Қаҳҳор Мўминов: «Аббосга Акифеев ёнидаги жой ишониб топширилган»

Қаҳҳор Мўминов: «Аббосга Акифеев ёнидаги жой ишониб топширилган»

Бугунги кунда Ўзбекис­тоннинг энг машҳур легионерларининг аксариятига Prosports Management консалтинг компанияси хизмат кўрсатади.

Қаҳҳор Мўминов ушбу компания орқали бир неча футболчиларимиз трансферини амалга оширган мутахассисдир. У яқинда sport24.ru сайтига катта интервью берди. Унда Мўминов ўзбекистонлик мижозлари ва Ўрта Осиё футболи ҳақида кутилмаган кўп нарсаларни батафсил муҳокама қилди.

— Аббос Москвадаги фаолиятини мана шундай зўр бошлашини тасаввур қилганмисиз?

— Агар биз унинг фаолияти шу даражада яхши бошланишини кутгандик, десам ёлғон бўлади. Биз - ProSports Management компаниясидагилар Аббос унга берилган имконият ва билдирилган ишончдан, бош мураббий Владимир Федотов билан ишлашдан оқилона фойдаланяпти, деб биламиз. Жамоада Аббосни илиқ қабул қилишгани муҳим омил бўлди. Игорь Акинфеев ва бошқа фахрий ўйинчилар уни ўз қарамоғига олишди ва ҳар томонлама ёрдам беряпти. Муваффақиятли ўйинлардан кейин уни алоҳида меҳр билан табриклашяпти. Клубнинг қолган ходимлари ҳам худди шундай муносабатда. Булар Файзуллаевни илҳомлантиради. Қолаверса, Файзуллаевга кийиниш хонасида жамоа сардори ёнидан жой беришди. Бу ҳам фахрланадиган жиҳат.

— Аббос кимлар билан кўпроқ мулоқот қилади?

— Ҳамма билан муносабати яхши. Саша Зделар ва Виктор Давила билан сал кўпроқ гаплашади.

— Ие, нега айнан улар билан?

— Ҳаммаси оддий. Файзуллаев инглиз тилини жуда яхши билади. Бунинг учун амакисига раҳмат - Аббоснинг болалигидан чет тилини билиш муҳимлигини айтиб келган. Ҳозир Аббос хорижлик легионерлар билан мулоқот қилишида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. У Давилага рус тилини ўрганишда ёрдам беряпти.

— ЦСКА Файзуллаев учун трамплинми?

— Бу ҳақида гапиришга ҳали эрта. Аббос ҳозирча бир неч­та яхши ўйин ўтказди холос. ЦСКАда рақобат ўта кучли бўлмагани ва бу ерда ўзини кўрсатиш учун имконият кўпроқ экани бизни қониқтирди. Аббос қачон асосий таркибнинг муқим ўйинчисига айланса ва ЦСКАга совринларни олишда ёрдам берса, у ёғини яна кўрамиз. Ўзбекистондан келган ва янги ном бўлган ёш ўйинчисига ишонч билдиргани учун клубга катта раҳмат. Кейинги қадамларнинг ҳаммаси раҳбарият билан ҳамкорликда ташланади. Бахтиёр Зайнутдиновнинг фаолияти Аббосни янада яхшироқ ишлашга ундаши керак.

— Файзуллаев мавсумни Россиядан бошқа жойда бошлаши мумкинмиди?

— Аббосга Португалия чемпионатининг кучли бешлигидаги жамоадан чорлов бўлди. Нидерландиядан ҳам таклиф бўлганди. Бироқ у ерда 21 ёшгача бўлган футболчиларнинг маошига чеклов борлиги бизга тўғри келмади. Турклар ҳам тинч қўймади. Суперлиганинг барча етакчи клублари биз билан алоқага чиқишди. Қўшимчасига Яқин Шарқдан бир неча клуб таклиф билан чиқди. Биласизми, уларнинг аксарияти шубҳа билан қараган бир масала бор?

— Нима экан?

— Ўзбек лигасининг рақобатбардошлиги. Аббоснинг кучли бешлик лигаларида ўйнаш орзусини инобатга олиб, биз РПЛ олдинга қадам ташлаш учун энг маъқул вариант, деган қарорга келдик. Бунга Элдор Шомуродов, Хвича Кварацхелия ва Арсен Захарян мисоллари умид уйғотяпти.

— Шомуродовнинг ишлари қалай? «Кальяри»га ижарага кетишидан олдин Жозе Моуриньо билан гаплашдингизми?

— Энг муҳими, Клаудио Раньери билан қандай гаплашганимиз бўлди. Жаҳон футболининг ажойиб, танти ва жуда эътиборли мураббийи - Раньери билан бўлган суҳбатимиз Элдорни Сардиния вариантини танлашга ундади.
abbos1.jpg

— Эшитишимча, ёзда «Спартак» унга жиддий қизиқиш билдирган ва Шомуродов ҳам бир неча марта Москвага келиб-кетган экан...

