Нуқтаи Назар: Ногаҳоний севги изҳори

Нуқтаи Назар: Ногаҳоний севги изҳори

Поль Погбанинг асл нияти нима?

Якунланган мавсум ишлари асло юришмаган франциялик ярим ҳимоячи қўққисдан Европа ташқарисидаги клубга муҳаббат изҳор қилди. Вақтида унинг либосида афсонавий футболчилар тўп суришган. Бироқ Полнинг қачондир ўша жамоада ўйнаши эҳтимоли жуда паст.

Такрор айтиш керак, Поль Погба ўтган мавсумни ўз ҳисобига ёзиб қўёлмайди асло. Бинобарин, эркин агент мақомини олган франциялик футболчи катта умидлар билан «Ювентус»га қайтди, аммо мавсумолди машғулотлари жараёнидаёқ жиддий жароҳатга йўлиқди. Боз устига, нотўғри даволаниш усули танлангани оқибатида тикланиш вақти ҳам чўзилиб кетди. Оқибатда франциялик футболчи 2023 йилдагина майдонга қайтди, шунда ҳам эски муаммолар бот-бот олдида кўндаланг бўлди. Рақамларда айтсак, Погба бутун мавсум давомида бор-йўғи 200 дақиқа ўйнади, холос. Бу бир жароҳатдан кейин дарҳол бошқаси бўй кўрсатгани оқибатидир. Қисқаси, донгдор ярим ҳимоячи вақтни асосан даволаниш ва тикланишга сарфлади. Энди эса спорт формасига қайтиш йўлида фаол шуғулланмоқда.

Аксарият футболчилар ёзги таътилга чиқишгани маълум, Поль Погба эса индивидуал дастур асосида кучайтирилган машғулотларда тер тўкмоқда. Диққатга сазовор томони, у барчасини «Фламенго» (Бразилия) футболкасида бажармоқда. Аниқроғи, клуб афсонаси Зико дастхати туширилган либосда. «Фламенго» моҳиятан ва тарихан нафақат Бразилия, балки бутун Жанубий Америка футболидаги энг йирик клублардан бири ҳисобланади. Бироқ франциялик футболчининг унга нисбатан муҳаббати... Тўғри, Поль Погба Бразилия футболини ёқтиришини ҳеч қачон яширган эмас. Дейлик, Роналдо, Роналдиньо, Робиньо ва Роберто Карлос ўйин­ларига маҳлиё бўлганини кўп бора тилга олган. Франция­лик футболчи шунингдек, Пеле, Гарринча ва Зикони ҳам мақтаган вақтида. Аммо ҳозир «Фламенго»га муҳаббат изҳор этишдан мақсади нима? Ҳарқалай, Поль Бразилия клубидан таклиф кутмаётгандир... Чунки у еврофутбол марказида қолмоқчи. Погбанинг Араб клублари томонидан илгари сурилаётган мўмай таклифларга қиё боқмаётгани шундан далолат, албатта. 

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади