36 жамоа учун ягона жадвал

36 жамоа учун ягона жадвал

ёхуд ЕЧЛ ва барча еврокуюоклар учун катта ислоҳот

УЕФА ўзгаларнинг Суперлига тузишини хоҳламаяпти, шу боис, ўзиникига асос солади. Ўтган йилнинг апрелидаёқ еврокубокларнинг «Швейцария тизими»га ўтиши ҳақида қарор чиқарилганди: энди мусобақаларда 36тадан жамоа қатнашади. Иштирокчилар сонининг сезиларли оширилиши рейтинг жиҳатидан юқори бўлмаган чемпионатлар вакилларига ҳам имконият беришга асослангани кўриниб турибди.

Мазкур ҳолатда, янги йўлланмалар АПЛ жамоаларига берилмайди, ваҳоланки, шундай ғоя ҳам йўқ эмасди. Бироқ қарор кўпчилик томонидан чиқарилишини инобатга олсак, қўшимча йўлланмалардан бири УЕФА рейтингидаги бешинчи ассоциациянинг учинчи жамоасига топширилади. 

Яна битта ўрин Чемпионлар йўли вакилларига ажратилади - ҳозиргидек, 4та йўлланма ўрнига, миллий чемпионат ғолиблари 36та бахтли жамоалар рўйхатида бешта жойга эга бўлишади. Яна икки ўрин соҳиблари актуал кўрсаткичларга кўра аниқланади. Ўтказилган мавсум рейтинги олиниб, уни иштирокчилар сонига бўлинади ва ҳосил бўлган рақам ЧЛда қўшимча ўринларга эга чиқадиган ассоциацияларни танлаб олишда ёрдам беради. Ҳозирги ҳолатда бу Англия ва Нидерландия бўларди.

Ҳаммаси адолатли - қўшимча йўлланмалар жорий мавсумда ўзини кўрсатганларга аталади. Шунингдек, янги еврокубокларни, илгаригидек, ҳафта ўртасида ўтказиш кўзда тутилган, шундай экан, миллий лигалар бундан жабр кўрмайди. Юкламалар ортади, лекин хавотирли даражада эмас. Энг кучли жамоалар қўшимча икки учрашув ўтказишади.

Чемпионлар Лигаси қийинлашади

Муҳим қарор - гуруҳ босқичида 10 эмас, 8та ўйин бўлади. Ўз навбатида, ўнта еврокубоклар ҳафталиги асосидаги тақвим сақланиб қолади, лекин бу сафар учала еврокубокка алоҳида ҳафта ажратилади. Ғоя яхши - Европа Лигаси ва Конференциялар Лигасига қўшимча эътибор бўлади, зеро бу турнирлар кўпинча Чемпионлар Лигасига тегишли икки кун соясида қолиб кетади.

Энди гуруҳлар бўлмайди, умумий лига шакллантирилади. Мазкур ҳолатда барча саккиз рақиб турлича бўлади. Катта эҳтимол, 36та жамоа шартли саватчаларга ажратилади ва 8 рақиб коэффициентларга кўра танланади. Кейин эса қуръани кўрамиз, ахир ҳар бир клуб 35та рақибдан фақат саккизтасига тўқнаш келиши мумкин. Қолаверса, муайян рақибга қарши уй-сафар ўйинлари ўтказилмайди, фақат 4та ўйин уйда, 4таси сафарда ўтади.

Чемпионлар Лигаси умумий жадвалида чалкашлик кузатилиши мумкин, сюрпризлар кўпаяди, чунки мураккаб қуръа вариантлари ортади. Таъкидлаш жоизки, фақатгина 8та клуб «плей-офф»га тўғридан-тўғри йўлланма олади, умумий жадвалда 9-24-ўринларни эгаллаганлар, яъни яна 16а жамоа иккита ўйиндан иборат (уй-сафар тизимида) квалификация раундида куч синашади. Ғолиблар анъанавий 1|8 финал босқичига йўл олишади.

36та жамоа орасида, 9-ўрин соҳибидан заифроқ бўлган жамоалар билан ўйин ўтказиб, 24-ўринни эгаллаган иштирокчи ҳам «плей-офф»га чиқиш имкониятига эга бўлади. Бу янги схеманинг энг адолатсиз жиҳати, лекин уни миллий ассоциациялардаги мураббийлар, футболчилар ва мутасаддилар билан муҳокама қилишган, демакки, Чеферин «Швейцария тизими» фойдасига ишлайдиган далилни топа олган.

Ўзгаришлар барча еврокубокларга тааллуқли

Конференциялар Лигаси учун танланган вариантда гуруҳ босқичида 6та турли клубларга қарши 6та ўйин ўтказилади. Кейинчалик аввалги ҳолат такрорланади - «плей-офф»га 8та тўғридан-тўғри йўлланма, яна 8та чипта «ютқазган чиқади» услубида ўйналади. ЧЛ «плей-офф» босқичи кўрсатганидек, сафарда урилган голлар қоидаси бекор қилингач, пенальтилар серияси нормага айланмади. Умид қиламизки, шунча ўзгаришларнинг пайдо бўлиши еврокубокларга янада қизғинлик бахш этади.

Ўйинлар сонининг оширилишидан ягона мақсад кўзлангани тушунарли - кўпроқ пул ишлаш. Аммо бу мажбурий чора, зеро трансфер суммалари жуда катта, телевизион шартномалар ҳаттоки, «Барселона» сингари йирик клублар кредитларини ёпишга ҳам улгурмаяпти. Натижада, жамоалар ҳеч вақосиз қолмоқда. Янги тизимда эса тўрттадан уй ва сафар учрашувларига эга бўлишади, уларда 8та турли рақибларга дуч келишади, бу ҳам йўлни қийинлаштириб, кўпроқ даромад орттириш имконини беради.

Ғоя иш бериши мумкин, гарчи аввалига форматнинг мураккаблиги кўпчиликни чўчитса ҳам. Аммо вақт ўтгани сари кўникишади, худди Евро 24 иштирокчи билан ўтишига мослашишгани сингари. Йўлланмалар кўпайгани турнирни кучсизлантирмади, уни зерикарли қилмади ва бугун гапирганимиз навбатдаги финалда ҳам аншлаг кузатилиши турган гап. Кўплаб ўйинларга эга ва қўшимча раундга эга Чемпионлар Лигаси оммага ёқиши, қўшимчасига, янги фанатларни жалб этиши мумкин.

Муайян спорт тури машҳурлигини сақлаб қолишни истаса, унда олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган нарсаларнинг кўпайиши, динамикаси юқори бўлиши талаб этилади. Переснинг айтишича, болалар Чемпионлар Лигасини томоша қилмай қўйишган, ягона жадвалга эга янги форматни эса янги аудитория учун реклама қилиш мумкин. Демак, «Ювентус», «МЮ», «ПСЖ» ва «Ливерпуль» даражасидаги жамоа­ларда ҳамма нарса рўй бериши мумкин бўлган дастлабки «плей-офф» раундига кириш имконияти мавжуд. Энди барча 8 учрашув қадрли бўлади, зеро вазиятни ўнглаш учун иккинчи имкон бўлмайди.

Шунингдек, Чеферин Чемпионлар Лигасига «тўртлик финали»ни татбиқ этиш хусусида гапирди, аммо бу йўналишда ҳозирча қарор чиқарилмади. Футбол ривожланишда давом этади - италияликларнинг мураббийларга такрорий вазиятни кўриб чиқиш бўйича мурожаат этиш ҳуқуқини беришлари мумкинлиги адолатдан ва еврокубокларнинг янги формати ҳам янги стратегияга мос тушади. Даромад фақат топ лигаларга тегмаслиги учун кўпроқ клубларни жалб этишмоқчи. Тоза ўйин вақти сингари ФИФА даражасидаги мардонавор ғояларни синовдан ўтказишмоқда, УЕФАдагилар эса учта еврокубокни янада оммавийлаштириш ниятидалар. Мамнун клублар сони ортиши аниқ - айрим ассоциацияларнинг гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олишлари ҳам ижобий жиҳат.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади