Англиянинг ўтмишдаги грандларидан бири бу сафар «Вулверхэмптон» ярим ҳимоячиси Морган Гиббс-Уайтга эга бўлиш йўлида трансферлар бўйича ўз рекордини янгилади. Жорий ёз иккинчи марта! «Ноттингем» июнь ойида Тайво Авонийи учун 18,4 млн. фунт тўлаб, уни клуб тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айлантирганди. 22 ёшли Гиббс-Уайтнинг трансфер суммаси эса 42,5 млн. фунт (!!!!)гача етиши мумкин.
16 нафар янги футболчи учун деярли 150 миллион фунт - АПЛга 23 йиллик танаффусдан кейин қайтган «Ноттингем Форест» футбол бозорида ўзини билмай қолди, шекилли. Ҳар ҳолда, камтарин жамоа АПЛ тарихидаги энг катта харидлар тўпламини амалга оширди. 16 нафар янги ижрочи - бу бутун бир жамоа! Қолаверса, «Форест» шу билан тўхтамоқчи ҳам эмас. Умуман, дебютант жорий ёз деярли 150 миллион фунт сарфлашга улгурди. АПЛ тарихида ҳали бирор дебютант бу қадар катта харажатга қўл урган эмасди. Дейлик, «Астон Вилла» мавсум-2019|2020 олдидан янги футболчилар учун 133,7 миллион фунтдан кўпроқ ажратган эди. Аввалги мавсумларга қарасак, Чемпионшипдан кўтарилган жамоаларнинг бундай кучли трансферлар кампанияси айтарли натижа келтирган эмас.
*** «Астон Вилла» мавсум-2019|2020ни 17-ўринда якунлади. Бирмингемликларни қуйига тушиб кетган «Борнмут» ва «Уотфорд»дан атиги 1 очко ажратиб қолди. Ўшанда жамоа 133,7 миллион фунт эвазига АПЛда 35 очко тўплади.
*** «Фулхэм»га мавсум-2018|2019 олдидан трансферлар бозорида кўрсатган фаоллиги заррача наф келтиргани йўқ. 11 нафар янги футболчи харидига 100 млн. фунтдан кўп ажратган Лондон жамоаси АПЛда атиги 26 очко тўплади. Бунинг натижаси - турнир жадвалида 19-ўрин ва Чемпионшип йўлланмаси.
*** «Лидс» мавсум-2020|2021га тайёргарлик жараёнида 96 млн. фунт баҳридан воз кечди. Муҳими, Марсело Бьелса дружинаси АПЛда дебютни муносиб ўтказди. Лекин айрим трансферлар клуб учун катта зарар келтирди. Дейлик, 16 млн. фунтга харид қилинган Элдер Кошта Яқин Шарққа йўл олди - текин трансфер. Иккинчи томондан, «Лидс» ўша вақт 17 миллион фунтга сотиб олинган Рафинья учун яқинда «Барселона»дан 52 «лимон» ундирди.
*** «Вулверхэмптон» АПЛга чиққани ҳамоно Португалия диаспораси туфайли ўзини тутиб олди. Қолаверса, асосан устамон агент Жорже Мендеш воситачилигида сарфланган 82 «лимон» кўп карра оқланди. Мисол учун, «бўрилар» биргина Жота трансфери учун 40 миллион фунтдан кўп олишди.
*** «Норвич» ўтган йили 10 нафар янги футболчи учун 57,65 миллион фунт сарфлади, бироқ бу клубга ёрдам бергани йўқ - 20-ўрин, Даниэль Фаркенинг истеъфоси, 38та турда 26та мағлубият...
«Ноттингем»нинг 16та трансфери - бу ноёб воқелик, албатта. Хўш, грециялик миллиардер Евангелос Маринакис («Форест»дан ташқари, «Олимпиакос»га ҳам эгалик қилаётган бизнесменнинг бойлиги 500 млн. фунтга баҳоланмоқда) ажратган чамаси 150 «лимон» кимларнинг трансферига кетди?
Морган Гиббс-Уайт (ярим ҳимоячи) - 42,5 млн. фунт
Тайво Авонийи (ҳужумчи) - 18,4 млн. фунт
Неко Уильямс (ҳимоячи) - 18 млн. фунт
Эммануэль Денис (ҳужумчи) - 13,3 млн. фунт
Орель Мангаля (ярим ҳимоячи) - 11 млн. фунт
Жюльян Бьянкон (ҳимоячи) - 8,4 млн. фунт
Мусса Ниакате (ҳимоячи) - 8,4 млн. фунт
Ремо Фройлер (ярим ҳимоячи) - 7,6 млн. фунт
Омар Ричардс (ҳимоячи) - 7,2 млн. фунт
Льюис О~Брайен (ярим ҳимоячи) - 5 млн. фунт
Харри Тоффоло (ҳимоячи) - 5 млн. фунт
Брэндон Агилера (ярим ҳимоячи) - 0,8 млн. фунт
Жесси Лингард (ярим ҳимоячи) - текин
Шейху Куяте (ҳимоячи) - текин
Уэйн Хеннесси (дарвозабон) - текин
Дин Хендерсон (дарвозабон) - ижара