Маълум бўлишича, норвегиялик голеадор ҳам хайрлашув муносабати билан шоҳона ҳиммат кўрсатибди. Диққат қилинг, Эрлинг Дортмунд клуби вакилларини совға-салом билан сийлаш учун нақ 600 минг евро сарфлабди. Ҳа, нафақат гўзал, балки қимматбаҳо хайрлашув...
Эрлинг Холанд «Боруссия»даги 2,5 йиллик фаолияти давомида чинакамига яйради, гол уриш масаласида қанчадан-қанча рекордларни янгилади. Норвегиялик юлдуз энди янги мавсумни «Манчестер Сити»да бошлайди. Газетамизнинг аввалги сонида унинг дортмундлик мухлислар билан ўта чиройли манзарада хайрлашгани ҳақида ёзгандик. Эрлинг клуб сафидаги охирги ўйинини гол билан безади, якунда «сариқ девор»га яқинлашиб, фанатларга катта миннатдорчилик билдирди, ижтимоий тармоқда ҳам таъсирли хайрлашув сўзларини қолдирди. Bild нашри маълумотларига қараганда, норвегиялик футболчи клуб билан ҳам алоҳида хайрлашди. Аниқроқ айтганда, Холанд барча ҳамкорлари ва мураббийларга баҳоси 13000-15000 еврога тенг Rolex соатларини совға қилди.
Қўшимча қилинишича, клубнинг 20 нафардан ортиқ ходими совға олди. Жумладан, физиотерапевт, ошпаз ва ҳаттоки, турли йўналиш бўйича маслаҳатчилар ҳам футболчи ҳимматидан бебаҳра қолишгани йўқ. Тўғри, Эрлинг уларга нисбатан арзонроқ Omega соатлари (баҳоси - 7000-9500 евро)ни топширди. Германиялик журналистлар ҳисоблаб чиқишди - Холанд совға-саломларга жами 600 минг евро ажратган. Ҳашаматли хайрлашув! Шу жойда айтиш керак, Эрлинг Англияда ҳафтасига 300 минг стерлинг миқдорида маош олади. Қисқаси, у «Манчестер Сити»нинг энг катта маош олувчи футболчиларидан бирига айланади.
Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади