«Олимпик» лойиҳаси учун якуний синов

«Олимпик» лойиҳаси учун якуний синов

15 апрель куни Қатарда узоқ кутилган ва Париж Олимпиадаси йўлланмалари тақдирига ойдинлик киритадиган U-23 тоифасидаги Осиё кубоги-2024 карвони ниҳоят, йўлга тушади.

Демак, футболимизни олимп сари етаклаш учун татбиқ этилган «Олимпик» лойиҳаси учун якуний синов вақти яқин. Эслатма, Темур Кападзе бошқарувидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Парижга тўғридан-тўғри бориш учун қитъа чемпионатида кучли учликка кириши керак. 4-ўрин эгасида ҳам имконият сақланиб қолади. Фақат бунда айнан Парижда бўладиган қитъалараро «плей-офф» ўйинида Африка вакили Гвения термасини енгиш талаб этилади.

*** 

Ўзбекистон U-23 термаси БАА йиғини олдидан Тошкентдаги охирги машғулотларни «Дўстлик» стадионида олиб борди. Сафар олдидан эса ЎФА президенти Абдусалом Азизов олимпиячиларимиз билан учрашди. Футболимиз раҳбари ёшларимиз олдида турган ушбу мусобақа масъулияти ҳақида гапирар экан, жамоамизга шахсан Президентимиз ҳам катта қизиқиш билан мухлислик қилишини таъкидлади. У шунингдек, ўзбек футболи тарихида илк марта Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиб, бутун халқимизга байрам тақдим этиш имконияти мавжудлиги, бунга жамоа потенциали етишига ишонч билдирди. Энг муҳими, жамоада ғалаба руҳи борлиги ҳамда жанговар таркиб йиғилгани қайд этилди. Ўз навбатида, бир қатор етакчи футболчилар ҳам ишончни оқлашга астойдил интилишга сўз беришди. Абдусалом Азизов шунингдек, мураббийлар штаби билан жамоанинг айни ҳолати ва тайёргарлик жараёни ҳақида суҳбатлашди. Тиббий штаб томонидан футболчилар саломатлиги, тикланиш ва витаминизациялаш жараёни хусусида маълумот берилди. Якунда ЎФА президенти футболчиларга юқори даражада тиббий ёрдам кўрсатиш амалиётини давом эттириш юзасидан кўрсатма бериб, масъулиятли турнир олдидан жамоага омад тилади.

Мухлисларни қизиқтираётган асосий масала - бу ЦСКА клубининг Аббос Файзуллаевни Ўзбекистон U-23 термасига қўйиб юбориш-юбормаслиги, албатта. ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов матбуот анжуманида 2 нафар легионерни турнирга таклиф этиш бў­йича келишувга эришилгани ва яна 3 нафари масаласида музокара кетаётганини маълум қилганди. «АЗИЯ-СПОРТ» канали хабарига кўра эса, Аббос Файзуллаев катта эҳтимол билан 14 апрель куни Қатарга етиб боради (ЦСКАнинг «Локомотив»га қарши ўйинидан кейин). Маълумот учун, Ўзбекистон олимпия жамоаси илк ўйинини 17 апрель куни Малайзия термасига қарши ўтказади. Темур Кападзе шогирдлари 6-санада БАА йиғинини бошлашганини ҳам айтиш керак. Режага мувофиқ, вакилларимиз у ерда 10 апрель куни Хитой олимпия термасига қарши назорат ўйи­нида майдонга тушиб, шундан сўнг Қатарга йўл олишади. Якшанба кунги ҳолат бўйича айтсак, Темур Кападзе якуний таркибни эълон қилгани йўқ. Бу ҳам легионерлар масаласига боғлиқ, албатта.

***

Айтиш жоиз, Париж Олимпиадаси футбол турнирига аллақачон қуръа ташланган. Олдинроқ ОФК жамоалари гуруҳларга рейтинг асосида жойлаштирилиши айтилганди. Бироқ ОФК томонидан маълум қилинишича, Париж Олимпиадасига йўл оладиган қитъа жамоалари гуруҳларга Қатардаги ОК-2024да эгаллаган ўринлари бўйича тушади. Демак, Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг қайси гуруҳга тушиши (Олимпиадага йўл олса, албатта) Осиё кубогида эгаллайдиган ўрнига боғлиқ.

