Нигоҳ: Қиш мундиали таъсири

Нигоҳ:  Қиш мундиали таъсири

21 ноябрь - 18 декабрь кунларига белгиланган ЖЧ-2022 туфайли еврофутболнинг янги мавсуми тақвимида катта чалкашлик юзага келиши тайин.

Табиийки, кўпчиликни қитъанинг кучли 5та чемпионатида навбатдаги мавсум қачон бошланиши ва қандай давом эттирилиши қизиқтиради. Қолаверса, еврокубоклар тақвимининг умумий кўриниши ҳам.

АПЛ (Англия)

АПЛ клублари мавсум стартидан олдин одатий халқаро турнеларга чиқади. Мисол учун, «Ливерпуль» Таиланд ва Сингапурга боради, «Челси» АҚШда 3та ўйин ўтказади, «Тоттенхэм» эса Сон Хюн Миннинг ватани - Жанубий Кореяда меҳмон бўлади. АПЛга эса 5 август куни старт берилади (одатдагидан 1 ҳафта олдин). Мавсумнинг биринчи қисми 12 ноябргача давом этади ва 26 декабрга қадар узун танаффус юзага келади. Қатардаги ЖЧ якунига етгач, яна бир ҳафтадан сўнг Boxing Day бошланади. Чемпионатнинг охирги тури эса 2023 йилнинг 28 май кунига белгиланган. 

 

Ла Лига (Испания)

Испанияда чемпионат ўйинлари 12 август куни бошланади. Танаффус муддати: 14 ноябрь - 29 декабрь. Тақвим режасига қарасак, Примеро ўйинлари кейинги йилнинг 4 июнигача чўзилади. Испания кубоги баҳслари эса асосан 2023 йилнинг 3-5, 17-19 ва 24-26 январь саналари бўлиб ўтади. Шунинг баробарида 11-15 январь оралиғида мамлакат суперкубоги соҳиби ҳам аниқланади. Бунинг учун 4та жамоа Саудия Арабистонига йўл олади. 


«А» серия (Италия)

Италия клублари янги мавсумга Испания жамоалари билан бир кунда киришади. Фарқ­ли томони, «А» серияда ўртадаги танаффус узунроқ - 52 кун. Оддий айтганда, итальянлар 13 ноябрь куни таътилга чиқиб, чемпионатга 4 январда қайтишади. 4 июнь куни эса финиш маррасига қадам ташланади. Дарвоқе, Италия суперкубоги ўйинига ҳам январда айнан Саудия Арабистони мезбонлик қилади.

 

Бундеслига  (Германия)

Германия чемпионати 5 август куни старт олиб, 13 ноябрда танаффусга чиқади. Мундиалдан кейин айнан Бундеслига футболчилари ҳордиқ чиқариш учун энг кўп вақтга эга бўлишади. Чунончи, чемпионат рестарти 20 январга белгиланган. Немислар бунда маҳаллий об-ҳаво шароитини ҳисобга олишган, албатта. Чемпионатда 20та эмас, 18та жамоа иштирок этиши эса мавсумни 27 май куни якунлаш имконини беради.

 

Лига 1 (Франция)

Франция чемпионати 1-тур ўйинлари худди АПЛ ва Бундеслигадаги каби 5-7 август кунлари ўтказилади. 13 ноябрь - 28 декабрь оралиғида клублар дам олади. Лига 1 раҳбарияти финишни 4 июнга белгилашни режалаштирган. Демак, янги мавсум Испания, Италия ва Францияда тенг хотима топади.


Еврокубоклар

ЧЛ квалификацияси бошланғич раундлари старти яқин - 21 июнь (бугун). КЛ саралаши 7 июль куни бошланса, ЕЛ 4 августда стартга чиқади. Умуман, 24-25 август кунлари 3та турнирда ҳам саралаш довони якунланади. Еврокубокларнинг асосий раундлари тақвими эса ҳар қачонгидан зич. ЕЛ ва КЛда ҳам худди шундай, фақат финал ўйинлари олдинроқ ўтказилади - тегишлича 31 май ҳамда 7 июнь кунлари.

ДарвоҚе...

АПЛ янги мавсум тақвимини эълон қилишга ҳам улгурди. Демак, Англия чемпионати элит лигаси-2022|2023ни «Кристал Пэлас» - «Арсенал» ўйини очиб беради. Чемпион - «Манчестер Сити» эса 1-тур ўйинини Лондонда «Вест Хэм»га қарши ўтказади.

АПЛ-2022|2023. 1-тур

5 август (жума)

«Кристал Пэлас» - «Арсенал»

6 август (шанба)

«Фулхэм» - «Ливерпуль»

«Борнмут» - «Астон Вилла»

«Лидс» - «Вулверхэмптон»

«Лестер» - «Брентфорд»

«Ньюкасл» - «Ноттингем Форест»

«Тоттенхэм» - «Саутгемптон»

«Эвертон» - «Челси»

7 август (якшанба)

«МЮ» - «Брайтон»

«Вест Хэм» - «Манчестер Сити»

ЧЛ: икки мавсум тақвими ўртасидаги фарқ

Босқич                                                2022|2023                                                                    2021|2022

Гуруҳ (1-тур)                            6-7 сентябрь                                                    14-15 сентябрь

Гуруҳ (2-тур)                            13-14 сентябрь                                                            28-29 сентябрь

Гуруҳ (3-тур)                            4-5 октябрь                                                      19-20 октябрь

Гуруҳ (4-тур)                            11-12 октябрь                                                  2-3 ноябрь

Гуруҳ (5-тур)                            25-26 октябрь                                                  23-24 ноябрь

Гуруҳ (6-тур)                            1-2 ноябрь                                                       7-8 декабрь

1|8 финал                                             14-15 ва 21-22 февраль|7-8 

                                                           ва 14-15 март    

1|4 финал                                             11-12 апрель|18-19 апрель                               5-6 апрель|12-13 апрель

1|2 финал                                             9-10 май|16-17 май                                           26-27 апрель|3-4 май

Финал                                      10 июнь                                                                       28 май