Федерико Кьеза: «Доим кўпроғини хоҳлайман»

Федерико Кьеза: «Доим кўпроғини хоҳлайман»

Италия терма жамоаси етакчиларидан бири Федерико Кьеза 29 август куни «Ливерпуль» билан бирдагина 4 йиллик шартнома тузди.

Табиийки, 26 ёшли ярим ҳимоячи «қизиллар» сафига қўшилганидан кейин клуб каналида меҳмон бўлди ва муҳташам «Энфилд»га алоҳида тўхталди. Дарвоқе, «Ювентус» Федерикодек юқори даражали футболчини атиги 12,5 миллион фунтга қўйиб юбориш асносида кўплаб мухлислар ва мутахассисларни бироз ҳайрон қолдирганини ҳам айтиш керак.

- Федерико, илк таассуротлар қандай?

- Ажойиб кун! «Ливерпуль» оиласи аъззосига айланганимдан хурсандман. Ричард Хьюз ва Арне Слот телефон орқали жамоага чорлашганида, иккиланмай розилик бердим. Чунки «Ливерпуль» тарихидан хабардорман, клуб мухлислар учун нимани англатишини ҳам яхши биламан. Хуллас, ҳозир ўта бахтиёрман ва ишга киришиш онларини сабрсизлик билан кутяпман.

- Ҳа, ҳаммаси жуда тез ҳал этилди. Демак, қарор қабул қилишда қийналмагансиз...

- Шундай, ҳаммаси осон бўлди. Таклифни қабул қилиш учун сабаблар етарли эди. Қолаверса, ўзаро суҳбатда Хьюз ва Слотнинг менга қаттиқ ишонишлари сезилди. Ишонч эса айнан мен хоҳлаган нарса! «Энфилд»да бўлиш чиндан ҳам ажойиб. Ахир «Ливерпуль» ва дунёдаги энг зўр чемпионатда ўйнаш орзум амалга ошди.

- Сўнгги кунлар сиз ва турмуш ўртоғингиз учун қандай ўтди?

- Ҳаммамиз хурсандмиз. Яхшики, қарор чиқаришда иккиланмадик, ҳар бир дақиқадан завқландик. Тўғри, ҳали оилам билан барчаси ҳақида бафуржа гаплашиб олишим керак. Турмуш ўртоғимдан бағоят миннатдорман, чунки «Ливерпуль» ҳақида сўз очишим билан у танловимни қўллаб-қувватлади: «Зўр қарор, албатта, сен билан кетаман. Бу фаолиятинг ва оиламиз учун ажойиб имкониятдир».

- Машғулотлар базаси ёқдими?

- Бу ерда ҳаммаси зўр, одамлар ажойиб! Киркбида кўплаб тестлардан муваффақиятли ўтдим. Айтганча, Ливерпулга парвоз чоғи «Энфилд» устидан учиб ўтдик. Шунда рафиқамга сўз қотдим: «You`ll Never Walk Alone қўшиғини қўй, ҳозирдан ушбу стадионда мухлислар шовқини остида ўйнашни тасаввур қилмоқчиман».

- «Энфилд» майдонига биринчи марта қадам босишни қандай тасаввур қиляпсиз?

- Нафақат ўзим, балки оилам учун ҳиссиётли лаҳза бўлиши аниқ. Ишончим комил, ҳаяжон минг чандон ортиб кетади.

- Арне Слот илк учрашувда нима деди?

- Шунчаки, жамоада йўлга қўйилаётган ўйин чизмаси ҳақида маълумот берди ва мени майдонда қандай кўришни исташи ҳақида гапирди. 

- Жамоанинг ҳужум чизиғида кучли рақобат бор...

- Нафақат ҳужум, барча позицияларда рақобат бор, ахир гап дунёдаги энг кучли клублардан бири ҳақида кетмоқда. Ҳа, мени катта рақобат кутаётганини биламан - Мо Салоҳ, Луис Диас, Коди Гакпо, Диогу Жота, Дарвин Нуньес... Демак, энг яхши сифатларимни ишга солишим ва бор имкониятларимдан фойдаланишим талаб этилади.

- 14-рақамни танладингиз, бу қандайдир маънога эгами?

- Ҳа. Терма жамоада шу рақам  остида ўйнардим. «Ливерпуль» менга ўз ўйиним лаҳзаларидан тайёрланган видеолавҳа борди. Унда жумладан, «Фиорентина» ва «Ювентус»да 14-рақамли формада урган голларим акс эттирилган. Шу тариқа рақамим тақдир томонидан белгилаб қўйилганини ўйладим ва «14»ни олдим.

- Отангиз Евро-96да Чехия терма жамоаси дарвозасига қарши ўйинда гол урганди айнан «Энфилд»да...

- У «Энфилд»да ўйнаганини айтмаган, лекин ўша голи ҳақида биламан. Гап шундаки, отам Европа чемпионатини эсга олишни ёқтирмайди, чунки мен қитъа кубогини ютдим, у эса йўқ! Аслида отам ўз голлари ҳақида гапириб беришни хуш кўради, ҳарқалай, мендан анча кўпроқ урган. Лекин «Энфилд»да ургани ҳақида умуман гапирмайди.

- Отангиз «Ливерпул»га ўтаётганингиз юзасидан нимадир дедими?

- Ҳа, «Ливерпуль» ҳақида эшитгач, дарҳол оқ йўл тилади: «Бор! Бу - фаолиятинг учун энг яхши танлов».

- Энди ўзингизни футболчи сифатида тавсифлаб беринг...

- Ўйлайманки, етарли даражада рақобатбардошман, доим янада кўпроғига интиламан. «Ливерпул»га ўтишимдан асосий мақсад ҳам шу - фаолиятимни ривожлантириш.

- Хўш, янги жамоангизга қандай янгилик олиб киришингиз мумкин?

- Интенсивлик, техник фазилатлар, индивидуал ўйин... Шунингдек, голлар ва ассист­лар тўплашдан умидворман. Ахир ҳужумкор футболчидан айнан самарадорлик кутишади.

- Айни пайт жисмоний томондан тайёрмисиз? Яъни ўйинга нечоғли тез киришиб кетасиз?

- Мураббий таркибга қўшиши билан ўйнайман. Бу масалада муаммо йўқ.

- Асосий мақсадингиз...

- Ғалаба қозониш, кубоклар ютиш. Машғулотлар базасига киргач, кўзларим клуб совринларига тушди ва ўзимга сўз бердим: «Яқин келажакда шу кубоклардан баъзиларини ютишим шарт».

- Ниҳоят, мухлисларга нима дейсиз?

- «Энфилд»да кўришгунча ва You`ll Never Walk Alone («Ҳеч қачон ёлғиз қолмайсан»)!

МУҲАММАДХОН тайёрлади