Чемпион бўлса

«D» гуруҳи: Ўзбекистон, Парагвай, Мали, Исроил

2-ўринни олса

«C» гуруҳи: Ўзбекистон, Испания, Миср, Доминикан Республикаси

3-ўринни олса

«B» гуруҳи: Аргентина, Марокаш, Ўзбекис­тон, Украина

«Плей-офф»да ғолиб чиқса

«A» гуруҳи: Франция, АҚШ, Ўзбекистон, Янги Зеландия

***

Ўзбекистон U-23 жамоасининг Осиё кубогидаги илк рақиби - Малайзия термаси биринчилардан бўлиб Қатарга етиб борди. Бош мураббий Хуан Торрес Гарридо (Испания) таркибидан мамлакат миллий жамоасида ўйнашга улгурган Шейх Изҳан («Пенанг»), Азам Азми («Теренггану»), Муҳайри Ажмал («Селангор»), Венгадесан Рувентиран («Селангор»), Алиф Изван («Селангор»), Ной Лэйн («Селангор») ва Луқмон Ҳаким Шамсудин («ИСКК Йокогама», Япония) каби футболчилар жой олишди. Шунингдек, 2 нафар маҳаллийлаштирилган футболчи бор: Фергюс Тирни (Шотландия) ва Ной Лэйн (Норвегия). Терма жамоанинг асосий юлдузи Ариф Айман эса «Жоҳор Дарул Таъзим» клуби томонидан турнирга қўйиб юборилмади.

Гуруҳ босқичидаги яна бир рақибимиз - Вьетнам термаси бош мураббийи Хоанг Ан Туан томонидан жалб этилган 28 нафар футболчидан 14 нафари мамлакат миллий жамоа­си сафида майдонга тушишга улгурган. Эслатма, Ўзбекистон ва Вьетнам U-23 термалари ўртасидаги ўйин 23 апрель куни 45,5 минг кишига мўлжалланган Khalifa International стадионида бўлиб ўтади.

*** 

Тожикистон U-23 терма жамоасининг Дохада бошлаган йиғинига Суперлига клубларидан 3 нафар футболчи жалб этилди. Жамоа бош мураббийи Мубин Эргашев томонидан чақирилган 24 нафар футболчидан 7 нафари легионер. Улар қаторида «Нефтчи» ҳимоячиси Манучеҳр Сафаров, «Андижон» ҳужумчиси Шаҳром Самиев ва «Металлург» ҳужумчиси Далер Шарипов бор. 

*** 

Ҳозирга қадар бир қатор иштирокчи жамоалар Осиё кубоги учун якуний таркибини эълон қилди. Жумладан, чорак финалда Ўзбекистон U-23 термасига рақиб бўлиши эҳтимоли катта Ироқ олимпия жамоаси таркибига қўшилиши сўроқ остида бўлган Али Жассим, Мустафо Саадун («Ал-Қува Ал-Жавия») ва Заид Таҳсин («Ал-Талаба») Осиё кубогида иштирок этиш учун ўз клубларидан рухсат олишди.

Ироқ U-23 терма жамоаси  (бош мураббий - Радхи Шенайшил)

Легионерлар 6 нафар: Жосеф ал Имом («Олимпик», Швеция), Роман Дулаши («Шальке» U-19, Германия), Али ал Мусави («Эштрела» U-23, Португалия), Бланд Ҳассан («Де Графсхап», Нидерландия), Амин ал Ҳамави («Хельсингборг», Швеция), Мунтадир Муҳаммад («Мес Рафсанжон», Эрон)

Турнирга қўйиб юборилмаган легионерлар: Ҳуссайн Али («Херенвен», Нидерландия), Юсуф Амин («Айнтрахт» Бр., Германия), Али Ҳаммади («Уимблдон», Англия), Зидан Иқбол («Утрехт», Нидерландия), Мунтадир Мажид («Хаммарбю», Швеция)

SamvelKarlenich канали маълумотларидан ҳам фойдаланилди