Неймар ўз фаолиятини қанчага сотди?

Неймар ўз фаолиятини қанчага сотди?

Саудия футболи охир-оқибат, евро­аренадаги яна бир катта юлдуз - Неймарни ҳам ўз домига тортди.

Албатта, мислсиз тўлов воситасида. Ҳар ҳолда, «Ал-Ҳилол» бразилиялик ҳужумчи учун барчасини муҳайё қилиб қўйди ва у энди Ар-Риёдда чинакам шарқча шоҳона ҳаёт аро сузади...

Турли манбаларда келтирилишича, «Ал-Ҳилол» Неймар трансфери учун «ПСЖ»га 90 миллион евро (бонуслар билан 120 миллион) тўлайди, бразилиялик футболчининг ўзи эса мутлақ нодир шартномага эга бўлди. Дейлик, Sky Sports маълумотига биноан, Неймар Сау­дияда бир йиллик ўйини учун 150 миллион евро (кафолантанган маош) олади. Globo Esporte нашрида ёзилишича эса, маош суммаси бироз каттароқ: йилига 160 млн. евро. Бу ойига 12,5 млн., кунига 410 минг, соатига 17,1 минг, дақиқасига 285 евродан тўғри келади. 

Бундан ташқари, Неймар Саудия Арабистонида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган имтиёзларга эга:

- Шахсий юмушлар ва саёҳат учун хусусий самолёт

- Тўлиқ жиҳозланган шоҳона қаср. Кошонада 25та ётоқхона, 40x10 ҳажмдаги бассейн, 3та сауна бор, яна 5 нафар хизматкор бириктирилган.

- Жами 8та қимматбаҳо автомобиль. Жумладан, Bentley Continental GT, Aston Martin DBX ва Lamborghini Huracа~n. Қўшимчасига, суткасига 24 соат хизматда бўлувчи шахсий ҳайдовчи

- Мутлақо текин меҳмонхона, ресторан ва ҳар қандай кўнгилочар тадбирлар хизмати (аниқроғи, бундай харажатларни клуб кўтаради)

- Ижтимоий тармоқларда Саудия Арабистони ҳақида қолдирилган ҳар бир пост ёки сурат учун 500 минг евро

- «Ал-Ҳилол»нинг ҳар бир ғалабаси учун 80 минг евро

- Саудияда маҳбубаси - Бруна Бьянкарди билан никоҳсиз яшашига рухсат

Тушунарлики, Европада бирор клуб Неймарни бундай имтиёзлар билан сийлай олмасди. Қисқаси, у фаолиятини катта суммада сотди, жуда катта суммада.

Яна бир ноёб шарт. The Sun нашри маълумотига кўра, Неймар талаблари рўйхатида яна бир ғалати банд бор - бразилиялик шоҳона уйидаги музлаткичларда севимли ичимлиги - асаи сокининг кети узилмаслигини сўраган. Асаи - Бразилияда ўсувчи пальма тури. Сок шу дарахт мевасидан олинади. Ней яна уйда ҳамиша гуарани ичимлиги бўлишини талаб қилган. Буниси меҳмонлари ва дўст­лари учун.