РЕЙТИНГ: Бўлажак топ-коучларни қарши олинг!

РЕЙТИНГ: Бўлажак топ-коучларни қарши олинг!

Футболда мураббий доимо муҳим роль ўйнаган. Нафақат жамоа, балки клубнинг равнақи кўп жиҳатдан шу мутахассисга боғлиқ.

 Таниқли мураббийларни доимо муҳокама қилишади, танқид остига олишади ва кўпинча, лавозимидан четлатишади. Улар доимий эътибордалар. Бироқ навқирон ва танилиб улгурмаган, аммо ўз вазифасини рисоладагидек уддалаётган мураббийлар ҳам йўқ эмас. Марҳамат, жорий мавсумни талаб даражасида ўтказаётган ёш мураббийлар билан танишинг.

Руд ван Нистелрой («ПСВ»)

Нидерландиялик афсона 2012 йилда бутсаларини михга илиб, 2 йиллик танаффусдан кейин ишлаш учун миллий терма жамоага йўл олди. 2016 йилда у ўзи тўп сурган «ПСВ»га қайтиб, ёшлар жамоаларида сабоқ берди. Ўтган йил июлида эса «МЮ» ва «Реал»нинг собиқ ҳужумчиси асосий жамоа тизгинини ўз қўлига олди. Ҳозирча, ишлари чакки эмас. «ПСВ» вақти-вақти билан ўз ўйинчиларини сотиб туриши жамоа натижаларига таъсир этиши табиий ҳол. Масалан, қишда «қизил-оқлар» Коди Гакпо ва Нони Мадуэкени сотиб юборишди. Аслида, мураббий улар билан хайрлашмоқчи эмасди. Шунга қарамасдан, ван Нистелрой шогирдлари ички чемпионатда етакчи учликда боришмоқда, миллий кубок мусобақасида ярим финалга чиқишди ва совринга даъвогарлик қилишмоқда. ЕЛда Руд жамоани гуруҳдан олиб чиқди, аммо «Севилья» тўсиғидан ўта олмади. Хуллас, бошланиши ёмон эмас, ахир у юксак савиядаги лигада ишламоқда.

Майкл Каррик («Мидлсбро»)

Футболчилик даврини фақат инглиз клубларида ўтказган Майкл «Вест Хэм», «Суиндон», «Бирмингем», «Тоттенхэм» ва «МЮ» жамоаларида тўп сурган ва манкунианлар мураббийлик штабидан жой олганди. У бош мураббий мақомида «қизил иблислар»ни 3 марта майдонга олиб тушиб, 2тасида ғалабага эришган. 2022 йил октябридан Каррик «Мидлсбро»ни бошқармоқда. У келган пайтда жамоа Чемпионшипда 21-ўринда бораётганди. Бундай вазиятда тажрибаси оз бўлган ёш мураббийга ишонч билдириш қалтис вариант эди. Бироқ таваккал ўзини оқлади. Каррик аутсайдерга қўшни бўлган жамоани совриндор учликка олиб чиқди. Шу кетишда «Боро» элита йўлланмаси учун плей-оффда куч синашиши, агар «Шеффилд»дан 2-ўринни тортиб олишни уддаласа, тўғридан-тўғри АПЛга чиқиши мумкин. Бўш келма, Майкл!

Вилл Стилл («Реймс»)

Жорий мавсумга қадар Стиллни ҳам кўпчилик танимасди. Бу ўз-ўзидан тушунарли - чунки у камтарин «Реймс»даги камтарин мураббийларнинг бири эди. Лекин энди уни танимасдан ғафлатда юришликнинг умуман иложи йўқ - у бутун Европанинг диққат марказида! Ижобий силжишлар бўрони ўтган йил октябрида (афтидан, Мидлсбродан Реймсга ёки аксинча эсгандек), раҳбарият аутсайдерга айланиб қолган жамоа бош мураббийи Оскар Гарсияни истеъфога чиқарганидан кейин келди. Табиийки, бош мураббий ўрнини унинг ўринбосари - Вилл Стилл эгаллади. Ўшанда бу вақтинчалик ўзгариш деб қаралган, аммо ҳозир ҳеч ким бундай ўйламайди. Бошқарув тизгини Стиллга ўтиши билан «Реймс» ўзининг мағлубиятсиз ўйинлар сериясини бошлаб юборди. Бошлади, дейишнинг ўзи кам, топ-чемпионатлар вакиллари ўртасида рекорд (18) ўрнатди! Тўғри, мазкур муваффақият «қизил-оқлар» учун 450000 еврога тушди. Йўқ, кимгадир ёки кимларгадир пора бергандир, деб ўйламанг. Шунчаки, Вилл Стиллда Pro лицензияси йўқлиги учун клуб ҳар бир расмий учрашувдан кейин жарима тўлайди. Эвазига «Реймс» «аутсайдерлар» гуруҳи билан хайрлашиб, 9-ўринга чиқиб олди. Рекордчи Стилл эса энди 30га (навбатдаги рекорд) чиқди, ўқишга бемалол улгуради.

Хаби Алонсо («Байер»)

Алонсо доимо намунали футболчи бўлган. Энди мураббийликда ҳам касбдошларига ўрнак бўлмоқда. Ўз даврида «Реал Сосьедад», «Эйбар», «Ливерпуль», «Реал» ва «Бавария» жамоалари шарафини ҳимоя қилган Хаби аввалига мадридликлар академиясида иш бошлади. Кейин қадрдон «Сосьедад» ёшларига сабоқ берди. У ердаги 3 йиллик фаолиятдан сўнг, «Байер» варианти пайдо бўлди ва ёш мутахассис Бундеслигага қайтди. Таажжубки, Алонсо ҳам айнан 2022 йил октябрида Каррик каби қалтис ишга қўл урди - аутсайдерни қабул қилиб олди. «Доришунослар» эса «Байер»ни юксак савиядаги жамоа­ларда иш тажрибаси бўлмаган ёш мураббийга топширишди. Бироқ бу сафар ҳам «ўйчи ўйига етгунча, таваккалчи ишини битирди» - Хаби турнир жадвали тубидаги жамоани 8-поғонага олиб чиқди, еврокубоклар ҳудуди атиги 3 «қадам» узоқликда. Хаби Алонсо фақат Бундеслига билан чекланиб қолмаяпти. Унинг раҳбарлигида «Байер» ЕЧЛ гуруҳ босқичини 3-ўринда якунлади, «Атлетико»ни еврокубок мусобақаларидан маҳрум этиб, ўзи ЕЛга йўл олди. Нуфузли турнирда жамоа «Монако» ва «Ференцварош»дан устун келиб, чорак финалга чиқди, ярим финал йўлидаги тўсиқ - Бельгиянинг «Сент-Жиллуаз» клуби. Қуръа «доришунослар»га камтарин рақибни раво кўрди.

Венсан Компани («Бёрнли»)

Компани футболчилик даврида атиги 3та жамоа - «Андерлехт», «Гамбург» ва «Манчестер Сити» шарафини ҳимоя қилди. «Шаҳарликлар» таркибидаги 11 йиллик фаолиятдан сўнг, бельгиялик футболчи ватанига қайтди ва «Андерлехт»да аввалига ўйновчи мураббий, кейин бош мураббий мақомларида ишлади. Қадрдон жамоаси билан ўтказган 90та учрашувда у ўтган йилдаги Бельгия Кубоги финалидан бошқа мақташга арзийдиган натижага эриша олмади. Ўз юртидаги 2 йиллик фаолиятдан сўнг, Компани «Бёрнли»ни элитага қайтариш мақсадида Англияга йўл олди. У ерда ишлари аъло даражада кетмоқда. Шон Дайчдан кейин жамоа янги бош мураббий етакчилигида ёрқин ўйин намойиш этмоқда, Чемпионшип турнир жадвалини бошқариб бормоқда ва бир оёғи билан АПЛда турибди. У ерда Венсанни Хосеп Гвардиола кутмоқда, каталониялик мураббий айнан Компанини ўз вориси ролида кўрмоқда. Ким билади дейсиз, балки бельгиялик мураббий чиндан ҳам «Иттиҳод»га қайтиб қолар. Ҳар ҳолда, Англиядаги фаолияти футболчиликдаги каби муваффақиятли ўтмоқда.

Манба: footballhd.ru, С.РАҲМОНОВ тайёрлади