«Реал»нинг англиялик орзуси

«Реал»нинг англиялик орзуси

Ҳозирда «Лацио» «Сандерленд»нинг 18 ёшли хавбеки Жоб Беллингемни ўз таркибига жалб этиш тадорикини кўрмоқда.

Бироқ римликларга «Тоттенхэм» қаршилик кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, март ойида «Реал» президенти Флорентино Перес ёш иқтидорни харид қилиш ниятида эканлигини маълум қилганди. Бунинг ўзига яраша сабаби бор, албатта.

Жуд ва Жоб

Жоб «Реал»нинг етакчи ҳужумчиси Жуд Беллингемнинг укаси эканлигини фаҳмлаб олиш қийин эмас. Европа вице-чемпионининг фикрича, укаси ўта ноёб иқтидор соҳиби. Ҳатто ундан ўзиб кетиши ҳам мумкин. Қолаверса, Жуд укаси билан ёнма-ён тўп суришни истайди.

Айни вақтда Жуд онаси Дениз билан Мадридда истиқомат қилмоқда. Оила раҳбари Марк эса кенжа ўғли билан Англияда қолган. Жобнинг «қироллик клуби»га ўтиши оиланинг жамулжам бўлишига ёрдам бериши аниқ. Бироқ бу ҳақда ҳозир мулоҳаза юритиш вақти эмас. Дон Флорентино кенжа Беллингемнинг юксак салоҳиятини мақтаб, ака-укалар жуфтлигини кўриш истагини бежизга тилга олмаган.

Жуд ва Жоб бир-бирига халақит бериши мумкинми? Кимнингдир енгил фикри туфайли, Англияда бу ака-ука бир хил услубдаги ўйинчи, деган ривоят пайдо бўлган. Аслида, ундай эмас. Жуд - ўз жарима майдончаси билан рақибники ўртасида тўп суради. Жоб эса нисбатан, ҳужумкор ўйинчи. У ўз фаолиятини ҳужумчи позициясида бошлаганди, «Сандерленд»да ҳужумкор ярим ҳимоячи вазифасини адо этмоқда. Жоб акасига нисбатан 6 сантиметрга бўйчанроқ, елкалари кенг. Лекин уларнинг икковига ҳам универсализм хусусияти яхши таниш. Хуллас, шу пайтгача ҳеч қачон ёнма-ён тўп сурмаган ака-ука дуэт ролида майдонга тушса, зўр бўлади. Тўғри, ҳозирча бу тахмин, албатта. Лекин тандемни кузатиш, мароқли, барибир. У нафақат «Реал», балки Англия терма жамоасига ҳам жуда қўл келади. Айниқса, йирик мусобақаларда.

Навқирон, лекин етук

Жоб - чинакам атлет. Ундан тўпни осонликча олиб қўйишнинг иложи йўқ, гавдаси билан самарали ҳаракатланади. Акасининг сўнгги Евро турнирида Словакия дарвозасига урган голи каби шедевр ҳозирча, Жобда йўқ. Лекин бўлишига шубҳа ҳам йўқ. Чунки зарба йўллаш санъатини пухта ўзлаштирган, 30 метр узоқликдан урган голига гувоҳлар бор.

Жуд каби унинг укаси ҳам «Бирмингем Сити»да сабоқ олган ва акасидек барвақт (16 ёшда) ўз дебютини нишонлаган. Яна бир ўхшашлик - иккови ҳам қадрдон клубини барвақт тарк этишган. Фарқи, Жуд Дортмунднинг «Боруссия»сига, Жоб эса «Сандерленд»га йўл олган. Бироқ Англиянинг 6 карра чемпиони ҳозир Чемпионшипда мураккаб даврни бошдан кечирмоқда.

Жуд «Реал»да қарийб ҳар бир ўйинда голлар уриб юрган пайтда, Жоб «қора мушуклар» сафига кўтарилиш тараддудида эди. Қисқа вақт ичида бу ишни уддалади, 46 учрашувнинг 36тасида майдонга тушиб, 6та гол ва 1та ассистни расмийлаштирди. 18 ёшли йигитча учун рисоладагидек натижа.

Негадир Жоб уни Жуднинг укаси дейишларини ёқтирмайди. Йўқ, ака-уканинг ўзаро муносабатлари аъло даражада, у «Реал» ва «Уч шерлар» юлдузини ҳурмат билан тилга олади. Лекин ўзи мустақил шахс сифатида шаклланишни, акасининг соясида бўлмасликни истайди. Шу сабабли унинг футболкасида фамилияси йўқ, фақат исми ёзилган.

Албатта, Жоб кўпгина клубларнинг жиддий назоратида. Яқингача бу шунчаки, мониторинг эди. Май ойида «Кристал Пэлас» ва «Брайтон»дан таклифлар бўлди, яқинда «Лацио» Жоб учун 15 млн. евро беришга тайёр эканлигини билдирди. «Тоттенхэм» ҳам мазкур трансферга бефарқ эмас.

Трансфер муқаррар

Ҳозирда «Сандерленд»нинг собиқ бош мураббийига айланган Тони Моубрей ёш иқтидорни қўйиб юбориш ниятида эмасди. У «қора мушуклар» учун муҳим ўйинчи. Ахир 6 карра чемпионнинг қуйи лигада юриши яхши эмасда. Сўнгги мавсумни жамоа 16-ўринда якунлади, бу ҳеч кимни қониқтирмайди. Бироқ камбағал «Сандерленд» вундеркинд сотувидан келадиган мўмай даромаддан воз кеча олармикан? Қисқаси, Жоб янги мавсумни «қора мушуклар» сафида давом эттириш эҳтимоли жуда оз. Асосийси - клуб танлашда адашмаслик.

Жудга омад кулиб боқди. У Дортмунднинг «Боруссия»сида бирданига ўйин амалиётига эга бўлди, куч-қувват ва маҳоратини маромига етказиб олди. Бироқ укаси ҳам Жуд каби омадли бўлади, дейишга асос йўқ. Жоб учун юз бериши мумкин бўлган энг нохуш воқеа - янги жамоада захира ўриндиғига «михланиб» қолиш. Юқорида зикр этилган Тони Моубрей Жоб учун энг муҳими мунтазам майдонга тушиш эканлигини таъкидлаганди. Энди у йўқ, янги мураббий Регис Ле Бриснинг Беллингемга қандай муносабатда бўлиши ҳозирча, номаълум.

Агар «Сандерленд»ни тарк этиш муқаррар бўлса, янги клуб масаласи ҳам мавҳум. «Лацио» ва «Тоттенхэм» ортидан бошқа харидорлар келиши мумкин. «Сандерленд» учун азалий рақиб - «Ньюкасл» энг мақбул вариантдек кўринмоқда. Эдди Хау жамоасида Беллингем кучли ўйинчилар орасида етарли ўйин амалиётига эга бўлади, акаси кўрмаган АПЛда тобланади.

Жоб йўл қўйиши мумкин бўлган энг катта хатолик - ҳозирнинг ўзида «Реал»га ўтиш. У ҳали бундай ўзгаришга тайёр эмас, асосий таркибдан жой олишига кафолат йўқ. Бироқ уни акаси билан таққослашлари аниқ. Вақти келиб, кенжа Беллингем «Реал»га ўтиши мумкин ва керак. Шунда у жиддий синовларда тобланган ва акаси каби мустақил шахсга айланади.

Содиқ СОБИР тайёрлади