НИГОҲ: Амалга ошмаган трансфер

НИГОҲ: Амалга ошмаган трансфер

«МЮ» навбатдаги нохуш ёз фаслини бошдан кечирмоқда. Эрик Тен Хагнинг ташрифи олиб келган умидбахш хурсандчилик ўрнини тез орада трансфердаги омадсизликлар эгаллади.

Неймар, Антони ва Френки де Йонгларга бўлган қизиқишни Лисандро Мартинес, Тирелл Маласиа ва Кристиан Эриксенлар хариди барбод қилди.

Дам олиш кунларида («Брайтон»дан қабул қилинган мағлубият арафасида) нидерландиялик мураббийнинг янги нишони - Марко Арнаутович ҳақидаги хабар пайдо бўлди. Мураббий уни Роналдунинг вориси ёки ўриндоши ролларига мўлжаллаганди. Жанлука Ди Марционинг хабарига кўра, яқинда Хитойдан қайтган 33 ёшли ҳужумчи учун «Болонья»га 9 млн. евро таклиф этишган. Бироқ италияликлар уни сотиб юбориш ниятида эмаслар, манчестерликлар эса бўш келмаяптилар.

Бош мураббий Синиша Михайлович ҳам австриялик шогирдини кетмасликка даъват этди. Кейин бу масалани ҳал қилиш унинг вазифаси эмаслигини тан олди, аммо Арнаутовичдан жудо бўлишни истамаслиги, унинг ўрнини тўлдириш осон бўлмаслигини таъкидлади.

Маҳаллий нашрдан олинган хабарга кўра, Марко шанба куни «Болонья» офисига келган ва «МЮ»га қўйиб юборишларини сўраган. Кейин у Италия Кубоги доирасида «Коченца»га қариши майдонга тушган, лекин гол ура олмаганди.

Италияликлар қаршилигини «МЮ» ортиқча қийинчиликсиз ҳал этиши мумкин, бунинг учун баҳони 2 млн.га оширишни мўлжаллаганди. Бироқ жамоа мухлислари халал беришди.


Тен Хаг Арнаутович билан таниш - Марко Нидерландия­даги фаолиятини унинг раҳбарлигида бошлаган

Ўринли савол - 33 ёшли «Болонья» ҳужумчиси Тен Хаг учун нимага керак? Бу борада бир қатор муҳим омиллар бор.

** Арнаутович яхши спорт формасида. Ўтган мавсумда у «А» сериясида «Болонья» учун 14та гол урди, жамоа эса мавсумни 44та гол билан якунлади. Демак, уларнинг 1|3 қисми Марконинг улуши.

** Марко АПЛ билан яхши таниш. У «Сток Сити» ва «Вест Хэм»да ўйнаган. «Болғачилар» сафидаги 65 учрашувда 22та гол ва 12та ассистни амалга оширган. Қисқаси, адаптацияга вақт сарфламайди.

** Энг муҳим устунлиги - Эрик Тен Хаг билан танишлиги. Бу мутахассис синовдан ўтган футболчиларга ишонч билдиради. Шу боис, асосан «Аякс» ва «Эредивизион» вакиллари орасидан номзод излайди.

Арнаутович «Аякс»да ўйнамаган, ўз фаолиятини Стив Маклареннинг «Твенте»сида бошлаган, ўшанда айнан Тен Хаг ёрдамчи мураббий эди. 20 ёшли Марко сермаҳсуллиги эвазига «Интер» йўлланмасини қўлга киритганди. Энди Макларен ва Тен Хаг эски қадрдонларини кутаётган эдилар. Фақат ўзаро роль алмашган ҳолда.


