«Милан»нинг швециялик мағрур тўпурари Италия «А» серияси 24-туридан ўрин олган «Аталанта»га қарши ўйиннинг 74-дақиқасида захирадан сафга қўшилди ва 2:0 ҳисобидаги ғалабага озми-кўп ўз ҳиссасини қўшди. Ибра узоқ кутилган қайтишдан кейин DAZN журналистлари билан суҳбатда ҳис-туйғуларини баралла ифода этди. Ахир у жорий мавсум «россонерлар» либосида илк марта расмий ўйин ўтказди. «Аввало, қайтишим учун куч, адреналин ва катта мотивация берган барча-барчага раҳмат айтишим керак. Зеро, атрофимдагиларнинг ёрдамларисиз ўн чандон қийналардим, шубҳасиз. Муҳими, ҳозир ўзимни мутлақо яхши ҳис қиляпман. Ортга назар ташласам, охирги марта чамаси бир йилу икки ой олдин шундай кўтаринки кайфиятда бўлган эканман. Факт шуки, энди яна ўзим ёқтирган машғулот билан бандман, яъни футбол ўйини ичидаман. Бу мен учун қандай аҳамиятга эгалигини сўз билан ифодалаб беролмайман, очиғи», - деди Златан интервью бошида.
Бугунги ҳолатга қайтиш йўлидаги азоб-уқубатлар...
- Агар ҳаммасини тўла тушунтиришим талаб этилса, бу ерда соатлаб гапиришимга тўғри келади. Умуман, аслида ўтган мавсумнинг охирги 6 ойи давомида ҳам роса кўп азоб чекдим. Бинобарин, ҳамиша жамоамга имкон қадар ёрдам беришни хоҳлайман, бироқ ўша вақт майдонга тушишдан мосуво бўлиб қолдим. Футболда ўзингизни қандайдир нохуш сезсангиз, жамоага ёрдам беришингиз қийин. Аслида 6 ой олдин жарроҳлик амалиётига розилик беришим керак эди, лекин «Милан» скудеттога жуда яқин келган пайтда чекинишни истамадим - бу табиатимга зид. Хуллас, бош мураббий Стефано Пиолига операция столига ётишни кечиктириш хусусида ваъда бердим. Очиғи, фаолиятимда ҳеч қачон кубокни ўйлаб, бу қадар азобга дучор бўлган эмасдим. Ўша паллада нафақат жисмоний, балки руҳий томондан ҳам қаттиқ қийналдим. Боз устига, дўстим ва агентим Мино Райоланинг вафот этгани қўшимча руҳий зарба бўлди. Асосийси, атрофимдаги кўплаб одамлар керакли даражада қўллаб-қувватлашди, куч бағишлашди. Танамда муаммо сезмаганимда эса, энг кучлисиман. Ҳа, жиддий гапиряпман, ҳамон энг кучлиси ўзимман!
Жамоага ҳиссаси
- Қалбан ишончим комил, жамоамга бугунгидан кўра, анча кўпроқ ёрдам беришга қодирман. Агар меъёрида шуғулланиш имкониятига эга бўлганимда эди, ҳозир ҳамма майдонда бутунлай бошқа Златанни кўрарди. Тушунинг, бир йилу икки ой давомида тўпга яқинлашмадим, кейин атиги 3 кунгина шуғулландим ва азобли ойларни буткул унутдим. Энди ҳаммаси бошқача ривожланади.
Мавсум старти
- Афсуски, жорий мавсумнинг дастлабки 6-7 ойи четда қолдим, лекин «Милан» ўйинларига келишни канда қилмадим. Тўғри, жамоага халақит бермаслик учун ундан узоқроқ туришни маъқул кўрдим. Оддий айтганда, жамоага қўшилишдан олдин буткул соғайишим талаб этиларди. Чунончи, агар жамоа ёнида турганимда, қайтиш масаласида сабр қилолмасдим, эҳтимолки, тикланиш жараёнини якунига ҳам етказолмасмидим...? Шуларни ўйлаб, клубдан узоқроқда тикланишни лозим топдим. Мана, ниҳоят, қайтдим ва ўйинга тайёрман. Ўйлайманки, майдонга тушганим билан йигитлар нима қилишлари кераклигини ўз-ўзидан яхши тушунишди. Шундай экан, «Аталанта»ни енгишга ўз улушимни қўша олдим.
Леау шартномаси масаласи
- Унинг жамоада қолиши учун маошимни пасайтирдим. Меникини Рафаэлга беришсин... Ўзи анчадан буён деярли текинга ўйнаяпман (кулади).
Сўз
- Агар фақат ўзимни ўйлаганимда, аллақачон қайсидир шинам оролда сигара тутатганча дам олиб ётардим. Табиатан етакчи бўлсам ва менда ҳаммага намуна кўрсатиш имкони бор экан, нега шундай қилмаслигим керак? Златан Ибрагимович.
ДАРВОҚЕ...
Златан Ибрагимович бундан олдин 16 ёшли ўғли Максимилиан билан «Милан»нинг U-18 жамоасида бирга ўйнаганди. Ўша назорат баҳсида 41 ёшли Ибра ҳужумда ўғли билан тандем ҳосил қилди. Златанда икки ўғли бор - Максимилиан ва 15 ёшли Винсент. У 2016 йили «МЮ»да ўйнаганида ўғилларини Англия клуби академиясига берганди. Ака-укалар «ПСЖ» тизимида ҳам бирга шуғулланишган. Улар шунингдек, «Лос-Анжелес» ва «Хаммарбю» клубларида ўйнашган. 2022 йилнинг ёзидан буён эса «Милан» тизимида шуғулланишмоқда. «Мен улардан ҳеч нарса талаб қилмайман. Фақат майдонда қўлларидан келганича жанг қилишса, бас. Мен, оналари ёки яна биров эмас, ўзлари учун. Кўплаб ота-оналар фарзандларига босим ўтказиш асносида уларни профессионал спортга йўналтиришади. Лекин бу тўғри эмас», - деганди Златан ўғилларини тарбияси масаласида.
МУҲАММАДХОН тайёрлади