МУРАББИЙЛАР: Саргузаштпараст Санту

МУРАББИЙЛАР: Саргузаштпараст Санту

Профессионал футболдаги фаолиятини «Витория» клубида бошлаган Нуну 1996 йилга шу жамоада тўп суриб, кейин Испаниянинг «Депортиво» клубига йўл олди.

Янги жамоадаги 6 мавсумнинг ярмини у Ла-Каруньяда ўтказди. Кейинги 3 мавсумнинг 2тасида «Мерида» таркибида, сўнггисида «Осасуна» сафида ижара шартномаси асосида тўп сурди. Шундан кейин дарвозабон Португалияга қайтиб, «Порту» клуби сафидан жой олди ва Витор Байянинг ишончли ўринбосарига айланди. Жумладан, Нуну 2004 йилда бўлиб ўтган қитъалараро Кубок турнири доирасидаги «Онсе Кальдас» клубига қарши беллашувнинг овер-таймида захирадан майдонга тушиб, пенальтилар сериясида «Порту»нинг ғалабасини таъминлади. 

ҚисҚача маълумот:

Нуну Эрландер Симойнш Эшпириту Санту - португалиялик собиқ футболчи ва мураббий. Ихтисоси - дарвозабон. 5 мартадан Португалия чемпиони унвони ва Португалия Кубокларига сазовор бўлган. Шунингдек, «Порту» таркибида ЕЧК турнирида ғолиб чиққан.

Футболчилик фаолияти


2005 йилда дарвозабонни «Динамо»га сотиб юборишди. Нуну бу жамоада 12 марта майдонга тушди, 3та учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди, омадсиз мавсумдан кейин яна Португалияга йўл олди ва бу сафар «Авеш» клубида тўп сура бошлади. Жамоа олий дивизионни тарк этгач, қадрдон «Порту»га қайт­ди.

Терма жамоадаги фаолияти

Евро-2008 турнири арафасида Португалия ёшлар терма жамоасида ўйнаётган Нуну асосий жамоадан чорлов олди. Сабаби, терма жамоанинг асосий дарвозабони бўлган «Бенфика» посбони жароҳат олгани туфайли, турнирда иштирок эта олмаслиги маълум бўлганди. Бироқ шунда ҳам Нунуга миллий жамоа дарвозасини қўриқлаш насиб этмади.

Мураббийлик фаолияти

2012 йил, май. Португалиянинг «Риу Аве» клуби муаммолар гирдобида. Клуб раҳбарияти Карлуш Бриту билан шартномани бекор қилди. Сабаб - жамоанинг қониқарсиз натижалари. Айни шу паллада Нуну Эшпириту Санту унинг ўрнини эгаллади. Ўзининг иккинчи мавсумида янги бош мураббий жамоани Португалия Кубоги турнирида финалга олиб чиқди. Мазкур муросасиз учрашувда Санту шогирдлари минимал ҳисобда «Бенфика»га имкониятни бой беришди. Кейин Лига Кубогининг финалида ҳам лиссабонликлар клубидан 0:2 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олишди. Мавсумни 11-ўринда якунлаган «Риу Аве» ўз тарихида биринчи марта ЕЛнинг 3-саралаш босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. 2013/14 йиллар мавсумидан кейин жамоани тарк этди.

2014 йилнинг 4 июлида Нуну Эшпириту Санту Испаниянинг «Валенсия» клуби билан 1 йиллик шартномага имзо чекиб, жамоа бошқарувини ўз зиммасига олди. Бироқ январда португалиялик мутахассис ҳамкорликни яна 3 йилга узайтиришга розилик билдирди. 2014/15 йиллар мавсумини «кўршапалаклар» 4-поғонада якунлаб, ЕЧЛнинг плей-офф босқичи йўлланмасини нақд қилишди. Нуну эса 3 марта ойнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди. Бироқ афсуски, 2015 йилнинг 29 ноябрида мутасаддилар жамоа натижаларини қониқарсиз ҳисоблаб, мураббийни истеъфога чиқаришди. Ваҳоланки, ўшанда жамоа 19 очко тўплаган ва 19-ўринда бораётган, ЕЧЛда «Н» гуруҳидан чиқиш имкониятига эга эди.