Савия бобида саволлар пайдо бўлди, Невилл трансферни шарҳлашни истамади

Бироқ «МЮ» мухлисларининг кўпчилигида Арнаутович номзоди шубҳа уйғотди. Жумладан, улар австриялик ҳужумчининг савиясига ишонмаяптилар. «Блэкберн»нинг собиқ ҳужумчиси Крис Саттон мухлислар фикрини баён этди:

«Бу чинакам PR-ҳалокат! «МЮ» боғланиши мумкин бўлган миллионлаб муносиб номзодлар бор. Мухлислар кўз ўнгида амалга оширилаётган нотўғри қадам фақат Тен Хагга бўлган босимни ошириши мумкин».

Гари Невилл ҳам мамнун эмас. У ҳам изоҳ беришни истамай, бу «МЮ»нинг сўнгги йиллардаги одатий қарор эканлигини айтди:

«Мазкур трансфер хусусида айтадиган гапим йўқ. Фалькао, Ибрагимович, Кавани, Игалолар билан нима бўлганлигини кўрдик , бундай тажрибали ўйинчиларни ночорликдан олгандик. Бу 8-10 йилдан бери одатга айланиб қолди, ҳозир ҳатто жаҳлимиз ҳам чиқмайди, мамнун ҳам бўла олмаймиз. Охир-оқибат, трансферларни изоҳлашга ҳам хоҳиш қолмади».


Бошқа тўсиқлар - ирқчиликка оид можаролар

Арнаутовичнинг Манчестерга келишига қарши бўлган мухлисларнинг бошқа гуруҳи ҳужумчини ирқчиларга хос феъл-атвори учун ёмон кўрадилар.

Дастлабки нохуш воқеа 2009 йилда, Маклареннинг «Твенте»сида рўй берганди. «Виллем II»га қарши ўйинда Марко Ибраим Каргбо билан жанжаллашиб қолганди. Сьерра-леонелик ярим ҳимоячи ҳужумчига нисбатан ўта зич ўйнаган бўлсада, Марко барибир гол урди. Каргбо эса ўйиндан кейин шикоят қилди: у австриялик рақиби билан қўл олишиб хайрлашмоқчи бўлган, бироқ ундан ҳақоратларни эшитганди. Бу масалада Нидерландия ФФ жиноий иш қўзғаган, лекин тезда уни ёпганди.

Яна бир воқеа Евро-2020да бўлиб ўтди. Арнаутович Шимолий Македония дарвозасини ишғол этгач, голни рақиб жамоа мухлислари ва ўйинчиларини бемаъни сўзлар билан «мукофотлаш» орқали нишонлаганди. Давид Алаба сардор сифатида ҳужумчининг тилини тийиб қўйди. Ўйиндан кейин Марко ижтимоий тармоқлар орқали узр сўради: «Мен ирқчи эмасман».

Айтишларича, «Вест Хэм»даги даврида Марко аёллар жамоасига нисбатан ўта ҳурматсиз муносабатда бўлган экан. Ҳозирда аёллар футболига катта қизиқиш билан қараётган Англия учун, бу жиддий айблов.

Хуллас, «МЮ» мухлислари ижтимоий тармоқларда ҳақиқий тортишувлар бўронини бошладилар. Улар барчани митинглар уюштиришга, раҳбариятни хатларга кўмиб ташлашга даъват этдилар.

«Мен клуб нима учун ирқчини ўз сафига қўшиб олмоқчи эканлиги билиш учун мактуб ёзгандим. Балки сиз ҳам буни уддаларсиз?»

«Марко Арнаутович? Ҳатто «Вест Хэм»да ўзини кўрсата олмаган ношуднинг кимга кераги бор? Эсингизни йиғиб олинг, Глейзерлар!»

Воқеалар ривожидан хулоса чиқарадиган бўлсак, норозиликлар ўз таъсирини ўтказди. «МЮ» «Болонья»нинг ортиқча талаблари ва мухлислар норозиликлари туфайли Арнаутовични харид қилиш ниятидан воз кечган. Бу маълумотни Фабрицио Романо ҳам тасдиқлади.

СОДИҚ СОБИР тайёрлади