Қирол Фаҳд қўнғироғи ва мўъжизавий гол

Қирол Фаҳд қўнғироғи ва мўъжизавий гол

ЖЧ-94 ва Саудия Арабистони термасининг ундаги иштироки ҳақида сўз очилса, катта ёшли мухлислар дарҳол Саид ал Овайранни эслашади

 Аслида Саудия футболи юлдузи Европада умуман ўйнамаган, у бутун фаолиятини маҳаллий «Ал-Шабаб»га бағишлаган. Қолаверса, Овайран ҳаттоки, ўз мамлакатида ҳам энг яхши 30 нафар тўпурар қаторида эмас, боз устига, «саҳро бургутлари» билан қандайдир соврин ютмаган. Шунга қарамай, кўпчилик Саидни ЖЧ тарихидаги энг машҳур сауд ва араб сифатида таърифлайди. Унинг ўзи ҳам шу фикр­да ва бу борада ҳақдир балки. Эҳтимол, Саид ай-нан ўзига катта ишонч туфайли мундиал ҳисобидан 3-ўйинининг илк дақиқаларида даражаси анча баланд рақиб футболчиларини бирин-кетин доғда қолдириш ас-носида мўъжизавий гол ургандир. У АҚШ мундиа­лида нақ 5 нафар рақибини алдаб ўтиб, бутун турнир тарихидаги энг чиройли голлардан бирига муаллифлик қилганди.

*** 

Саид ал Овайраннинг айтишича, ўша мўъжиза мисоли голида Саудия Арабистони қиролининг ҳиссаси ҳам бор. Яъни ҳужумкор ярим ҳимоячи қирол қўнғироғидан илҳомланиб, майдонда шедевр яратган. «Бельгия термаси дарвозасига урилган гол фаолиятимни қутқариб қолди, - дейди ал Овайран халқаро фаолиятидаги қийин даврни эслаб. - 1993 йили миллий жамоа сафида ҳаммадан кўп гол ургандим. Жумладан, ЖЧ-94 саралаш босқичида жамоамизнинг энг яхши тўпурарига айландим. Ўшанда Мажид Абдулла энг катта юлдузимиз - асосий ҳужумчимиз саналарди, лекин ЖЧ-94 олдидан расмий ва ўртоқлик ўйинларида 18та гол урганим ҳаммасини ўзгартириб юборганди». Ал Овайран 1992 йили миллий жамоадаги дастлабки 10та ўйи­нида атиги 4та гол уради. Кейинги йили эса унинг истеъдоди чинакамига кўзга ташланади: Қатар, Ироқ, Таи­ланд ва Хитой термалари дарвозасига урган голлари обрўсини кескин оширади. Умуман, Саид АҚШ-94 мундиали йўлида, яъни саралаш баҳсларида ўз ҳисобига 7та гол ёзиб қўяди. 1993 йили Саудия термаси рақибларини жами 15 марта ранжитгани ҳам Осиёда янги юлдуз порлаётганидан далолат эди. Саид шунинг баробарида жонажон клуби - «Ал-Шабаб»да ҳам мунтазам гол уришга одатланади. Ўша вақт Саудия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар, Осиё кубогининг икки карра ғолиби Мажид Абдулла 34 ёшни уриб қўйган, қолаверса, жароҳатлар туфайли саралаш ўйинларида қатнашолмаганди. Сами ал Жабер эса ҳали анча ёш бўлиб, энди-энди равон йўлга чиқаётганди. Хуллас, саудияликлар АҚШ мундиали учун таркибнинг ҳужум бўғинини тўлдириш масаласида реал муаммога дуч келишган ва мухлисларда ал Овайран, Фаҳад ал Маҳаллал ва Фаҳад ал Ҳарифий каби ярим ҳимоячиларга умид боғлашдан ўзга чора қолмаганди. «Ўша мундиалда соф ҳужумчи ролини бажармаган бўлсам-да, гол уриш борасидаги барча босим менинг зиммамга тушганди, - дейди ал Овайран. - Биринчи ўйин Нидерландия термасига қарши кечди ва анча тетик ўйнаганимизга қарамай, якунда ютқаздик. Учрашувда гол уролмаганим ҳам босим даражасини оширди. Марокашликлар билан бўлган иккинчи ўйинда ҳам бор кучимизни ишга солдик ва ғалаба қозондик, аммо майдондан яна голсиз чиқиб кетдим. Менда 1тагина имконият юзага келди, лекин зарбамга дарвоза тўсини ғов бўлди. Агар ўша зарба гол билан тугаганида, у Бельгия термаси дарвозасига урилганидан ҳам чиройли чиқарди, шубҳасиз. Аммо омад юз ўгирди. Кейин марҳум қирол Фаҳд ибн Абдулазиз ал Сауд жанобларининг шахсан ўзи менга қўнғироқ қилди ва кўнглимни кўтарди: «Чиройли футбол кўрсатганларни Аллоҳнинг ўзи паноҳида асрасин. Кейинги ўйинда гол уришингга ишонаман». Шаҳзодалар - Султон бин Фаҳд ва Файсал бин Фаҳд ҳам бельгияликлар билан баҳсда ўзимни кўрсатишимга ишонч билдириб, алоҳида руҳлантиришди».

