«Жирона» орқали сеҳрли парвоз!

«Жирона» орқали сеҳрли парвоз!

«Манчестер Сити» клуби бразилиялик Савио Морейра трансферини тасдиқлади.

Аввалги мавсум «Жирона»нинг юксалишига катта ҳисса қўшган вингер «шаҳарликлар» билан бирданига 5 йиллик шартнома тузди. Расмий таништирув маросими 4 август куни «Иттиҳод» стадионида бўлади.

BBC хабарида айтилишича, 20 ёшли футболчининг асл жамоаси саналган «Труа» (Франция) ушбу трансфер ортидан 40 миллион евро (30,8 миллион фунт) олади. Тўғри, инсайдер Фабрицио Романо сал бошқача рақамларни келтирмоқда. Унга кўра, «Манчестер Сити» Савио учун Франция клубига бирданига 21 миллион фунт тўлайди, бонуслар билан эса умумий сумма 33,6 миллионга етиши мумкин. Маълумот учун, аввалги мавсум «Жирона»да ижара муддатини ўтаган Савио Ла Лиганинг 37та ўйинида 9та гол ва 10та ассист тўплади. Бразилия миллий жамоа­сининг 20 ёшли вингери шу аснода Каталония клубининг бош ассистентига айланганини алоҳида таъкидлаш керак.

САВИОНИНГ ФУТБОЛДАГИ СЕҲРЛИ ЙЎЛИ

2020 йил сентябрь

«Атлетико Минейро»да кимсан Хорхе Сампаолини ҳайратга солди

2022 йил июль

«Труа» тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айланди

2022 йил июль

Ижара келишуви асосида ПСВга йўл олди

2022 йил август

ПСВ тизимидаги иккинчи жамоага ўтказилди

2023 йил май

U-20 тоифасидаги ЖЧда Бразилия термасини олға бошлади

2023 йил июль

Ижара келишуви асосида «Жирона»га йўл олди

2024 йил июль

«Труа»дан «Манчестер Сити»га ўтди