Пау Торрес: «АПЛ муҳитига илҳақман»

Пау Торрес: «АПЛ муҳитига илҳақман»

«Вильярреал» клуби ва Испания миллий жамоасидаги барқарор ўйинлари билан мухлису-мутахассислар эътирофига эришган ҳимоячи Пау Торрес сўнгги йиллар деярли барча топ-клублардан таклифлар олди.

Лекин 26 ёшли футболчи собиқ устози Унаи Эмерига эргашиб, камтарин «Астон Вилла»ни танлади якунда. Бирмингем клуби ушбу универсал ҳимоячи трансфери йўлида 37,5 миллион евродан воз кечди ва у билан бирданига 5 йиллик шартнома тузди. Маҳаллий VillaTV канали эса дарҳол Пауни суҳбатга тортиб, мухлисларни қизиқтираётган кўплаб саволларга жавоб олишга уринди.

- Пау, «Астон Вилла»га хуш келибсан. Аввало, илк таассуротлар билан ўртоқлашсанг...

- Хуш кўрдик. Бағоят хурсандман. Умид қиламанки, бу ўтиш фаолиятимда ҳал қилувчи бурилиш, олдинга ташланган қадам бўлади. Бунга тўлиқ тайёр эдим, «Астон Вилла» сафига қўшилганимдан асло афсусланмайман. Энди АПЛда ўйнаш имкониятидан максимал даражада фойдаланишни хоҳлайман.

- Қизиқ, «Астон Вилла» лойиҳаси ва клубнинг ўзи нимаси билан жалб қилди?

- Гап ўтган йили катта суръат билан ривожлана бошлаган лойиҳа ҳақида кетмоқда. Бошқарув Эмерига топширилганидан сўнг жамоа АПЛда чинакамига жангга киришди ва якунда еврокубокларга йўл олди. Ўйлайманки, бу «Вилла» учун олдинга ташланган катта қадам. Ҳаммаси жамоа йилдан-йилга яхшиланишга интилаётганидан далолат. Албатта, бўлажак мавсум ҳам турнир жадвалида янада юқорироққа кўтарилишдан умидворман.

- Унаи Эмерини жуда яхши биласан. Бош мураббий билан алоҳида гаплашгандирсан... Сир бўлмаса, айнан қайси масалаларни муҳокама қилдинглар?

- Ҳа, босс билан аллақачон бафуржа суҳбатлашдим, у асосан «Астон Вилла» лойиҳаси моҳиятини тушунтирди ва мени бунга қизиқтириб қўйди. Илк суҳбатда шунчаки, трансфер эҳтимоли ҳақида гаплашгандик ва ўшандаёқ АПЛга кўчиб ўтиш учун яхши вариант юзага келганини тушундим. Мана, энди шу ердаман. Ҳозир ишга киришиш ва бор қобилиятимни намойиш этиш онларини сабрсиз ҳолда кутяпман.

- Ўзи Англия ва АПЛда ўйнаш нимани англатади?

- Тушунарлики, АПЛ - дунёдаги энг кучли лигалардан бири. Бу мен учун - янги тажриба. АПЛда ўйнаш қандайлигини биладиган янги клубдошларим ва кўплаб танишларим ҳаммасини ўзгача таърифлашмоқда. Айниқса, мухлислар, стадионлар ҳақида жуда яхши гаплар эшитдим. Энди шу гўзал муҳит ичига тушиш ва бундан борича роҳатланишга илҳақман.

- Янги жамоада бирор футболчини яқиндан танийсанми?

- Алекс Моренони яхши биламан. Бу ерга келишдан олдин у билан ҳам гаплашдим, албатта. Табиийки, Алекс­нинг жамоада, кийиниш хонасида эканлиги менга мослашув жараёнида жуда қўл келади. Ҳар ҳолда, ундан клуб ва дастлабки давр тажрибаси ҳақида бемалол сўрашим мумкин.

- Европа миқёсида энг юқори даражада халқаро тажрибага ҳам эгасан. Янги клубингни эса олдинда еврокубок ўйинлари ҳам кутмоқда. Бунга нечоғли тайёрсан?

- Ҳа, шу кунга қадар деярли ҳар йили «Вильярреал» билан еврокубокларда ўйнаш имкониятига эга бўлдим. Бу юриш Англияда ҳам давом этиши ёқимли. Албатта, қобилиятим билан жамоанинг юқори даражага кўтарилишига иложи борича кўпроқ ҳисса қўшмоқчиман. «Астон Вилла» лойиҳасига кўра, клуб еврокубокларда мунтазам ўйнаши керак. Тўғри, бу йил жамоага осон бўлмаслиги тайин, лекин барчасига тайёрман, табиатан мураккаб синовларни ёқтираман.

- «Вилла Парк» аренаси ва клуб мухлислари ҳақида нималарни эшитдинг?

- Стадион ҳар ҳафта дам олиш кунлари мухлислар билан деярли тўлишини биламан. Айтишларича, ўйин вақти бутун шаҳар футболдан нафас олади. Бирмингемда абонементга ариза берганлар рўйхати чипта эгалариникидан узунроқ эканлигини айтишди. Шунинг ўзи «Вилла» мухлислари армияси кучидан далолат. Маълумот беришларича, стадионни кенгайтириш ҳаракати бошланган - бу улкан иш. Қисқаси, айтиш мумкинки, бутун Бирмингем ҳамиша жамоа билан бирга.

- Охирги савол: янги мавсумга қаратилган шахсий ва жамоавий амбицияларинг қандай?

- Мени АПЛдаги дебют мавсум кутмоқда. Табиийки, тезроқ мослашиш, бошидан иқтидоримни тўлиқ намойиш этишни хоҳлайман. Жамоавий мақсад - ўтган мавсум бошланган суръатни янада оширганимизни кўрсатиш. Шунингдек, Европа майдонларида ҳам бор кучимизни ишга соламиз, ўзимизни асло аямаймиз. Тўғри, қитъа миқёсида кучли жамоа­ларга қарши ўйнаймиз ва уларнинг ҳар бирига ҳурмат билан қарашимиз шарт. Менимча, бизда  ҳам ажойиб таркиб бор ва анча узоққа боришимиз мумкинлигини яхши биламиз.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

 

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.