Ракурс: Араблар Озил томон

Ракурс: Араблар Озил томон

Германия терма жамоаси кўчасида яна мағлублик кайфияти. Бундестим худди 4 йил олдин Россияда кузатилгани каби Қатарда ҳам ЖЧ гуруҳ босқичи довонини забт этолмади.

Ханс-Дитер Флик жамоасининг бу сафарги омадсизлиги Қатарда маҳаллий мухлислар томонидан Месут Озилни қўллаб-қувватлаш учун уюштирилган «флеш-моб» билан ҳам эсда қолди.   

Германия термаси учун ЖЧ-2022 ҳисобидан охирги ўйинга айланган учрашув (Коста-Рика термасига қарши) давомида Ал-Хор шаҳридаги «Ал-Байт» стадиони трибуналарида маҳаллий мухлислар Месут Озилнинг сон-саноқсиз босма портретини кўз-кўз қилишди. Эҳтимолки, улар шу тариқа асли турк ярим ҳимоячининг кетиши немислар йўл қўйган энг катта хато эканлигига ишора қилишгандир... Қолаверса, улар портрет кўтариш баробарида оғизларини қўллари билан ёпиб олишди. Буниси энди Германия термасининг илк ўйин олдидан тушган ғалати жамоавий суратига киноя.   

Германиялик мухлислар эса ушбу «флеш-моб»га турлича муносабатда бўлишди: кимдир олқишлади, бошқа биров ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ҳаттоки, Озил портретини тортиб олишга уринишлар ҳам кузатилди. Бошқа мамлакатлардан келган мухлислар эса арабларга қўшилишди. Аммо факт шуки, аксарият немислар бу ҳаракатдан ғазабланишди. Дейлик, мухлислардан бири трибунанинг ўзида муштлашишга тайёрдек кўринди.