Жамоа раҳбарияти Хави таклиф этмоқчи бўлаётган янги ўйинчиларни Ла Лигада рўйхатдан ўтказиш учун футболчилар маошини камайтиришига тўғри келади. Маошлар қисқариши қишки трансфер ойнасида таклиф этилган ўйинчилар ва яқинда шартномасини узайтирган футболчиларга таъсир қилмайди. Таркибдаги қолган ўйинчилардан эса маошлари қисқаришига розилик сўралади. Diario Sport хабарига кўра, жамоанинг сардорлари саналмиш Сержи Бускетс, Жерар Пике ва Жорди Альба раҳбариятнинг бу қарорига кескин қаршилик билдирмоқда. Улар бунгача икки марта маошлари қисқаришига рози бўлгани ва бу сафар ҳам улардан буни сўраш тўғри эмас, деб ҳисоблашмоқда. Раҳбарият илтимос билан чиққан тақдирда ҳам футболчилар рад жавобини бермоқчи. Аввалроқ, Хави таркибга бир қатор янги ўйинчилар – Роберт Левандовски, Сесар Аспиликуэта, Андреас Кристиансен, Маркос Алонсони таклиф этмоқчи экани ҳақида хабар қилинганди.