Ок-2022 (U-23): Бош соврин - саудлар насибаси

Ок-2022 (U-23): Бош соврин - саудлар насибаси

Якшанба куни мамлакатимиз мезбонлик қилган U-23 тоифасидаги Осиё кубоги якунланди.

Турнир кучли таассурот қолдиргани тайин. Зеро, Ўзбекистон олимпия термаси тетик иштирок эвазига финалга чиқди, мухлисларга олам-олам қувонч бағишлади. Фақат финал ўхшамади, тан олиш керак, Сау­дия Арабистони жамоаси ҳал қилувчи баҳсда кучлилик қилди.

Мусобақанинг сўнгги ўйинида араб жамоа­си бироз устун эканлиги, қолаверса, футболчиларимизни яхши ўргангани кўзга ташланди. Томонлар майдоннинг ҳар бир қарич ери учун астойдил курашишди, бежиз бош сов­ринга даъво қилишмаганини кўрсатишди. Бироқ иккинчи бўлимда суръатни оширган саудияликлар якунда ғалабани ўз томонларига оғдиришди. 50-дақиқада Ҳамад ал Ғамдий ҳисобни очган бўлса, Фирас ал Бурайкан томонидан урилган иккинчи гол масалани очиқлади, ҳисоб. Саудия Арабистони термаси - чемпион!  Алоҳида таъкидлаш керак, мазкур мусобақа Темур Кападзе жамоаси учун ажойиб репетиция вазифасини ўтади. Зеро, бу ёш тоифасидаги футболчиларимизда хатолардан тўғри хулоса чиқариб, янада ривожланиш учун яна 2 йил бор. Ишончимиз комил, кейинги қитъа чемпионатида йигитларимиз аслида кўпроғига қодир эканликларини амалда намойиш этиб, Париж Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритишади. Асосий мақсад ҳам шу. Умуман, якунланган Осиё кубогидаги иштирок, унутилмас онлар ва чиройли ғалабалар учун ёшларимизга раҳмат!

3-ўрин учун ўйинда эса Япония термаси бор аламини «яшил қитъа» вакилларига тўкиб солди - 3:0.

* Саудия Арабистони термаси турнир доирасидаги 6та ўйинда 13та гол уриб, лоақал 1та қўйиб юбормади ва бу ёш тоифасида илк марта чемпион бўлди. Саудлар бунга қадар 2 бора финалга чиқиб, ҳар иккисида мағлубиятга учрашганди.

* Саудия Арабистони термаси «Фэйр-плей» совринига ҳам лойиқ кўрилди. Осиё чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида эса чемпион жамоа етакчиси Айман Яҳё тан олинди.

* Финалдан олдин ОФК расмий саҳифасида биздан Ҳусайн Норчаев, саудлардан эса Фирас ал Бурайкан келажак юлдузи сифатида эътироф этилди.

 

3-ўрин учун. 19 июнь

ЯПОНИЯ - АВСТРАЛИЯ - 3:0 (2:0)

Тошкент. «Пахтакор» стадиони. 230 томошабин.

Бош ҳакам: Ким Хи Гон (Ж.Корея).

Голлар: Кеин Сато (7), Кай Тревин (39-авт.), Сиота Фужио (63).

Япония: Сион Сузуки, Рику Хонда, Сейя Баба, Сеижи Кимура, Даики Мацуока, Рихито Ямамото (Жоэль Фужита, 69), Кеин Сато (Мао Хосоя, 85), Такаши Учино (Хижири Като, 85), Курю Мацуоки (Юито Сузуки, 69), Шунсуке Мито, Таика Накашима (Сиота Фужио, 57).

Австралия: Николас Билокапис, Жордан Кортни-Перкинс, Жордан Бос, Тиресе Францис, Рами Нажжарин (Лаклан Брук, 62), Кусини Енги (Ало Кол, 62), Кай Тревин (Левис Миллер, 46), Луис Дарриго (Патрик Язбек, 74), Жошуа Равлинс, Бернардо Оливейра (Кэмерон Пеупин, 46), Тристан Хаммонд.

 

Ўйиндан кейинги фикрлар:

Го Оива (Япония терма жамоаси бош мураббийи): - Ярим финалдаги мағлубиятдан кейин «шок» ҳолатига тушиб қолдик. Чунки чемпионликни кўзлагандик. 3-ўрин - бу минимум вазифа. Меҳмондўст ўзбек халқи, ЎФА ва ташкилотчиларга раҳмат. Тан оламан, ярим финалда жуда қийналдик. Финалда қайси томон ғалаба қозонишини билмайман, аммо Ўзбекистон термасига мухлислик қиламан.

Тревор Морган (Австралия терма жамоаси бош мураббийи): - Япония термаси ҳар жабҳада устун кўринди. Биринчи бўлим бошида кўп хатоларга йўл қуйдик ва жазоландик. Ўзбекистон - футболни севувчи давлат. Бу турнирда қатнашганимиздан мамнунмиз. Ҳаммаси юқори даражада бўлди. Умид қиламанки, эртанги финалда Ўзбекистон ва Саудия термалари тўлиб-тошган стадионда роҳатланиб ўйнайди.

