Натижа: Рамазонда уч ҳатлаб сакраш!

Натижа: Рамазонда уч ҳатлаб сакраш!

Карим Бензема 5 апрель куни «Камп Ноу»даги «хет-трик» эвазига бирдан 2023 йилнинг энг сермаҳсул футболчисига айланиб олди.

 Франциялик ҳужумчиси қандайдир 4 кун оралиғида Эрлинг Холанд («Манчестер Сити»), Маркус Рэшфорд («МЮ») ва Виктор Осимхен («Наполи»)дан ўзиб кетди. Рамазонда уч ҳатлаб сакраш шунақа бўлади. Карло Анчелотти энди Карим яна бир «Олтин тўп» ютишига ишонмоқда.

Карим Бензема ўтган чоршанба оқшоми эҳтимолки, жорий мавсум ҳисобидан энг яхши ўйинини ўтказди - «Қирол кубоги» тамғаси остидаги «Эль-класико»да «хет-трик», камига Висиниус Жуниор голига ассистентлик. «Реал» голеадори бунга қадар 2 апрель куни «Вальядолид»ни ҳам 3 бора ранжитганди, боз устига, ўйиннинг қандайдир 7 дақиқасида. Хуллас, 4 кун оралиғида 6та гол урган Карим 5 апрель ҳолати бўйича евромавсум-2023нинг энг сермаҳсул футболчилари рейтингида 1-ўринга чиқиб олди. Ваҳоланки, у 21 февраль куни шовқинли «Энфилд»да кечган ЧЛ ўйинида «дубл» қайд этганидан сўнг нақ 1 ой давомида «соя»да қолди: 5та учрашувда атиги 1та гол (яна «Ливерпуль» дарвозасига). Оддий айтганда, Бенз нақ 442 дақиқада 1та гол билан кифояланди. 

Франциялик ҳужумчи бразилиялик Винисиус Жуниор кўмагисиз бундай маҳсулдорлик кўрсатолмасди, албатта. Рақамларда айтсак, Бензема 2023 йилги голларидан 7тасини айнан Вини узатмалари воситасида нишонлади. Жумладан, охирги 2та «хет-трик»ка қарасак, Винисиус бунга 3та узатма билан салмоқли ҳисса қўшди. Ушбу боғлам қарама-қарши йўналишда ҳам жуда самарали. Ҳар ҳолда, Бензема ижросидаги 5та ассист (2023 йил ҳисобидан)дан 4таси Винисиусга тўғри келмоқда. Бензнинг ақлдан оздирувчи самарадорлиги ва формаси Рамазон ойи фонида янада таъсирчанроқ кўринмоқда. Бинобарин, Карим рўза амалига қатъий риоя қилади. Ҳужумчи ўтган йили Рамазон ойига тўғри келган 8та ўйинда 10та гол урган, жумладан, ЧЛда «Челси»га қарши кечган баҳсда «хет-трик» қайд этгади. Жорий йил эса ҳозирга қадар 3та ўйинда 6та гол ҳосил қилиб улгурди. Ихтиёрида эса яна 5та «рўза» ўйини бор (Рамазон ойи 22 апрелгача).

«Реал» бош мураббийи Карло Анчелотти франциялик шогирди муваффақиятини қисқача ифодаламоқда: «Карим шунчак, ёқиш тугмачасини босди. Унга халқаро танаффусдаги машғулотлар катта ёрдам берди. Шу кетишда Бензема яна битта «Олтин тўп» ютиши ҳеч гап эмас. Гап ҳамон дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири эканлигини исботлаётган мегаижрочи ҳақида кетмоқда». Кучли баёнот. Лекин тан олайлик, бундай гол уриш режимидаги Бензема учун имконсиз ишнинг ўзи йўқдек. Умуман, статистика Карим Рамазон ойи чинакамига яйрашини кўрсатмоқда  - охирги 2 йилдаги 11та ўйинда 16та гол! Бунинг натижасида «твиттер» оламини «Карим Рамазонда» феномени қопламоқда. «Рўзанинг менга ҳеч қандай салбий таъсири йўқ, - деганди франциялик голеадор 1 йилча олдин. - Рамазон ҳаётимнинг бир қисми, диний фарз! Бу ой мен учун жуда муҳим, қанча ғалати эшитилмасин, кун бўйи таом емасам, ўзимни тетикроқ ва бақувватроқ ҳис қиламан. Саломатлигимда муаммо йўқлиги учун Ўзига шукрона келтираман, албатта». Ўшанда Карим ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига сут ва хурмо билан ифторлик вақтини кутаётгани акс этган суратини жойлаганди. 

Тўғри, «Вальядолид»га қарши ўйиндан сўнг Карим Бензема рўзасини вақтли очгани ҳам муҳокама қилинди. Чунки 65-дақиқада ўз ўрнини Эден азарга бўшатиб берган ҳужумчи қўлида сув идиши билан камера нигоҳига тушди. Оқибатда айримлар бундан фойдаланиб, Каримни рўза қоидасини бузганликда айблашга тушишди, лекин кўпчилик уни ўз жойида ҳимоя остига олди. Яъни футболчи шунчаки, оғзини чайқа олгани айтилди. Қизиқ, Бензема бу йилги Рамозонни нечта гол билан безайдикан? Эслатма, «Реал» 22 апрелга қадар «Кадис», «Сельта» ва «Челси» (ЧЛда икки марта)га қарш майдонга тушади.

Карим Бензема Европа клублари учун миллий ва халқаро мусобақаларда энг кўп гол урган франциялик футболчидир. «Реал» ҳужумчиси бу борада афсонавий Тьерри Анрини нақ 120та гол даражасида ортда қолдирмоқда.