Илк машғулотлар якунида ОАВ вакиллари жамоа бош мураббийи Эдин Терзични қуршаб олишди. Натижада унинг журналистларга маълум вақт ажратишига тўғри келди.
- «Боруссия» ниҳоят, яна йиғилди, жамоа ҳолати қандай?
- Ҳа, бугун илк машғулотни ўташ учун майдонга тушдик, лекин 2 кундан буён йигитлар билан биргамиз. Уларга айтадиган гаплар йиғилиб қолганди. Жамоа ҳолатига келсак, ҳаммаси кейинроқ маълум бўлади. Ўйинлар бошлансин, футболчилар чим ва тўпни ҳис қилишсин, шундан сўнг кўрамиз.
- Мураббийликка қайтишни нечоғли хоҳлагандингиз...?
- Маълум вақтдан кейин қизғин иш жараёнини қўмсаш - оддий ҳолат. Лекин яширмайман, бунчалик тез қайтишни ўйламагандим. Тўғри, ҳар дақиқада жамоа бошқарувини қўлга олишга тайёр эдим, аммо қаерга чорлашларини билмасдим.
- Хўш, дастлабки режалар қандай?
- Ҳар доимгидек, аввало, мустаҳкам пойдевор қуйишимиз керак. Янги мавсумнинг ноодатий томони шуки, ноябрда катта танаффус юзага келади. Бу сентябрданоқ «3 кунда бир ўйин» ритмига тушишни талаб этади. Демак, тайёргарлик жараёнида жисмоний ҳолат устида жиддий ишлаш керак. Қисқаси, июль ва август ойларидаги ҳар бир кун муҳим аҳамиятга эга.
- Футболчиларнинг майдонни соғинишга улгуришгани сезилди...
- Ҳа, илк машғулотларда ҳамманинг овози одатдагидан баландроқ янгради. Шу ўринда Матеу Морини алоҳида эътироф этишим керак. Шунча азоб-уқубатлардан кейин унинг ўйнашига рухсат беришгани - ажойиб. Матеу узоқ вақт шифохона, спорт зали ва муолажа кабинасида қолди ва ниҳоят, ўзига муносиб жой - майдонга қайтди. Унинг учун жуда хурсандмиз.
- «Дортмунд» мухлислари сизга ўзгача ҳурмат кўрсатишмоқда...
- Клуб мухлисларини яхши биламан. Бундай жонкуяр фанатлар қаршисида ўйнаш - орзу. Албатта, «Сигнал Идуна»ни мунтазам равишда, ҳар уч кунда бир марта қувнатишни хоҳлаймиз.
- Питер Херманни қандай кўндирдингиз?
- Уни бутун Германияда яхши танишади, ўз ишининг чин проффессионали. Херман йигитларни илҳомлантириш нуқтаи назаридан жуда муҳим «фигура». Унинг тажрибаси катта ёрдам беришига ишонаман. Ўйлайманки, Питер майдонда ўзини қулай ҳис этиб, гуруҳимизни янада бойитади.
- Қизиқ, Терзич қўл остида қандай футбол кўрамиз?
- Сифатли футбол кўрсатишнинг йўллари кўп. Майдонда йигитлар салоҳиятини максимал даражада очиб беришимиз керак. Бу йўлда бор кучимизни ишга соламиз. Ўйиннинг ҳар бир дақиқасига тўғри ёндашишни ўрганиш муҳим. Ишни айнан шундан бошлаймиз…