— Россиянинг икки клубидан жиддий қизиқиш бўлди. Бир таклиф Москвадан, иккинчиси, чемпионатнинг ҳозирги пешқадамидан. Лекин маслаҳатлашиб, ҳозирча Италияда қолишга қарор қилдик.

— Остон Ўруновнинг ишлари қандай кетмоқда?

— Ҳаммаси яхши. «Навбаҳор»да ўз маҳоратини намо­йиш қилмоқда. Ҳозир Ўзбекис­тон чемпионатида энг яхши ўйинчилардан бўлиб турибди. Осиё Чемпионлар лигасида Неймар, Малком ва Милинкович-Савич каби футболчилардан таркиб топган «Ал-Ҳилол»га қарши муваффақиятли тўп тепди. Ҳа, Россияда Остоннинг ишлари юришмади, жуда ёш бўлгани учун буни уддасидан чиқа олмади. Қолаверса, фаолиятини ривожлантиришда нотўғри йўлни танлади.

— «Спартак» ҳақида айт­япсизми?

— Ҳа.

— Қишки трансферлар вақтида Остонга талаб бўладими?

— Ўрунов ҳозир умуман бошқа одамга айланган. Турмуш қурди, анча улғайди, эси кирди. Жуда иқтидорли йигит ва унинг фаолияти қандай ривожланишини кузатиб борамиз. Ўрунов қишгача юртида бўлади. «Навбаҳор» миллий чемпионатда ғолиб чиқиш ва Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятли қатнашишни мақсад қилган. Остон Ўрунов билан суҳбатлашиб шунга амин бўлдимки, Ўрунов ўз имкониятларини даражаси юқорироқ лигаларда синаб кўрмоқчи. Бу Европа клуби бўлмаса, Осиёники бўлиши ҳам мумкин.

— Ҳозир РПЛда 5 нафар ўзбек тўп сурмоқда. Бунақаси сўнгги 10 йилда кузатилмаган. Ёшлар терма жамоаси бу йил Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Бу ютуқлар ниманинг эвазига қўлга киритилмоқда?

— Ўзбекистонда мураббийлик мактаби сақланиб қолган. Ота-оналар болаларни футбол мактабига олиб келади, мураббийлар энг зўрларини саралаб олади. Бундан ташқари, давлат раҳбарияти спорт инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратади. Одил Аҳмедовдан кейин Россия чемпионатида Ўзбекистондан ўйинчилар кўзга ташлангани йўқ. Ўз тенгқурлари ўртасида фақат Элдор Шомуродовни қайд этиш мумкин. Ҳозир Россияга иқтидорли ёшларнинг янги авлоди келди. Булар Ҳожимат Эркинов («Торпедо»га тегишли ва «Пахтакор»да ижарада), «Пари НН»даги Иброҳимхалил Йўлдошев ва унинг жамоадоши - ҳали кенг оммага таништирилмаган, лекин ўта иқтидорли ҳужумчи Руслан Жиянов. Улар бизнинг мижозимиз. Шунингдек, «Рубин»даги Умарали Раҳмоналиев ва Рустам Ашурматов, «Алания»даги Ҳусайн Норчаевни ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. Улар орасида энг ёрқин талант - Аббосбек Файзуллаев. У жорий йил ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатининг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди. Бу рўйхатга Бахтиёр Зайнутдиновни ҳам қўшаман. Унда Қозоғистон паспорти борлигига қарамай, Бахтиёр этник ўзбекдир.

— Салбий ҳолатлар ҳам бўлган-ку.

— Остон Ўрунов ва Жасур Жалолиддинов. Остонга характеридаги айрим жиҳатлар халақит қилди. Жасур агентлари фаолиятини нотўғри режалаштиргани боис ўзини кўрсата олмади. Айтганча, Жалолиддинов агентларини алмаштирди. Қолган йигитларда худди биз - ўзбек футболчилари трансферлари билан шуғулланаётганлар сингари масъулият ҳисси юқори.

— Айтишларича, ўзбек футболчиларининг жисмоний кўрсаткичлари сабабли РПЛга кам олишар экан.

— Аввал Элдор Шомуродовни ҳам олишлари учун клубларни кўндириш керак эди. Ҳозир бошқача. 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Тошкентда бўлган Осиё чемпионатида бизнинг атрофимизда «Торино», «Бавария», «Вулверхэмптон», ЦСКА, «Краснодар», «Алания» ва бошқа кўплаб клублар скаутлари футболчиларни кузатиб ўтирди. Россиялик ҳамкасбларимиз ўзбек футболчиларининг кучайиб кетганидан ҳайратланди. Бу ўйинчилар бошқалардан умуман қолишмайди, тактик жиҳатдан ақлли, жисмоний тайёргарлиги талаб даражасида экан, дейишди. Табиийки, ҳатто Аббосга ҳам мослашиш давридан ўтишга вақт керак. ЦСКАдагилар буни тушунган ҳолда Файзуллаев билан ишлаяпти. Ўзбек ўйинчилар РПЛга Европага йўл очадиган кўприк сифатида қабул қилади ва ўзига жой очиш учун курашга тайёр.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади