«Навбаҳор»да чемпионлик ўйини йўқ(ми)?

«Навбаҳор»да чемпионлик ўйини йўқ(ми)?

Баҳорнинг илк кунлари йўлга тушган Суперлигада 3та тур ўйинлари ортда қолди кўз очиб-юмгунча...

Миллий чемпионатимизда бир қатор кутилмаган натижалар ва воқеликларни кўришга ҳам улгурдик. Миллий жамоамиз ўйинлари ортидан юзага келган кичик танаффус эса мавсум стартига боғлиқ таассуротлар билан бирров ўртоқлашиш имкониятини яратди...

Жамоаларнинг қишки транферлар бозоридаги ҳаракати, селекция сиёсати ва таркибни кучайтириш бўйича олиб борган турли шаклдаги юришларидан келиб чиқиб, жорий мавсум қайси иштирокчи қандай мақсад сари интилишини тахмин қилиб улгурган эдик. Бундай тахминларнинг аксарияти дастлабки турларда ўз тасдиғини топди, лекин айрим масалаларда бироз мавҳумлик ҳам йўқ эмас. Жумладан, Суперлигага қайтган «Динамо» кўплаб рақиблар учун «чақилмас ёнғоқ» бўлиши кутилган эди. Амалда... Шунингдек, мавсум-2023нинг энг қувноқ жамоаларидан бири сифатида гавдаланган «Сурхон»нинг даст­лабки 3та ўйинда очко ололмаслигини биров ўйлаган эмасди. Ҳа, Термиз клубида бош мураббий алмашиши ортидан ўзгаришлар юзага келди. Шундай бўлсада, «Сурхон»­нинг важоҳати бирдан пасайгани тушунарсиз ҳолат...

Таркибини сезиларли даражада кучайтирган «Нефтчи», «Навбаҳор» ҳамда «Насаф» клублари илк турларданоқ отга қамчи босиши кутилганди. Амалда биргина Фарғона клуби дастлабки 3та ўйинда йўқотишга учрамади. «Насаф» эса «Пахтакор» майдонидаги дуранг туфайли максимал очко олиш имконини йўққа чиқарди. «Навбаҳор»?  Наманган жамоаси ОЧЛда юқори кайфиятини кўрсатган, қитъа грандларига қарши учрашувларда ҳам нимадандир ҳайиқмаганди. Бироқ Самвел Бабаян дружинаси Суперлиганинг бошланғич қисмида даҳшатли кучдек намоён бўлмади. 3та ўйинда атиги 5 очко ёхуд ҳозирдан 4 очко йўқотилди. Тўғри, «Навбаҳор»нинг айни натижаларидан фожиа ясашга ҳали эрта. Аммо мураббийлар штаби охирги 2та тур натижасини огоҳлик қўнғироғи сифатида қабул қилиши шарт агар «лочинлар»нинг баланд парвозини кузатишни истаётган бўлса. Ҳар ҳолда, Самвел Бабаян жамоа ўйинини қуришда маълум принциплардан воз кечмаса, йўқотишлар ҳали кўп такрорланиши мумкин. «Навбаҳор» дастлабки дақиқалардан рақибларига кучли штурм таклиф қиляпти, аммо гол урилгач, ўйинни сезилар-сезилмас даражада ортга кўчирмоқда. Ҳар ҳолда, ОКМКга қарши ўйинда шундай бўлди ва «Нав­баҳор» дарҳол жазоланди. Тақдири номаълум бўлиб турган «Бунёдкор» билан баҳсда эса бунақаси ҳаттоки,  икки марта кузатилди. Қисқаси, Бабаян жамоаси рақибларга озгина имкон бериб қўйиши ортидан 4 очко йўқотишга улгурди. Бизнингча, чемпионликни кўзлаган жамоада характер ҳам, ўйин важоҳати ҳам сал бошқача бўлиши керак. Ахир замонавий футболда ҳисобни ушлашга интилиш унча самара бермаётгани - айни ҳақиқат.

Шу ўринда ҳақли савол: «Навбаҳор» таркиб жиҳатдан Суперлигада энг кучли клублардан бири бўла туриб, нега чемпионатда «қўрқоқ» ўйин намойиш қиляпти? Ахир жамоа ОЧЛда ўз потенциалини баралла намойиш этиб, мухлисларда ишонч-ифтихор уйғотган эди-ку. «Лочинлар» нега энди ички турнирларда ҳам шундай қудратли куч ўлароқ  ўйнамасликлари керак? Чемпионлик миссиясини ўз зиммасига олган жамоа шунга мос ҳужумкор ўйинга таяниши мақсадга мувофиқ эмасми? Бизнингча, «Нав­баҳор» Суперлигада исталган рақибни танг аҳволга солиб қўйиш салоҳиятига эга. Агар мураббийлар шуни исташса, албатта. Аммо амалда...

Айни паллада мухлис ва мутахассисларда шу мазмунда ҳақли савол ҳамда эътироз мавжуд. Насиб этса, жавобни 31 март куни Наманганда «Сурхон»га қарши кечадиган ўйиндан сўнг эшитамиз Самвел Бабаяндан.

Хуршид ЮСУПОВ