*** 

3-тур ўйини бошланиши билан Бельгия футболининг бош юлдузларидан бири Энцо Шифо майдоннинг саудияликларга тегишли томонида хатога йўл қўяди. Тўп Шифонинг шундоқ оёқлари остидан ўтиб, чап қанот ҳимоячиси Муҳаммад Абдуллоҳ ал Жаводга келади, у эса ўйлаб ўтирмай, ал Овайранни олдинга чорлайди. Атиги икки жамоадоши билан қарши ҳужумга ўтган қаҳрамонимиз эса, марказда ван дер Альст ва Диркни доғда қолдириб, олға интилади. Бу паллада Овайран билан олдинга ўтган икки футболчи қанотлар бўйлаб «учади». Натижада рақиблар чалғишади ва Саид ўз йўлида де Вольф ва Руди таъқибидан ҳам осонгина қутулади. Якунда ал Овайран олдида битта вазифа қолганди - Мишель Прюдомм дарвозасига аниқ зарба йўллаш. Саудиялик йигит бунда ўнг оёғини ишга солади ва сеҳрли гол юзага келади. Айтганча, бельгиялик афсонавий кипер кейинчалик тақдир тақозоси билан «Ал-Шабаб»ни бош­қаради, аммо бу вақтда қаҳрамонимиз бутсаларини михга илиб бўлганди. «Мундиал доирасидаги учрашувнинг 5-дақиқасидаёқ ўз даврида мўъжизага қиёсланган гол муллифига айландим - бу Аллоҳ марҳамати, улкан бахт ва жамоавий меҳнат самараси. Ҳаммасини дарвозабонимиз Муҳаммад ал Деайя бошлаб берди, ҳужумни Мажид Абдулла ва Ҳамза Идрис фаоллаштириб, ўз ҳаракатлари билан менга бўш ҳудуд очиб беришди. Шу тариқа ватаним ва араблар орзусини рўёбга чиқардим, ўзимникини ҳам. Қисқаси, ота-онамнинг дуолари ижобат бўлди. Танаффусдаёқ Фаҳад ал Маҳаллал, Сами ал Жабер ва Солиҳ ал Довуд мени табриклашга тушишди, бироқ нидерландларга қарши ўйин­да Фуад урган тезкор гол натижа бермаганини эслаб, қувонишга шошилмадим. Европаликлар ўшанда ҳисобни тенглаштириш билан чекланиб қолмай, якунда ғалабани илиб кетишганди. Қолаверса, Марокаш термаси билан ўйинда ҳам Сами ал Жабернинг голидан бироз ўтиб, рақиб ҳисобни тенглаштирганди. Шуларни ўйлаб, бироз чўчидим, муҳими, Аллоҳ инояти билан бу сафар устунликни охиригача сақлаб қолишни уддаладик».

Факт 

Саид ал Овайраннинг тарихий голи шунчаки, санъат асари эмасди. Саудлар Бельгия термасидан тортиб олинган 3 очко эвазига 1|8 финалга чиқишди. Бунга қадар Осиё вакилларидан биргина КХДР термаси (1966 йили) ЖЧ гуруҳ босқичидан ўтганди.

Сўз

- Ўша вақт ижтимоий тармоқлар мавжуд бўлганида, келажагимиз бутунлай ўзгариб кетармиди...? Пеле ўйинларини оқ-қора тасвирда кузатганмиз ва унинг ақлга сиғмас ишларини биламиз. Агар мундиал-94 вақтида ижтимоий тармоқлар ишлаганида, бизнинг истеъдодимиз кенгроқ аудиторияга чиқарди. Шунга қарамай, ЖЧ тарихидаги энг машҳур сау­диялик ва арабман. Саид ал Овайран.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади