Мураббийлар: Тен Хагдан тетик старт

Мураббийлар: Тен Хагдан тетик старт

«МЮ» бош мураббийи Эрик тен хаг Англияда кимсан Юрген Клопп ва Хосеп Гвардиоладан ҳам яхшироқ старт қайд этди.

 Нидерландиялик мутахассис «Борнмут»га қарши баҳс (3:0 ҳисобида ғалаба)да «МЮ» бошқарувидаги кичик юбилейни нишонлади - 25-расмий ўйин. ESPN шу муносабат билан тен Хаг учун ёқимли статистик маълумотни эълон қилди. Унга кўра, Англиядаги дастлабки 25та ўйинга боғлиқ ғалабалар фоизи бўйича Эрик тен Хаг ҳаттоки, Хосеп Гвардиола, Юрген Клопп ва Микель Артетадан ҳам устун.

Таҳлил миқёси кенгроқ бўлиши учун АПЛнинг кучли олтилигига мансуб яна икки мураббийни оламиз - Антонио Конте ва Томас Тухель. Грэм Поттер натижалари эса ҳозирча ҳисобга кирмайди, чунки у «Челси»да ҳали 25та ўйин маррасига етгани йўқ (ҳозирча ҳисобида 16та учрашув бор). Эрик тен Хагнинг иши чиндан ҳам, жуда таъсирли ва бу ҳақда алоҳида ва батафсил гапириш керак. Лекин нидерландияликнинг ҳозирги натижасида битта нюанc ҳам бор - 25та ўйин масофаси мураббийларни бирлаштирадиган ягона жиҳат. Аммо тушунарлики, ҳамма ҳам бу масофада бир хил рақибларга тўқнаш келмайди. Шунинг учун, муваффақиятли стартни баҳолаш учун ғалабалар фоизига ягона кўрсаткич сифатида қараш ноўрин.

Дейлик, фақат тен Хаг ва Гвардиола жамоа бошқарувини ёзда қўлга олишган ҳамда мавсумолди тайёргарлик жараёнини тўлиқ ўтказишган. Оддий айтганда, уларда трансферларни таҳлил қилиш учун вақт бор эди. Тухель, Артета, Клопп ва Конте эса мавсум давомида ишга киришишди. Дастлабки 25та ўйин айниқса, Томас Тухель учун мураккаб келганини таъкидлаш ўринли. Зотан, бу масофадаги 7та учрашув ЧЛ «плей-офф» босқичларига тўғри келганди. Иккинчи томондан, германиялик мутахассис ушбу учрашувларда атиги 1та мағлубият (ўз майдонида «Порту»га қарши жавоб ўйинида)га юз тутган, «Челси» эса турнирни ғалаба билан якунлаганлди.

Юрген Клоппнинг «Ливерпул»даги стартини баҳолашда эса унинг қандай ресурсга эга бўлганига ҳам қараш керак. У Англияда барчасини нисбатан камтар таркиб билан бошлаган ва шунинг учун 25та ўйиндаги ғалабалар фоизи пастроқ. «Арсенал»ни Фредерик Юнбергдан қабул қилиб олган Артета эса АПЛда клубга талаб даражасида ёрдам беролмади - якуний 8-ўрин. Аммо испаниялик мутахассис 26-ўйинида соврин ютди - «Арсенал» Англия кубоги финалида «Челси»дан устун келди (2:1). «МЮ»дан 0:3 ҳисобида қабул қилинган мағлубиятдан сўнг Конте бошқарувига ўтган «Тоттенхем» эса АПЛда кучли тўртликка кўтарилди. Лекин италиялик мураббийнинг дастлабки 25та ўйинидаги рақиблар орасида «Мура», «Ренн», «Мидлсбро», «Бернли» ва «Вулверхэмптон» каби камтарин клублар бор. 

Тен Хаг стартига алоҳида тўхталсак, у ишни муваффақиятли бошлаш учун етарли шароитларга эга бўлди. Ҳар ҳолда, ёзда трансферларда харидлар учун 240 миллион евро ажратилди ва мураббий ўзига таниш футболчилар (Антони, Лисандро Мартинес, қисман Кристиан Эриксен)ни таркибга қўшди. Қолаверса, «МЮ» ЕЛда нисбатан енгил гуруҳ («Реал Сосьедад», «Шериф» ва «Омония»)га тушди. Муҳими, тен Хаг дастлабки икки мағлубият («Брайтон» - 1:2 ва «Брентфорд» - 0:4)дан сўнг хотиржамликни сақлаб қолди, кейин «Ливерпуль», «Арсенал» ва «Тоттенхэм» устидан ғалабалар келди. «Қизил иблислар» бу орада «Ньюкасл» ва «Челси» билан учрашувларда муроса кўчасини танлашди. Нима бўлганда ҳам, тен Хагнинг старти (топ-6 орасида энг яхши кўрсаткич) мақтовга лойиқ ва бу келажакда унинг ишини баҳолаш учун асосий белгилардан бирига айланиши мумкин. Лекин 25та ўйиндаги ғалабалар фоизи нидерландияликни бошқа мураббийлар билан таққослаш учун ягона восита эмас, албатта. Ахир кимдир заифроқ кадрлар билан иш бошлайди, бошқаси мавсумнинг мураккаб вақтида. Ҳозирги ҳолатда тен Хаг учун ғалаба қозониш суръатини сақлаб қолиш муҳим. Зеро, энг оғир ўйинлар ҳали олдинда.