Ракурс: Омадсизликка даҳшатли реакция

Ракурс: Омадсизликка даҳшатли реакция

ЧЛ-2021|2022 финали ташкилотчилигига доир сусткашликлар муҳокамаси авж олган пайт Францияда яна бир нохуш воқелик рўй берди.

Аниқроғи, бош еврокубокнинг ҳал қилувчи баҳси эртасига жангари кайфиятлари билан танилишган «Сент-Этьен» мухлислари «катта саҳна»га чиқишди.

«Сент-Этьен» 29 май куни ўз майдонида «Осер» билан ўйнади - Лига 1да қолиш учун «плей-офф»нинг жавоб баҳси. Илк учрашувда кучлар тенг келганди - 1:1. «Жоффруа Гишар» аренасида эса аввалига меҳмонлар гол уришди, «яшиллар» фақат 76-дақиқада Маҳди Камара голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолишди, яна 1:1. Якунда Лига 1 йўлланмаси тақдирини пенальтилар серияда аниқлашга тўғри келди. Илк зарбани амалга оширган «Сент-Этьен» вакили Риёд Будебуз гол уролмади ва барчасини шу хато ҳал қилди. Хуллас, серияда 4:5 ҳисобида енгилган Франциянинг 10 карра чемпиони - «Сент-Этьен» (айтганча, бу борада Франция рекорди «ПСЖ» ёки «Лион» эмас, айнан «яшиллар»га тегишли) элитадан тушиб кетди. Тўғри, жамоа олдин ҳам бундай муваффақиятсизликка учраганди, аммо нақ 18 йилдан буён Лига 1да мунтазам иштирок этаётганди. 

Хуллас, «Сент-Этьен» фанатлари ушбу омадсизликни оғриқли қабал қилишди. Улар якунда майдонга бостириб киришди, марказий трибуна ва кийиниш хонасига олиб борувчи туннелга пиротехника воситаларини ёғдиришди. Чунончи, ҳар икки жамоа вакиллари саросимада кийиниш хонаси томон чопишганди. Табиийки, вазиятга полиция кучлари аралашди, кўздан ёш оқизувчи газ ишлатишга тўғри келди. Яхшики, тартиб ўрнатиш чоғи ҳеч ким жиддий жабр кўрмади. Ҳозирча «Сент-Этьен»га қандай жазо қўлланилиши аниқ эмас. Клуб эгалари эса «заҳар»ли фанатлар гуруҳидан қутулишга қарши эмасликлари ҳақида баёнот беришга улгуришди: «Яқин келажакда клуб келажагига боғлиқ муҳим янгиликларни эълон қиламиз», - дейишди «Сент-Этьен» акциядорлари Бернар Кайаццо ва Ролан Ромейер.

 «Сент-Этьен» мухлислари олдинроқ ҳам ўзларини «кўрсатишганди». «Осер» билан ўйинда ҳам трибуналардан бирига мухлис қўйилмади - у апрель ойи охирида «Монако»га қарши кечган баҳсда юз берган тартибсизликлар ортидан ёпиоганди. Ўшанда фанатлар гуруҳи иккинчи бўлимда «фаер-шоу» намойиш этишган ва ўйин ярим соат тўхтаб қолганди. «Яшиллар» фанатлари Лига 1 11-туридан ўрин олган «Анже» билан учрашув бошланишидан олдин ҳам худди шундай қилишган ва ҳакамнинг старт ҳуштаги белгиланганидан 30 дақиқа кеч янграганди.

Якунланган мавсум Лига 1да фақат «яшиллар» мухлислари эмас, балки бошқалар ҳам шов-шув кўтаришди. Жумладан, август ойида «Марсель» ва «Ницца» ўртасидаги ўйин футболчилар, мураббийлар ва мухлислар иштирокида катта тартибсизлик юзага келгани туфайли бузилди. Яна бир катта жанжал - «Марсель» ярим ҳимоячиси Димитри Пайетга дахлдор: «Лион» билан баҳсда унинг бошига шиша идиш «учиб тушди». Оқибатда бу учрашув ҳам якунига етказилмади. «Ланс» - «Лилль» (6-тур) ўйинида эса мезбон жамоа мухлислари майдонга югуриб тушишди, меҳмонларга ажратилган трибунага ҳужум уюштиришди. Бунда ҳам вазиятга полиция аралашди, ўйин ярим соат тўхтаб қолди.