ОЛИМПИАДА-2024 НАФАСИ: Кападзе танлови – Шомуродов, Ўрунов ва Алиқулов

ОЛИМПИАДА-2024 НАФАСИ: Кападзе танлови – Шомуродов, Ўрунов ва Алиқулов

Хабарларга қараганда, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Олимпиадага борадиган 23 ёшдан катта 3 нафар футболчини танлаб бўлган

Ҳужумчи Элдор Шомуродов, ярим ҳимоячи Остон Ўрунов ва ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов. Аслида олдинроқ умумий рўйхатдан «Насаф» вакили Акмал Мозговой жой олиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Фақат унинг Парижга бориш-бормаслиги ҳимоя­чи Алибек Давроновнинг ҳолатига боғлиқ эканлиги айтилганди. Афсуски, «Насаф» вакилининг жароҳати жиддий эканлиги ва унинг Олимпиадада қатнашолмаслиги ойдинлашди. Натижада орқа чизиққа Ҳусниддин Алиқулов номзоди танланган кўринади.

Умуман, Ўзбекистон U-23 термаси 3 июль куни (эртага) йиғилади. Дукентда бошланадиган машғулотлар 9-санагача давом этади. 11 июль куни эса Ўзбекистон U-23 термаси Францияга йўл олади. Вакилларимиз аввалига Марсель шаҳрида шуғулланиб, Гвинея (15 июль) ва Янги Зеландия (18 июль) термаларига қарши ўттоқлик ўйинларида майдонга тушишади. Жамоамиз шундан сўнг Парижга кўчиб ўтади. Ҳозирча легионерлардан Абдуқодир Ҳусанов ва Аббос Файзуллаевнинг Олимпиадада иштирок этишлари аниқ. Кутилишича, «Ланс» ва ЦСКА клублари уларни 10 июль куни қўйиб юборади. Катта эҳтимол билан Ҳусанов ва Файзуллаев терма жамоа сафига Марселда қўшилишади. Айни кунлар Ҳожимат Эркинов («Ал-Ваҳда»), Умарали Раҳмоналиев («Рубин») ва Иброҳимхалил Йўлдошев- («Қайрат»)нинг клубларидан жавоб кутилмоқда. Эслатма, Олимпиада «заявка»сига 18 нафар футболчи киритиш мумкин. Шунингдек, 4 нафар футболчини захирачи сифатида рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади. Турнир давомида 18таликдан кимдир жароҳатланса ёки бетоб бўлиб қолса, унинг ўрнига захирадаги футболчилардан бири жалб этилади. 

Ўзбекистон термаси гуруҳдоши Миср жамоаси эса Олимпиадада «Ливерпуль» етакчиси Муҳаммад Салоҳ хизматидан фойдаланолмаса керак. Ҳар ҳолда, Liverpool Echo наш­рида ёзилишича, мисрлик ҳужумчи яқин орада «Ливерпул»нинг мавсумолди йиғинига қўшилади. Қолаверса, Миср футбол ассоциацияси Англия клуби билан Салоҳни Олимпиадага жалб этиш масаласини ҳали муҳокама ҳам қилмаган. Эслатма, Париж-2024 футбол турнири 24 июль куни старт олади ва 9 августга қадар давом этади. Финалдан атиги 8 кун ўтиб эса АПЛ бошланади. Шундай экан, «Ливерпуль» Салоҳни қўйиб юбориши даргумон. Боз устига, «қизиллар» июль ойи охирида АҚШ бўйлаб турнега чиқишади ва «Бетис», «Арсенал» ҳамда «МЮ»га қарши ўртоқлик ўйинларида Салоҳни қатнашиши молия­вий томондан ҳам муҳим. Шунингдек, «Трабзонспор» ҳужумчиси Маҳмуд Трезеге ҳам Олимпиадада мисрликларга ёрдам беролмайди. Бинобарин, ЕЛ саралашида қатнашадиган Туркия клуби унга рухсат бермасликка қарор қилди.  

Яна бир рақибимиз - Доминикан Республикаси термасининг кенгайтирилган таркибида Испания қуйи лигалари, MLS вакиллари кўп. Машҳур ва бизга таниш жамоалардан таклиф этилган футболчилар ҳам бор: Дорни Ромеро («Актобе»), Мариано Диас («Севилья»), Петер Федерико («Валенсия»), Эдгар Пу­йоль («Кастилья»).  

Ўзбекистон термасининг турнирдаги илк рақиби - Испания олимпия жамоаси эса 1 июль куни якуний йиғинга 22 нафар футболчи билан киришди. Испанлар режа бўйича 17 июль куни Франциянинг Бордо шаҳрига етиб боришади ва эртасига АҚШ олимпия термасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушишади. Жамоа таркибида Эрик Гарсия, Пау Кубарси, Алекс Баэна, Пабло Барриос, Серхио Гомес, Фермин Лопес, Саму ва Абель Руис каби нисбатан танилган футболчилар бор. Эслатма, Ўзбекистон ва Испания олимпия жамоалари ўртасидаги ўйин 24 июль куни Парижда бўлади. 

Ўзбекистон олимпия термасининг гуруҳ («C») босқичидаги ўйинлари 

1-тур. 24 июль (чоршанба). Париж  

ИСПАНИЯ - ЎЗБЕКИСТОН 

2-тур. 27 июль (шанба). Нант 

ЎЗБЕКИСТОН - МИСР 

3-тур. 30 июль (сешанба). Париж  

ДОМИНИКАН РЕС. - ЎЗБЕКИСТОН