Ҳозирда Осиё кубогини қабул қилиш имкони йўқми?

Ҳозирда Осиё кубогини қабул қилиш имкони йўқми?

Қатарда фаолиятини давом эттираётган таниқли мутахассис Алишер Никимбаевнинг daryo.uz сайтига берган интервьюсида таъкидлашича, айни ҳолатда бизда Осиё кубогини қабул қилиш имкони кам.

Агар мамлакатимиз қитъа чемпионатига мезбонлик қилишни хоҳлаётган бўлса, ҳозирдан ҳаракат бошлаш зарур.

- Кўпчилик мендан Ўзбекистоннинг Осиё кубогини қабул қилиш имконияти ҳақида сўрайди. Бугунги кунда бунинг иложи йўқ. Чунки бизда на 40 минг, на 50 минг сиғимли стадион бор. ОФКнинг талаби эса шунақа. 5 йилча олдин Шота Арвеладзе «Пахтакор»да ишлаган вақт у билан суҳбатлашганимизда, «Раҳбарият янги стадион қуриш ниятида, ҳозиргиси бузилиб, ўрнига янгиси қурилар экан», деганди. Лекин «Пахтакор» стадиони ҳамон турибди. Ўшанда стадион ҳажми ҳақида гаплашганмиз. Шота «Пахтакор»га 25 минг томошабин сиғадиган стадиондан каттаси керак эмаслиги, одамлар барибир кирмасликлари, кўпи билан 10-15 минг мухлис тушишини айтганди. Агар «Пахтакор» манфаати томонидан қаралса, гапи тўғри эди, бироқ бу ерда кимдир мамлакат манфаатини ҳам ўйлаши керак. Масалан, бугун «Бунёдкор» стадиони бор. Лекин у ҳам ОФКнинг 40-50 минг сиғимли стадион талабига жавоб бермайди. Тўғри, 20 минглик стадион ҳам керак бўлади, балки бунисида «Бунёдкор» талабга жавоб берар... Осиё кубоги ўтказиш учун эса камида 8та стадион керак. Мана шу ерда стратегик режалаштириш ҳақида гапириш лозим. Тепадан кимдир айтиши керак: «Пахтакор» 50 минглик стадион қуради, Самарқанд эса 40 минглик». Бу шунчаки, мисол. Ке-йинги Осиё кубоги Қатарда ўтказилади. 2027 йили Саудия Арабистонида, 2031 йили Ж.Корея ёки бошқа мамлакатда. Хуллас, 2035 йилги турнир учун имкониятимиз бор. Демак, бугундан 12 йиллик режа бўйича иш бошласа бўлади, — деди Алишер Никимбаев Осиё кубогини қабул қилиш масаласида.

Алишер Файзуллаевич суҳбат давомида мавзу доирасида 2006 йили футзал бўйича Осиё чемпионати Тошкентда қандай ташкиллаштирилганини ҳам эсга олди:

- 2005 йили тайёргарлик бошлаганимизда, ҳаттоки, қўллаб-қувватлаш деган тушунчанинг ўзи йўқ эди. Вазирлик ёки мутахассислар томонидан умуман қўллаб-қувватлаш бўлмаган. Федерациянинг ўзи барчасини бўйнига олиб, ОФКга чиққанди. Осиё чемпионатини қабул қилиш даражасига чиққанимизни баён этиб, ариза берганмиз. Дастлаб футзалдан бошламоқчи эдик. Чунки бу осонроқ эди. «Барселона» ва «Арсенал» ўртасида кечган 2006 йилги ЕЧЛ финалини кўрмаганман. Ўша тунда аэропортда ўтирганман, 7-8та футзал жамоасини кутиб олганман. Ҳозирда жуда кўп турнирларни қабул қиляпмиз Ўзбекистонда. Нафақат футбол, балки бошқа спорт турларида ҳам. Лекин ўша 15-16 йил олдин бу нарсалар жуда кам эди ва биз биринчилардан бўлганмиз. Шунинг учун жуда катта эътибор талаб қилинган. Аэропортга тунги 23:00да борган бўлсам, эрталаб 07:00да чиққанман. Чунки биласиз, аэропорт заиф нуқталардан бири. Ўша вақт меҳмонхоналарда ҳам муаммолар бўлган. 

------------------------------------

Алишер Никимбаев шунингдек, ўз канали - «Футбо-лиум»да Осиё футболига тааллуқли долзарб хабарларни бериб бормоқда доимгидек.

*** 

- Янги йил байрами ғала-ғовури остида ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги-2023 Таиландга кўчирилгани ҳақидаги янгилик эътиборсиз қолди. Эслатиш керак, бу турнирни аслида Баҳрайн қабул қилиши керак эди, бироқ мамлакат футбол ассоциацияси мезбонликдан воз кечди. Мана, ОФК Мусобақалар қўмитаси декабрь ойи якунида бўлажак мусобақа мезбонлик ҳуқуқини Таиландга топшириш ҳақида қарор чиқарди. Биз эса шу баҳона иштирокчи жамоалар таркиби, шунингдек, қуръадан олдинги саватчаларнинг якуний кўринишини ёдингизга соламиз. 

*** 

- Алиризо Фағони энди расман Австралия ҳакамлик корпуси вакили сифатида ишлайди. Аслида бу ҳакам бир неча неча олдин Австралияга кўчиб кетганди, фақат ҳужжатда Эрон номидан қатнашаётганди. Хуллас, жаҳон кубоги-2022 Фағони учун Эрон байроғи остида қатнашган охирги мусобақа бўлди.