энг очиқ жамоа

Бир ой муқаддам Statsbomb нашри ўта камёб статистика - жамоаларнинг ҳужум ва ҳимоя чоғида жарима майдончасидаги иштирокини чоп этди. Итальяно иккала графикда ҳам ажралиб турди. Ҳимоя бобида «Фиорентина» энг очиқ (4,6 нафар ҳимоячи) ва ҳужумда (2,9 нафар ҳужумчи) 5-ўриндан жой олди. Фақат «Монца», «Удинезе», «Арсенал» ва «Бавария» ундан кўпроқ ҳужумчини жалб этади. Рақамлар Итальяно футболининг шиддатидан далолат беради. Бироқ у айрим таваккалчиликлардан холи эмас. Мураббийлар майдоннинг сўнгги 20-30 метрида иложсиз қолишларини тан оладилар, жарима майдончаси олдида бўш ҳудудларни яратиш, шогирдларини бирга-бир вазиятга олиб чиқишга қийналадилар. Лекин ҳар қандай вазиятда бу футболчиларга боғлиқ.

«Фиорентина» ҳам дастлабки 80 метрда Италиянинг етакчи учлигида. Ҳужумни якунлаш сифатга боғлиқ ва бу борада муаммолар пайдо бўлади. Жамоага марказ ва қанотларда савияли ижрочилар етишмайди. Итальянонинг муваффақияти вингерларнинг қулай имкониятлардан фойдаланишлари билан боғлиқ. Агар улар дриблинг эвазига сон жиҳатдан устунликни таъминлай олмасалар, жамоа фақат қанот узатмалари ва Гонсалеснинг креативлиги билан кифояланишга мажбур бўлади. Бундан ташқари, унинг бутун жамоа билан ҳужумга отланиши рақибларига қўшимча имкониятларни беради. Тўғри, кўпинча жамоа бу камчилигини тажовузкор ҳаракатлари эвазига тўлдиради. Терма жамоанинг собиқ таҳлилчиси Антонио Гальярдининг ҳисоб, китобларига кўра, контрпрессинг туфайли тўпни рақибдан тортиб олиш борасида жамоа фақат «Наполи»дан орқада.

Юқори босим - ҳужумга кўпчилик бўлиб отланадиган жамоа учун мантиқан тўғри ечим. Лекин флоренцияликлар тўп назорати борасида айрим камчиликлардан холи эмаслар. Бунга қисман Итальянонинг тўп муомаласига оид қарори ҳам сабабчи. Унинг шогирдлари контрпрессинг пайтида ўзаро узоқлашиб кетадилар, натижада тўпни эгаллаб олган рақибда ҳужумга ўтиш учун қулай бўшлиқ юзага келади.

Кўпчилик билан ҳужумга ўтиш бошқа муаммоларни келтириб чиқарди. Ҳозир Итальянога жамоадошлари хатоларини тузата оладиган дарвозабон, ўйинни тўғри «ўқий оладиган» таянч ярим ҳимоячиси тезкор марказий ярим ҳимоячи зарур. Ўтган мавсумда жамоа мукаммал таркибга эга эди. Торрейра ўта осонлик билан марказий ҳимоячиларга дадил олға интилиш имкониятини яратган, уларнинг позицияларини Террачано ишончли қўриқлаганди.

Мутасаддиларнинг зиқналиги оқибатида Торрейранинг мувозанатни таъминлаш роли Софьян Амрабатга ўтди. Мана шу қарор Итальянони қийин вазиятга тушириб қўйди. Марокашлик футболчи дуэлни хуш кўради ва тез-тез рақиблари билан яккакурашларга киришади, унинг ҳудуди эса ҳимоясиз қолади: 3 нафар ҳимоячидан фақат Миленкович юқори тезлик ва вазиятни тўғри баҳолай олади, холос. Қўшимчасига, Влаховични топ-ҳужумчига айлантириш мақсадида мураббий Йович ва Кабрални тўпсиз ҳаракатланишга ўргатиш учун кўп вақт сарфлади. Лекин уринишлари зое кетди. Шу тариқа қудратли «Фиорентина» биринчи даврада 6та ғалабага эришди ва февраль ойида 15-ўринга тушиб кетди. Ўшанда мураббий шогирдларига далда берди: «Томоғингизгача сувга ботган пайтингизда, бундан баттарроқ ҳолатда бўлганингизни эсланг ва кўтарилишга интилинг. Ҳаракат қилинг, хатоларни тузатинг. Сиз курашишга мажбурсиз».

Итальяно жамоани шу тариқа янги шароитга мослаштирди. У Амрабатни ҳам ўз услубига мослаштирди, ке­йин вингерларни янада олдинроққа ўтказди. Қўшимча юкламаларни таянч ярим ҳимоячилар ва фулбеклар зиммасига юклади. Ана шу ўзгаришлар ўз самарасини берди: баҳор босқичида «Фиорентина» «А» сериясида 3-натижани қайд этди. Ҳа, жиддий ижобий силжиш! Лекин Итальянонинг муаммоларни қандай ҳал қилгани ҳаммасидан устун. Унинг ўрнида 100 нафар касбдошининг 99 нафари қалтис ечимдан қочиш мақсадида оғирлик марказини пасайтирган бўларди. Винченцо эса янада баландроққа кўтарди. Мана шу ечими унинг итальян футболига зид ислоҳотчи эканлигини тасдиқлайди: унинг ёрқин ўйин кўрсатишига ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Чунки чегара йўқ - олдинда фақат уфқлар бор!

Содиқ СОБИР тайёрлади