НИГОҲ: Мураббийхўр «қовоғари»

НИГОҲ: Мураббийхўр «қовоғари»

Италиялик Жанфранко Зола, Клаудио Раньери ва Вальтер Маццарилар, РПЛ орқали кўпчиликка таниш бўлган Славен Билич ва Хави Грасия, инглиз мураббийлик цехи фахрийси Рой Хожсон жасур «Лутон» устози Роб Эдвардс

Айтингчи, мазкур мураббийларда қандай умумийлик бор? Албатта, «Уотфорд»! Бир жуфт мағлубият истеъфога сабаб бўла олмаслигини тан олмайдиган клуб.

Яқинда «Уотфорд»нинг навбатдаги мағлубиятидан кейин клуб Валериан Исмаэль билан ҳамкорликни тўхтатди. Даҳшатли кўринишдаги французнинг фаолияти нисбатан узоққа, мартгача чўзилди. Лекин у ҳам тақдирга тан берди. Адолат юзасидан айтганда, истеъфо «пишиб» қолганди: мавсумни бинойидек бошлаган «қовоғарилар» биринчи  даврадан кейин «плей-офф» ҳудудидан атиги 2 очкога ортда эдилар. Бироқ бу ёғига тўсатдан сочилиб кетишди ва аутсайдерлар гуруҳига яқинлашиб қолишди.

Поццо оиласининг обрўси ва мураббийлар мактаби

«Уотфорд»даги мураббийлар қўнимсизлиги 2012 йилда, клубга Поццо оиласи келганидан кейин бошланди. Янги соҳиб ишни Шон Дайч ўрнига Жанфранко Золани тайинлаш билан бошлади ва ... келди-кетдилар даврига асос солди.

  12 йилга етмаган давр ичида сабрсиз италияликлар 20 нафар ( вақтинчалик бажарувчилардан ташқари) мураббийни алмаштиришди. Бу «Вест Хэм» тарихидаги мураббийлари сонидан (19) ҳам кўпроқ;

  2019 йил сентябридан ҳозиргача «қовоғарилар»ни 11 нафар мураббий бошқарди;

  Рой Хожсон «Пэлас»ни тарк этгунга қадар, АПЛ мураббийларининг 1/4 қисми Хартфордшир клубида ишлаб кетишга улгурди. Ройдан ташқари, Крис Уайлдер («Шеффилд»), Марко Силва («Фулхэм»), Роб Эдвардс («Лутон») ва Шон Дайчлар («Эвертон») «Уотфорд» мактабидан ўтишди;

  2020/21 йиллар мавсумида («Уотфорд» АПЛда ўйнарди) 3 нафар мураббий ишлади: Хиско Муньос, Клаудио Раньери, Рой Хожсон. Бироқ жамоа Чемпионшипга тушиб кетди;

  Агар жамоани 4та ўйинда бошқарганидан кейин саломатлиги ёмонлашгани туфайли кетиб қолган испаниялик Оскар Гарсияни ҳисобга олмасак, Поццо даврида Крис Уайлдер ва Роб Эдвардс энг оз ишлаган (11тадан учрашув) мураббийлар бўлишди. Жанфранко Зола (75) ва Хави Грасия (66) энг кўп ўйин ўтказишди. Грасия жумладан, Англия Кубоги турнирида «қовоғарилар»ни финалга олиб чиқиб, ҳал қилувчи баҳс­да «Манчестер Сити»ни енга олмаганди.

Ҳазил-мутойибалар  манбаи

Мураббийларни алмаштириш бобида «Уотфорд» Англия чемпион эканлигини тасдиқлайдиган ёки инкор этадиган маълумотни топа олмадик. Лекин ҳеч бўлмаганда ХХI асрда мураббийлар қўнимсизлиги бўйича 1-ўринда эканлиги аниқ. Клубнинг бемаъни одати аллақачон мухлислар ўртасида ҳазил-мутойиба манбаига айланган. Мисол учун, яқинда бўлиб ўтган шоуда Трой Динидан у тўп сурган даврдаги 15 нафар мураббийлар номини сўрашди. Буни қарангки, Трой барча устозлари номини бехато айтиб берди!

«Келди-кетди»лардан боши чиқмай қолган «Уотфорд»ни кинояли ҳазил-ҳузуллардан ташқари, жиддий танқид остига олаётган экспертлар ҳам йўқ эмас. Бундан 2 йил аввал, навбатдаги мураббий истеъфосидан кейин Харри Реднапп шундай деганди: «Менимча, ҳамма иллат «Уотфорд»нинг мураббийларга 100 фоиз ишонмаслигида. Бу уларнинг 1 йил ичидаги 4-мураббийи - клуб доимо норози. У фақат мураббийни истеъфога чиқаришни билади».

2018 йилда Гари Линекер твитерда Марко Силванинг асоссиз равишда лавозимидан четлатилганини таъкидлаб, «Уотфорд» унинг ўрнига қандайдир малакаси паст мутахассисни олишини тахмин қилганди. Бунга клубнинг расмий твитери Линекернинг шарҳини жойлаб, «Афтидан, кимдир жуда кексайиб қолган кўринади», дея жавоб берганди.

Томга ишонамиз

Охирги пайтда «қовоғарилар» истаган мураббийни қўққисдан кўчага чиқариб қўйиши мумкинлигини билган мураббийлар энди бу ишга ўйлашиб қўл уришларига шубҳа йўқ.

«Қовоғарилар» бизнинг маҳаллий жамоамиз. Мен ўз жамоадошларим билан ўзаро ҳазиллашиб, тез орада мураббийликка бизнинг ўйинчилардан бирини таклиф этишларини тахмин қилгандим», - дейди ҳаваскорлар жамоаси аъзоларидан бири. Якунда лавозимидан четлатиган Валерьен Исмаэль ўрнини 34 ёшли Том Клеверли эгаллади. «Уотфорд» сафида 7 йил тўп сурган ярим ҳимоячи ўтган мавсум якунида жароҳат олган ва футболчилик фаолиятига нуқта қўйганди.

Бош мураббий лавозимига тайинланган Клеверли жумладан, шундай деди: «Табиийки, бу клуб мен учун муҳим аҳамият касб этади. Вақтинчалик бош мураббий мақомида қисқа муддатга бўлсада, жамоани бошқариш - мен ва оилам учун улкан шараф! Жамоа муваффақияти учун бор куч,маҳоратимни аямаслигимни бу ердагилар яхши билишади. Мен эса қўлимдан келганича ҳаракат қилишга ваъда бераман».

Том Клеверлининг дебют учрашувида «Уотфорд» сафарда «Бирмингем» устидан зафар қучди ва сўнгги 5 учрашувдаги дастлабки ғалаба эвазига аутсайдерлар гуруҳидан 9 очкога узоқлашиб олди. Албатта, тез орада жамоа янги бош мураббий тасарруфига ўтади. Бироқ биз негадир Томга муваффақият тилашни истадик.