2016 йилнинг 1 июнида Нуну «Порту»нинг бош мураббийи этиб тайинланди. Жамоа унинг раҳбарлигида мавсумни 2-ўринда якунлади. 2017 йилнинг 22 майида эса томонларнинг ўзаро келишувига асосан ҳамкорлик ниҳоясига етди.

2017 йилнинг 31 май санасида Нуну Чемпионшипда тўп сурадиган «Вулверхэмптон» клуби билан 3 йиллик келишувни расмийлаштирди. Мураббий 2011/12 йиллар мавсумида элитадан тушиб кетган «бўрилар»­ни АПЛга олиб чиқди. Клуб раҳбарияти эса муддатидан 2 тур аввал чемпионликни таъминлаган Эшпириту шартномаси муддатини 2021 йилгача узайтирди. Кейин мутахассис АПЛда ойнинг энг яхши мураббийи унвонини қўлга киритди. Чунки «бўрилар» ўша ойдаги 4 учрашувда 10 очко жамғариб, ўз дарвозаларидан атиги битта тўп олиб чиқишганди. Жамоа мавсумни 7-ўринда якунлаб, АПЛдаги энг яхши кўрсаткичини расмийлаштирди. Бундан аввал «бўрилар» 1979/80 йиллар мавсумида 6-поғонани банд этишган ва 1980/81 йиллар мавсумида илк марта ЕЛ йўлланмасини қўлга киритишганди.

2020 йил июлида Нуну иккинчи марта АПЛда ойнинг энг яхши мураббийи унвонига лойиқ топилди - бу гал унинг шогирдлари 5та беллашувни мағлубиятсиз ўтказишганди. Қўшимчасига, «Вулвз» 2019/20 йиллар мавсумида ҳам маррага 7-ўринда етиб келди ва қаторасига икки марта клуб тарихидаги энг яхши натижани қайд этди. Шунингдек, жамоа ЕЛда чоракфиналгача етиб келиб, «Севилья»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу эса «Вулвз»нинг 1971/72 йиллар мавсумидаги УЕФА Кубоги финалидан кейинги энг яхши кўрсаткичи бўлди.

2020 йил 13 сентябрида клуб мутасаддилари португалиялик мутахассиснинг ҳамкорлик муддатини 2023 йилга қадар узайтирдилар. Эшпириту эса жамоанинг 4 ўйинли ғалабали серияси эвазига октябрь ойида АПЛнинг энг яхши мураббийи бўлди.

2021 йилнинг 30 июнида португалиялик мураббий «Тоттенхэм» бошқарувини ўз зиммасига олди. Лекин «шпорлар» унинг раҳбарлигида 10 учрашувда 30 имкониятдан 15 очко олишгач, 1 ноябрь санасида 2023 йилгача мўлжалланган шартнома бекор қилинди. Ўшанда жамоа «Челси», «МЮ» ва «Кристал Пэлас»га бир хил йирик (0:3) ҳисобларда имкониятни бой берганди.

Ниҳоят, 2022 йил июлида Нуну Эшпириту Санту Саудиянинг «Ал-Иттиҳод» клубини қабул қилиб, дебют мавсумини ўзига хос дубль - чемпионлик ва Суперкубок билан нишонлади. Бироқ таажжубки, 2023 йил декабрида қаҳрамонимиз яна Англияга қайтишни лозим топди. Унинг «Ноттингем» билан имзолаган шартномаси 2026 йилгача мўлжалланган. Ҳозирда жамоа 29 учрашувда 25 очко тўплаган ҳолда, турнир жадвалининг 17-поғонасида бормоқда.