От изини босган тойчоқлар

От изини босган тойчоқлар

Касбдошлар авлодлари - ҳаётда учраб турадиган ҳодиса.

Ҳатто футболда ҳам. Футболчи оталари изидан бораётган фарзандларга кўп гувоҳ бўлганмиз. Тўғри, отасидан ўзиб кетиш камдан-кам ўғлонларга насиб этади. Келинг, яхшиси, машҳур ва кўпчиликка таниш бўлмаган футболчилар авлодлари билан танишиб чиқайлик.

Чезаре, Паоло ва  Даниэль Мальдинилар

Ҳикоямизни энг номдор сулола очиб беради. Паоло Мальдини - футбол тарихидаги буюк ҳимоячилардан бири. Лекин унинг отаси ҳам «Милан»нинг 1950 ва 1960 йиллардаги афсонаси. Шунингдек, Чезаре Италия терма жамоаси шарафини 14 марта ҳимоя қилган, кейин мураббий сифатида бошқарган. Тўғри, Даниэль ҳам сулола анъанасини давом эттирди, лекин бобоси ва отасидан фарқли равишда, ҳужумкор ярим ҳимоячи ихтисосини танлади. Ҳозир Даниэль «Милан» ва терма жамоа ёшлари сафида тўп сурмоқда.

Йохан ва Хорди  Кройфлар

Хорди отаси «Барселона»да тўп сурган даврда туғилгани сабабли, ўғлига каталонча исм танлаганди. Нидерландияда уни Йорди, деб чақиришади. Кейинчалик ота-ўғил касбдошлар «Камп-Ноу»да учрашдилар: Йохан «Барса»ни бошқарди, Хорди эса тўп сурди. Албатта, маҳорат бобида отасидан ўзиб кета олмаган бўлсада, «Барселона», «МЮ» ва «Алавес» клубларида талаб даражасида тўп сурди.

Пабло ва Диего  Форланлар

2011 йилда Уругвай Америка Кубогида зафар қучгач, терма жамоа ҳужумчиси Диего Форлан шундай деганди: «Ғалаба мен учун муҳим аҳамиятга эга. Бобом ғалаба қозонган, отам ғалаба қозонган, энди мен ғалаба қозондим». Дарҳақиқат, Диегонинг отаси Пабло иккита ЖЧда Уругвай шарафини ҳимоя қилган, бобоси Хуан Карлос Кораццо ҳам терма жамоа­да тўп сурган.

Жорж ва Тимоти Веалар

Жорж энг буюк африкалик футболчилардан бири ҳисобланади. «Милан»нинг собиқ ҳужумчиси 1995 йилда «Олтин тўп» мукофотига сазовор бўлган, кейин Либерия президенти лавозимига сайланган. Унинг ўғли Тимоти эса Нью-Йоркда таваллуд топгани сабабли, АҚШ терма жамоаси таркибида тўп сурмоқда. Клуб миқёсида кичик Веа «ПСЖ», «Лилль» ва «Ювентус» клубларида ўйнаган.

Диего ва Жованни Симеонелар
simeone-3.jpg

«Атлетико»нинг амалдаги бош мураббийи бўлмиш Диего Симеоне 1990-2000 йиллар оралиғида Аргентина терма жамоаси таркибида юздан ортиқ учрашувларда майдонга тушганди. Энди унинг 3 нафар ўғлонлари - Жованни, Жанлука ва Жулианолар ота касбини эгалладилар. Улар орасида энг машҳури - «Ривер Плейт», «Фиорентина», «Наполи» ва «Альбиселесте»да ўйнаган Жованни ҳисобланади.

Мазиньо, Тьяго ва Рафинья Алькантаралар

Бразилия терма жамоасининг ғалабаси билан якунланган ЖЧ-1994 турнирида ярим ҳимоячи Мазиньо ёрқин ўйин намойиш этганди. У ака-укалар - Тьяго ва Рафинья Алькантараларнинг отаси эканлигини кўпчилик билмаса керак. Улар ўз фаолиятларини «Барселона»да бошлашган. Тьяго шунингдек, «Бавария» ва «Ливерпул»да ҳам тўп сурган, терма жамоа миқёсида Испания сафида майдонга тушганди. Рафинья» эса «Интер», «ПСЖ» ва Бразилия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилганди.

Данни ва Дейли Блиндлар

Данни Блинд - ўз даврининг таниқли футболчиларидан бири. У 1980-1990 йилларда «Аякс» билан 5 карра Эредивизие чемпиони бўлди, ЕЧЛда ғолиб чиқди. Шунингдек, Нидерландия терма жамоаси либосида 42 марта майдонга тушганди. Унинг ўғли Дейли эса терма жамоа сафида 100 мартадан кўпроқ майдонга тушиб улгурди, «Аякс», «МЮ», ва «Бавария»дан кейин ҳозир «Жирона» билан Ла Лига ғолиблиги учун курашмоқда.
blind-3.jpg

Петер ва Каспер Шмейхеллар

Энди навбат камдан-кам учрайдиган ҳодиса қаҳрамонларига келди. Ўғил ўз отасидан шунчаки, футболчилик касбини эмас, майдондаги ихтисосини ҳам мерос қилиб олди. Петер Шмейхель «МЮ» билан 5 марта чемпион бўлган, Дания термаси билан 1992 йилда Европа чемпионати ғолиби бўлганди. У футбол тарихидаги энг моҳир дарвозабонлардан бири бўлган. Буни қарангки, Каспер ҳам Дания терма жамоаси ва «Лестер» сафидаги 11 йиллик фаолияти билан ёрқин из қолдирди. «Тулкилар»нинг 2016 йилдаги чемпионлигида моҳир дарвозабон бош ролни ижро этганди.

Альф-Инге ва Эрлинг Холандлар

Кичик Холанд саҳнага чиққунга қадар бу футболчилар оиласидан кўпчилик бехабар эди. Очиғи, ўғил отасидан ўзиб кетган ҳолатлар ҳам камёб ҳодисалар сирасидан. Альф-Инге 1990-2000 йилларда «Ноттингем», «Лидс» ва «Манчестер Сити» клубларида тўп сурган, Норвегия терма жамоаси либосида 34 марта майдонга тушганди. Эрлинг айнан Лидсда туғилган. У «Мольде», «РБ Зальцбург» ва «Боруссия Дортмунд»дан кейин «Сити»га ўтиб, дунёнинг энг яхши тўпурари чўққисини забт этиш ниятида.

Лилиан, Маркус ва Хефрен Тюрамлар

Француз футболи тарихидаги буюк ҳимоячилардан бири бўлган Лилиан ортиқча изоҳга муҳтож эмас. ЖЧ-1998даги ғалабада бош ролни айнан у ижро этганди. Клуб миқёсида эса у «Парма» ва «Ювентус»даги ишончли ўйинлари билан машҳур. Энди Лилиан ўз ворислари билан фахрланишга ҳақли - ўғлонлари Маркус ва Хефрен миллий терма жамоа сафида тобора самарали тўп сурмоқдалар.

Энрико ва Федерико Кьезалар

Энрико 1990-2000 йилларда Италиянинг сермаҳсул ҳужумчилари қаторида бўлган, терма жамоада, «Сампдория», «Парма», «Фиорентина» ва «Лацио» клубларида муваффақиятли тўп сурганди. Федерико ҳам «Скуадра Адзурра» ва «Фиорентина», «Ювентус»да мухлис ва мураббийларни мамнун этмоқда.

Давоми газетамизнинг кейинги сонларида

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади