Аммо улардан қайси бири биринчи ўринда турибди? Алан Ширер, Рауль Гонсалес ва Франческо Тотти каби футболчилар ҳақли равишда замонамизнинг энг буюк ҳужумчиларидан ҳисобланишади, аммо улар Европада барча даврларнинг энг яхши тўпурарлари пантеонига кирмайди. «Кўҳна қитъа»нинг бешта асосий лигаси - Бундеслига, Ла Лига, Лига 1, «А» Серия ва АПЛ сир эмаски, мағрур тарихга эга. Уларнинг айрим афсонавий фигуралари эса ярим асрдан кўпроқ вақт давомида бузилмай келган рекордларни ўрнатганлар. Лекин қайси замонавий афсоналар барча даврларнинг энг буюк ўйинчилари қаторига киради? Planetfootball.com мутахассислари Европанинг топ-5 лигаси тарихидаги барча даврларнинг энг яхши 10 нафар тўпурарини санаб чиқди...
10. Гордон ХОЖСОН - 288та гол
Урушдан олдинги даврнинг энг буюк ўйинчиларидан бири бўлган Хожсон Стокда туғилган ва халқаро миқёсда Жанубий Африка Республикаси ҳамда Англия термалари шарафини ҳимоя қилган. 1925-1936 йиллар мобайнида у «Ливерпуль» сафида 359 ўйинда 233та, шунингдек «Астон Вилла» ва «Лидс Юнайтед»ларда яна 62та гол урган. Ҳужумчининг профессионал фаолияти 1939-40 йилги мавсум иккинчи жаҳон уруши бошланиши сабабли тўхтатилганда якунланди. Ўшандан кейин у Лидсдаги ҳарбий заводда ишлаган.
9. Делио ОННИС - 299та
Оннис Италияда туғилган, аммо ёшлигида Аргентинага кўчиб ўтган ва «Алмагро» жамоаси орқали Буэнос-Айресга йўл олган. 1971 йилда «Ренн» билан шартнома имзолаб, Европага қайтади ва афсонавий фаолиятини Франциянинг юқори дивизионида бошлайди. У Лига 1да 4та клуб шарафини ҳимоя қилган. Энг катта натижаларга эса «Монако»да эришган - 1973-1980 йиллар оралиғида 200 ўйинда 157та гол урган. Беш мавсум давомида лиганинг энг яхши тўпурарига айланди, аммо «Монако» 1977-78 йилги мавсумда атиги бир марта чемпионликка эришган.
8. Златан ИБРАГИМОВИЧ - 302та
Ибрага тўпламни тўлдириш учун фақат Бундеслига етишмаяпти. У «Манчестер Юнайтед»да 17та, «ПСЖ»да 113та ва «Барселона»да 16та гол урган. Аммо унинг энг катта ҳисоби Италияга тўғри келди, у ерда «Ювентус», «Интер» ва «Милан» учун «А» серияда 156та гол урди. Шунингдек, у «Мальмё», «Аякс» ва «Лос-Анжелес Гэлакси» клубларида яна 103та гол урган ва камида 12та чемпионлик унвонини қўлга киритган («Юве»да бекор қилинган иккита чемпионлиги ҳам бор).
7. Дикси ДИН - 310та
Диннинг натижаси сўнгги икки йил ичида алоҳида эътиборни тортди, чунки Эрлинг Холанд унга анча яқин келганди. Англия футболидаги дебют мавсумида Холанд АПЛ ва ЕЧЛнинг энг яхши тўпурари бўлиши мумкин эди, «Манчестер Сити» эса учта ўйинда ғалаба қозонди, аммо у Диннинг 1927-28 йилги мавсумда ўрнатган 63та гол (АПЛда 60та урди)дан иборат рекордини янгилай олмади. «Эвертон»нинг биркенхедлик марказий ҳужумчиси элитада эса жами 310та гол урган. Бу инглиз клуби учун рекорд бўлиб қолмоқда.
6. Стив БЛУМЕР - 314та
Энди чиндан ҳам тарихий китобларни чангини қоқишга тўғри келади. Блумернинг исми футболда бошқа инглиз иконалари сингари унчалик машҳур эмас. Чунки унинг фаолияти 1891-1914 йилларга тўғри келади ва шу сабабли унинг ҳаракатлари акс этган кадрлар йўқ. «Дерби Каунти»нинг энг буюк ўйинчиси «Рэмс» учун 410 ўйинда юқори дивизионда 255та гол урди, шунингдек, икки марта қисқа давр ўйнаган «Мидлсбро»да 59та гол урган.
5. Роберт
ЛЕВАНДОВСКИ - 356та
2010 йилнинг ёзида «Боруссия Дортмунд»га келганида, 21 ёшида Левандовски Польша Экстракласида Познаннинг «Лех» клуби учун 32та гол урганди. Кейин у Бундеслигада Юрген Клопп жамоасида 30та гол урди, дастлабки икки мавсумида кетма-кет Бундеслига чемпионлигига эришди ва тез орада ўзини Европанинг энг яхши тўпурарларидан бири сифатида кўрсатди. Голлари шунчаки дарё бўлиб оқарди. Сўнгги 12 йил ичида Левандовски фақат бир марта мавсумда 20тадан кам гол урди, 2020|21 йилги мавсумда эса у Бундеслигада 41та гол уриб, Герд Мюллернинг рекордини янгилади. Агар польшалик снайпер «Бавария»да қолганида, у «дер Бомбер»нинг мутлақ рекордини янгилаган бўларди, лекин бунинг ўрнига у ўзини янги муҳитда синаб кўрди ва 23та гол уриб, «Барселона»га 2022|2023 йилги Ла Лига чемпионлигини тақдим этди. Ўтган мавсумда у Ла Лигада атиги 19та гол урди, бу 2014|15 йилги мавсумдан бери энг паст кўрсаткичдир. Лекин жорий мавсумни яхши бошлади: илк турдаёқ дубл қайди. Демак тез орада Левагол рейтингимизда ҳам сезиларли ўсишга эришса, ажабмас...
4. Жимми ГРИВЗ - 357та
Кейн Англияга қайтиб, Ширернинг лигадаги рекордини янгилаш учун яна 48та гол уриши мумкин. Лекин Англия олий лигасининг энг яхши тўпурари бўлиш учун яна 145та гол уриб, Гривзни ортда қолдиришига ишониш қийин. Гривз «Челси», «Тоттенхэм» ва «Вест Хэм» клублари сафида юқори дивизионда 516 ўйинда 357та гол урган.
3. Герд МЮЛЛЕР - 365та
Юқорида зикр этилган Мюллер — саҳнада янги таниқли исмлар пайдо бўлгунча — ҳар доим голлар статистикаси ақлга сиғмасди. Ғарбий Германия термаси учун 62 ўйинда 68та гол! Чемпионатдаги «Бавария» учун урилган 398та голи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, улардан 365таси Бундеслиганинг 14та кампаниясида урилган — бир мавсумда ўртача 26та!
2. Криштиану РОНАЛДУ - 495та
Роналду «Манчестер Юнайтед»да буюк тўпурар бўлди. Қайтиб келгач эса «Премьер-лига 100» клубига кирди. Криш Ла Лигадаги 9 мавсумида «Реал»нинг энг яхши тўпурарига айланди - 311та гол, ўртача ҳар бир мавсум учун 34тадан! Кейин у «Ювентус»га борди ва «А» сериянинг 98та ўйинида 81та гол урди. Агар чемпионатда Роналдунинг болалик клуби «Спортинг» (Лиссабон) учун киритган 3та голини қўшсак, у Европа олий лигалари тарихидаги энг яхши тўпурар сифатида олдинга чиқади.
1. Лионель МЕССИ - 496та
Месси «Барселона» учун 520 ўйинда Ла Лигада 474та гол уриб, Европанинг топ-5 лигаси, шунингдек, ҳар қандай Европа клуби учун энг кўп гол уриш бўйича рекорд ўрнатган. Аргентиналик даҳо 36 ёшида «Кўҳна қитъа»ни тарк этиб, МЛСга кўчиб ўтди ва асосий рақиби Роналдудан фақат битта гол фарқи билан юқорида қолди. «ПСЖ»да 22та гол уриб, Европа топ- лигаларидаги умумий голларни 496тага етказди. Мбаппе ва Холанд бир кун Мессини ағдариш ниятида бўлишади, лекин бунинг учун жуда кўп меҳнат талаб этилади. Агар Мессининг рекорди абадий сақланиб қолса, ҳеч ҳам ажабланарли бўлмайди.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади