Евро-2020да ғалаба нашидасини суриб, барчанинг олқишига сазовор бўлган Роберто Манчини бошқарувидаги «скуадра адзурра» шундан буён ўз мухлисларини ранжитиш билан овора...
Италия миллий жамоаси Европа биринчилигидаги зафардан кейин ЖЧ-2022 саралаш босқичида муваффақиятсизликка учрадики, шунинг ўзи итальянлар учун мислсиз алам ҳисобланади. Боз устига, «скуадра» Қатар мундиали йўлида «плей-офф» раундининг ярим финалида камтарин Шимолий Македония термасига ютқазиб қўйди, яна ўз майдонида. Тушунарлики, мағрур итальянлар учун бундай омадсизликни ҳазм қилиш осон эмас. Энди маълум бўляптики, бу ҳали ҳолва экан. Ҳар ҳолда, Италия миллий жамоаси омадсиз «сирпаниш»да давом этяпти, мағлубият мағлубиятга уланмоқда.
Диққат қилинг, «скуадра адзурра» охирги 2 ойда ўз тарафкашларини нақ 4 бора ранжитди. Энг оғриқли алам - бу жамоанинг Қатар-2022 томошабинига айлангани, албатта. Бироқ италияликларнинг «финалиссима» аталмиш катта ўйинда Аргентина термаси ва ЕМЛда немислар олдида ҳеч нарса қилолмаганлари алами ҳам паст эмас...
Дарвоқе...
Ҳозирда ЖЧ-2018 чемпиони ва Евро-2020 финалчисида ҳам худди Италия термаси каби нималардир сира ўхшамаяпти. Ҳар ҳолда, Франция ва Англия термалари охирги ФИФА кунларида ўз мухлисларини кучли хавотир остида қолдирди. Айниқса, жаҳон чемпионати старти тобора яқинлашаётган паллада бундай ҳолатнинг юзага келгани хавотир кўламини ошириб юбормоқда. Ахир ҳар икки терма жамоа айни пайт Европа Миллатлар Лигасида ўз гуруҳининг яққол аутсайдери бўлиб турибди.