Ракурс: Диққат, аёллар эркаклар билан тенг...

Ракурс: Диққат, аёллар эркаклар билан тенг...

Испания футболида аёллар жамоалари аъзолари яқин-яқингача минимал иш ҳақи ва хасталарга белгиланган моддий ёрдам учун курашардилар.

Энди Қироллик футбол федерацияси мамлакатнинг эркаклар ва аёллар терма жамоаларига тенг миқдорда мукофот пули ажратилиши хусусида қарор чиқарди. Бу - ижтимоий ҳаётда тенгҳуқуқлиликни таъминлаш йўлида ташланган катта қадам...

Испания футбол федерацияси тузган алоҳида шартнома эркаклар ва аёллар терма жамоалари аъзоларига ҳомийлик келишувларидан тенг миқдорда пул ажратилишини кафолатлайди. Ҳужжатда яна футболчиларнинг ишлаш шароитини яхшилаш ҳамда турнирлар вақтида яшаш ва ов­қатланишлари учун бир хил миқдорда маблағ сарфланиши ҳам алоҳида қайд этилган. 5 йил муддатга мўлжалланган ушбу шартнома яқинда старт олган аёллар ўртасидаги Евро-2022дан эътиборан кучга кирди. Жумладан, Испания аёллар термаси 2023 ва 2027 йилларга белгиланган ЖЧ ҳамда Париж-2024 Олимпиадасидаги натижа учун эркаклар жамоаси тарифи асосида мукофот пули олади. 

Испания футболи мутасаддилари шу тарзда эркаклар ва аёллар йўналишидаги улкан тафовутни имкон қадар қисқартиришни ўйламоқдалар. Лекин шартномада мукофот пулининг аниқ қиймати кўрсатилмаган. Ҳозирда футболчиларнинг терма жамоадаги ўйинлари учун иш ҳақи белгиланган эмас. Барчаси муайян футболчининг бошлан­ғич таркибда неча марта майдонга тушишига боғлиқ. Шунингдек, терма жамоа аъзоларига ҳақ тўлашда натижалар, турнир даражаси ва ҳомийлик шартномалари инобатга олинади. 

Испания аёллар терма жамоа­си сардори Ирене Паредес шартнома расмийлаштирилган 15 июнь санасини тарихий кун сифатида эътироф этди. Қироллик футбол федерацияси президенти Луис Рубиалес эса Испания аёллар футболи ривожига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади: «Аёллар иш ҳақи масаласида эркаклардан ортда қолмоқдалар. Ҳозирда фарқни камайтириш устида иш олиб боряпмиз. Бизга ишонч билдиришгани учун аёллардан миннатдормиз».

Айтиш жоиз, Испанияда аёллар жамоалари ва уларнинг футболчиларига яқиндагина профессионал мақоми берилди. Аниқроқ айтсак, 2019 йилнинг ноябрида биринчи дивизион клублари футболчилари ёппасига норозилик ўлароқ, ўйинларда қатнашишдан бош тортдилар. Улар шу аснода испан футболи мутасаддилари эътиборини ички мусобақалар ва терма жамоадаги долзарб муаммоларга қаратдилар. Аслида аёллар минимал даражада иш шароити талаб қилгандилар:

- Минимал иш ҳақи - йилига 16000 евро

- Ҳақ тўланадиган декрет муддати

- Жароҳатдан кейин даволаниш кафолати

Қарангки, норозилик самара берди ва ассоциация 2020 йилнинг февралида Ла Лига ва иккинчи дивизиондаги аёллар жамоаларининг профессионал мақомини тан олди. Шу аснода аёлларга кун бўйи тўлиқ ишлашлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Энди эса Испания эркаклар ва аёллар терма жамоаларига тенг миқдорда маблағ ажратилиши эълон қилинди.

Англия, Бразилия, Авс­тралия, Норвегия, Дания, Янги Зеландия ва АҚШда ҳам худди шу мазмунда тузилган шартномалар бор. Дейлик, АҚШ аёллар термаси февраль ойида 2016 йилдан буён кўриб чиқилаётган табақаланишга оид суд ишида ғалаба қозонди ва барча йўналишлар (машғулотлар учун иш ҳақи, чипталар сотуви фоизи...)да эркаклар жамоалари билан тенг ҳажмда ҳақ оладиган бўлди.

Манба: sports.ru, 

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади