Осиё футболи: Улар ҳазиллашишмаяпти...

Осиё футболи: Улар ҳазиллашишмаяпти...

Саудия Арабистони футбол клубларини хусусийлаштириш лойиҳасини бошлади.

Мамлакатда спортни ривожлантиришга қаратилган «Vision 2030» лойиҳаси доирасида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ал Сауд спорт клубларини сармоялаш ва хусусийлаштириш лойиҳасини ишга туширди.

Саудия Арабистони чемпионатининг даромади йилига 450 миллион риалдан (112 млн. евро) 1,8 миллиард риалдан (450 млн. евро) ошиши, шунингдек, лига қийматининг 3 миллиарддан 8 миллиардга кўтарилиши кутилмоқда. Саудия Арабистони чемпионатида бошқалар қатори «Ал-Наср»да тўп сураётган Криштиану Роналду ҳам ўйнайди. «Реал»нинг собиқ ҳужумчиси Карим Бензема ҳам маҳаллий «Ал-Иттиҳод» сафига қўшилди. Шунингдек, Серхио Рамос, Серхио Бускетс, Н’Голо Канте ва Жорди Альба ҳам яқин орада Саудия клубларида пайдо бўлиб қолиши мумкин.

SIF САУДИЯ ГИГАНТЛАРИ ЭГАСИГА АЙЛАНДИ

Саудия Арабистонининг давлат инвестиция фонди (State Investment Fund of Saudi Arabia - SIF) кутилмаганда Саудия чемпионатининг 4та клуби эгасига айланди. SIF энди «Ал-Иттиҳод», «Ал-Наср», «Ал-Ҳилол» ва «Ал-Аҳли» клубларининг эгаси ҳисобланади. Бу ҳақда компаниянинг матбуот хизмати эълон қилди. Ушбу фонд 2022 йилнинг бошида «Ньюкасл»­ни сотиб олган эди. Эслатиб ўтамиз, SIF эгалик қиладиган «Ал-Наср»да жаҳон футболи юлдузи Криштиану Роналду тўп суради. Фонд эгалик қиладиган яна бир клуб эса Карим Бензема билан шартнома имзолади.

роналду КАНТЕНИ ЧОРЛАМОҚДА

Нголо Канте Криштиану Роналду билан бир жамоада тўп тепиши мумкин. Португалияликнинг шахсан ўзи уни риёдликлар таркибида кўришни хоҳлайди. Фабрицио Романо берган хабарга кўра, ярим ҳимоячи «Челси»да қолишни истайди. Бироқ янги шартнома борасида музокаралар март ойидан буён олдинга силжигани йўқ. Бундан Саудиянинг икки клуби фойдаланиб қолишни истаяпти. Булар - «Ал-Иттиҳод» ҳамда «Ал-Наср». Маълум бўлишича, «Ал-Иттиҳод» аллақачон Лондонга ўз вакилларини юборишни режалаштириб қўйган. Якунига етган мавсум Канте АПЛ доирасида 7 ўйинда майдонга тушиб, 1та голли узатма муаллифига айланган.

МОДРИЧга ҳам таклифлар бор

«Реал Мадрид»нинг яна бир афсонаси бу йил жамоани тарк этади. Шартномаси ёзда якунланадиган Лука Модрич «Реал» билан келишувни узайтирмоқчи эмас ва Саудия Арабистони жамоаси билан уч йиллик шартнома имзолаш ниятида. Модрич шу уч йил мобайнида 120 миллион евро ишлаб олади. Хорватиялик ярим ҳимоячи жорий мавсум барча мусобақаларда 51та учрашувда майдонга тушди.

АЛИРИЗО Бейранванд «АЛ-НАСР»ГА ЎТИШИ МУМКИН

Эрон терма жамоаси ва «Персеполис» клуби посбони Алиризо Бейранванд фаолиятини Саудия Арабистони чемпионатида давом эттириши мумкин. Persianfootball нашри хабарига кўра, дарвозабон «Ал-Наср»га кўчиб ўтиши эҳтимоли катта. Шу билан бирга бу трансфернинг амалга ошиши қийин. Сабаби, риёдликлар сафида колумбиялик Давид Оспина сафга қайтса, Бейранванд захира вакилига айланиб қолади. Маълумот ўрнида, Алиризо фаолияти давомида Эроннинг «Нафт Теҳрон», «Персеполис», Бельгиянинг «Антверпен» ҳамда Португалиянинг «Боавишта» каби клублари шарафини ҳимоя қилган. 30 ёшли посбон Эрон миллий терма жамоаси таркибида 56та ўйинда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 26та тўп олиб чиққан. Шунингдек, 35 беллашувда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.

ЛАОС ҲАМ ШУ ЕРДА

Ла Лига сўнгги 38-турида таниқли ҳакам фаолиятини якунлади. Испаниялик Антонио Матеу Лаос 46 ёшда ҳакамлик фаолиятини якунлади. Бунга Ла Лигадаги бош ҳакамлар фаолияти ёш тоифаси 45 ёшгача белгилангани сабаб бўлди. «Осасуна» ва «Альмерия» (3:1) жамоалари ўйиндан кейин Ла Лигада 15 йил ҳакамлик қилган реферига хайралашув коридори ташкил қилишди ва Лаос майдонни кўзда ёш билан тарк этди. Матеу Ла Лига тарихида бошқарган ўйинлари сони бўйича учликдан жой олган - 283та учрашув. Фақатгина Эдуардо Итурральде Гонсалес (291) ва Альберто Ундиано Мальенко (348) Примерада ундан кўпроқ ўйин бошқарган. Лаос 2008 йил Ла Лигада дебютини амалга ошириб, 2011 йил ФИФА реферисига айланганди. У ЕЧЛ 2020|2021 йилги мавсум «Манчестер Сити» - «Челси» (0:1) ўртасидаги ЕЧЛ финалини бош­қарган, ЖЧ-2022да ҳам фаолият юритди. Аввалроқ, Estadio Deportivo нашри томонидан Матеу ёзда Саудия Арабистони ҳакамлар қўмитасини бошқариши ҳақида хабар берилганди.

БЕНЗЕМА «АЛ-ИТТИҲОД»ГА ЎТДИ

Якшанба куни «Реал» билан хайрлашган Карим Бензема фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттирадиган бўлди. Саудия клуби матбуоти хабарига кўра, франциялик 35 ёшли ҳужумчи расман «Ал-Иттиҳод» клуби аъзосига айланди. Бензема 5 июнь куни трансфер амалга ошиши учун муҳим ҳужжатларга имзо чеккан. Жидда шаҳри жамоаси ва Карим ўртасида 3 йиллик шартнома имзоланди. Унга кўра, Бензема Саудия Арабистони клубида йиллик 100 миллион евро маош, уч йилда  300 миллион Қ ушбу араб мамлакатининг ЖЧ-2030 элчиси роли учун 20 миллион - жами 320 миллион евро ишлаб топади. «Ал-Иттиҳод» Саудия чемпионати жорий мавсумида «Ал-Наср»ни ортда қолдириб, чемпионликка эришганди.