 

Финал. 19 июнь 

ЎЗБЕКИСТОН - С.АРАБИСТОНИ - 0:2 (0:2)

Тошкент. «Бунёдкор» стадиони. 32000 томошабин.

Бош ҳакам: Салмон Фалаҳий (Қатар).

Голлар: Аҳмад ал Ғамдий (48), Фирас ал Бурайкан (74).

Ўзбекистон: 12. Владимир Назаров, 2. Саид­азамат Мирсаидов (15. Одил Абдумажидов, 57), 3. Достон Турсунов, 5. Муҳаммадқодир Ҳамроалиев, 7. Ҳожимат Эркинов (14. Аббос Файзуллаев, 77), 9. Улуғбек Ҳошимов (20. Руслан Жиянов, 57), 10. Жасур Жалолиддинов (4. Абубакрризо Турдиалиев, 90+1), 17. Диёр Холматов (11. Отабек Жўрақўзиев, 78), 18. Алибек Давронов, 19. Ҳусайн Норчаев, 23. Абдурауф Бўриев.

С.Арабистони: Наваф ал Ақидий, Ҳассан Тамбактий, Иброҳим Маҳнаший, Айман Яҳё (Зайд Алоҳаний, 81), Ҳамад ал Ғамдий (Авад ал Нашрий, 77), Фирас ал Бурайкан, Аҳмад ал Ғамдий (Турки ал Аммар, 72), Мотаб ал Ҳарбий, Ҳамад ал Ямий, Ҳусайн ал Эйса, Сауд Абдулҳамид.

Огоҳлантиришлар: Саидазамат Мирсаидов (52), Жасур Жалолиддинов (86) - Ҳамад ал Ямий (67), Аҳмад ал Ғамдий (72), Зайд Алоҳаний (89).

 

Ўйиндан кейинги фикрлар:

Садд ал Шеҳрий (Саудия Арабистони терма жамоаси бош мураббийи): - Жамоа­миздан ғалаба кутган барча-барчани табриклайман. Жуда қийин ўйин, бу финалга хос ва кутилган ҳолат. Мухлислар мезбон жамоани ажойиб қўллаб-қувватлаб туришди. Кўриниб турибдики, Ўзбекистон термаси яхши шаклланган, Париж-2024 Олимпиадаси йўлида ажойиб таркиб тузилибди. 

Темур Кападзе (Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи): - Халқимизга байрам улашмоқчи эдик, бироқ уддалолмадик. Бунинг учун узр сўрайман. Мухлисларимизга раҳмат. Кейинги турнирларда яхшироқ натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Бу - катта мактаб, мағлубиятдан кейин янада кучлироқ бўламиз. Албатта, ҳаммада чарчоқ бор, айниқса, финалчиларда. Бугун йигитлар бор кучларини ишга солишди. Асосий мақсад - Олимпиада. Мазкур турнирда ёшроқ футболчилар билан иштирок этиб, яхши натижа қайд этдик. Лекин ҳали янада ўсишимиз керак. Футбол шундай - узоқ дам ололмайсиз. Ўйин тугадими, тарихга киради, сиз эса кейинги баҳсга тайёргарлик кўришингиз керак. Тўғри, футболчиларда руҳий ва жисмоний томонлама бироз толиқиш бор. Лекин ҳаёт давом этади.

***

Финал атрофидаги асосий воқеалардан бири - бу чипта ажиотажи. «Бунёдкор» стадиони кассаларида савдо бошлангач, узундан-узун навбат юзага келди. Қолаверса, «қўл»га чиқиб кетган чипталарнинг баҳоси 500 минг сўмгача кўтарилгани айтилди. Ваҳоланки, уларнинг қиймати 25, 50, 100 минг сўм эди. iTicket.uz онлайн платформасида эса қисқа вақтда 10 минг дона чипта сотилди. 

***

Championat.asia сайти маълумотига кўра, Ўзбекистон U-23 термаси финал учун оқ ранг­ли формаларни тайёрлаб қўйганди. Регламент­га кўра, бизда расмий мезбон сифатида форма рангини танлаш ҳуқуқи бор эди. Бироқ ОФК жамоамизни оқ либосда ўйнашини рад этган, бунга изоҳ ҳам бермаган - no comment. 

***

«Бунёдкор» стадиони автомобиллар тураргоҳида мухлислар учун махсус монитор ўрнатилди. Шунингдек, бошқа ҳудудларда ҳам. Стадионга эса мухлислар ўйин стартидан 4 соат олдин кира бошлашди. Финал муносабати билан Чилонзор туманининг айрим кўчаларида соат 12:00-24:00 оралиғида автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланди, албатта, мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида.

 

Осиё чемпионати (U-22|U-23)нинг барча совриндорлари:

Йил   Мезбон                      1-ўрин                       2-ўрин                       3-ўрин

2013   Уммон                       Ироқ                          С.Арабистони           Иордания

2016   Қатар                         Япония                      Ж.Корея                     Ироқ

2018   Хитой                         Ўзбекистон               Вьетнам                     Қатар

2020   Таиланд                     Ж.Корея                     С.Арабистони           Австралия

2022   Ўзбекистон               С.Арабистони           Ўзбекистон               Япония

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.