АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
«Барселона»га қарши баҳсга ўзининг асосий ҳужумчиси - Ромелу Лукакусиз тайёргарлик кўрган «Интер» кичик ҳисоб (1:0) билан бўлсада, ўз фойдасига ҳал қилди.
«Челси»дан қайтган бельгиялик тўпурар август ойида жароҳат олгач, «нерадзурри»нинг олдинги чизиқдаги юмушлари аргентиналик Лаутаро Мартинес ва босниялик Эдин Жеколар зиммасига юкланди. Ана шу жуфтлик ҳозирда ўз вазифасини рисоладагидек адо этмоқда.
36 ёшли Жеко - замонавий футболдаги энг яхши фахрийларидан бири. Ўтган мавсумда Лукаку кетганидан кейин, у «Интер»нинг асосий ҳужумчиси бўлиб қолганди. Миланликлар унинг бельгиялик монстр ўрнини муносиб тўлдира олишига шубҳаланишди. Бироқ Эдин ажойиб сермаҳсулликни намойиш этиб, мавсумни 17та гол ва 10та самарали узатмани ўз ҳисобига расмийлаштириш билан ниҳоясига етказди. Бундан ташқари, ЕЧЛнинг гуруҳ бос-қичи доирасидаги «Виктория»га қарши баҳсда биттадан гол ва ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди.
Айримлар Жекони аллақачон ҳисобдан чиқариб қўйишган, фахрий ўз фаолиятини Яқин Шарқ ёки МЛСда якунлаши тахмин қилинганди. Лекин Эдин «А» сериясидаги топларга хос савияни сақлаган ва халқаро аренада нуфузли турнирнинг кейинги босқичларидан умид узмаган ҳолда тўп сурмоқда. Фахрийдаги метин ирода болалик йилларида тобланган - у Болқондаги уруш даҳшатларига гувоҳ сифатида улғайди.
Серблар, боснияликлар ва хорватлар, православлар, мусулмонлар ва католиклар юрти улкан дошқозонга айланган пайтда Эдин 6 ёшли болакай эди. 1992 йилда Босния ва Герцеговинада фуқаролар уруши бошланди. Жеконинг қадрдон шаҳри бўлган Сараево айниқса, кўпроқ жабр кўрди, узоқ вақт давомида газеталар саҳифаларидан жой олди. Уруш туфайли шаҳар 25000 нафар фуқароларидан бевақт жудо бўлди, 35000 оила бошпанасиз қолди. табиийки, Жеколар оиласи ҳам ана шу жабрдийдалар орасида эди.
«Бизнинг уйимизни вайрон қилишди. Шу сабабли бобом ва бувим билан яшашга мажбур бўлгандик. Жажжигина хонада 15 киши ётардик. Бунинг устига, ҳар куни ҳалок бўлган танишларимиз ҳақида олинган хабарлар биз учун кучли руҳий зарба бўларди. Урушнинг азоби жуда оғир. Устимизга бомбалар тушиб турар, ўқ овозлари тинмасди. Ўша кунларда кўп йиғлаганман», - дея хотирлайди Эдин.
Жеко ва унинг ошна-оғайнилари учун футбол - уруш давридаги ягона овунчоқ эди. Эдиннинг отаси - Мидхат профессионал футболчи бўлиб, ўғлида кейинчалик ўзининг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўладиган футболга бўлган муҳаббатни уйғотганди. Аммо турмуш ўртоғи Белманинг оналарга хос сезгирлиги бўлмаганида, Мидхатнинг орзуси рўёбга чиқмаган бўларди. Тақдир тақозоси билан, нимадандир хавотирга тушган Белма ўртоқлари билан тўп тепиб юрган Эдинга барвақтроқ уйга қайтишини тайинлаган, ўғли онанинг маслаҳатини ерда қолдирмаганди. Орадан ярим соат вақт ўтар-ўтмас, майдончага бомба тушди - у ердаги болакайларнинг бирортаси ҳам тирик қолмади.
«Яратганнинг менга берган оналик ҳис,туйғуси ўғлим ҳаётини сақлаб қолди. Кўнглим фалокатни аввалдан сезганди», - дейди Белма даҳшатли воқеани тилга олганида.
«Егулик қолмаган, доимо қўрқинч билан юрардим. Шаҳарни бомбардимон қилишгани сабабли, ҳар қадамимиз ўлим билан ёнма-ён эди. Отам ўшанда фронтда, мен эса ҳар гал сирена товушларини титроқ билан эшитардим. Бу даҳшатни, ўша урушни унута олмаяпман. Кўрган-кечирганларим бутун ҳаётимга таъсир этмоқда. Кўпчилик бошқа болалар каби, менинг ҳам болалигимни ўғирлашди», - дейди Эдин.
Хайриятки, Жеконинг яқин қариндошларидан ҳеч ким ўша фожиали 3 йил ичида ҳалок бўлмади. Уруш тугагач, отаси уни «Железничар» клубининг болалар мактабига олиб борди. Эдинни машғулотларга олиб борадиган такси ҳайдовчиси шу жамоанинг мухлиси эди ва Жекодан йўлкира олмасди. Бунга жавобан бўлажак футболчи юлдуз мақомига эришганида унга машина совға қилишга ваъда берганди. Бир неча йилдан кейин, у ваъдани бажарди.
Олдинда эса Жекони қизиқарли ва ёрқин фаолият кутаётганди - Феликс Магатнинг шафқатсиз машғулотлари ва «Вольфсбург» билан Германия чемпиони бўлиши, Серхио Агуэро ва Марио Балотелли билан «Манчестер Сити»даги кескин рақобат, «Рома»даги ренессанс ва Жозе Моуриньо билан келишмовчиликлар ва «Интер»га ташриф. Болалик йилларида бошдан кечирган даҳшатли воқеалар Жеконинг табиатига кучли таъсир ўтказди - у метин иродали жангчига айланди.
«Айрим лаҳзалар бизни янада кучлироқ бўлишга ва ҳаётни чинакамига қадрлашга ўргатди. Биз оиладаги ўзаро мулоқотлар чоғида уни эсламаймиз. Доимо ўтмишга назар ташлашда маъно кўрмаганман. Уруш бизни ўзгартирди, ўзгача тарбиялади. Ўз ҳаётинг, оила аъзоларинг ҳаёти учун қўрқувда яшаш олдида, футболдаги муаммолар фил қаршисидаги пашшачалик эмас».
Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг «А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789