Алишер Никимбаев: «Файзуллаевнинг истиқболи баландроқ...»

Алишер Никимбаев: «Файзуллаевнинг истиқболи баландроқ...»

Қатар бир йилдан кўпроқ вақт ичида 2та олий даражали футбол турнирига мезбонлик қилди.

2022 йилнинг декабрь ойида жаҳон чемпионатига ўз бағрини очган митти мамлакат яқинда Осиё кубоги-2023ни ҳам қабул қилди. Ҳамюртимиз Алишер Никимбаев ҳар икки нуфузли турнирни ташкиллашда бевосита иштирок этди. Узоқ муддат ЎФФ (ҳозирги ЎФА)да ишлаган, кейин ОФК тизимига ўтган тажрибали мутахассис 7 йилдан буён Қатарда истиқомат қилмоқда. У ЖЧ-2022да ҳам, ОК-2023да ҳам менежер сифатида ҳар икки турнир ўйинларини қабул қилган 8та стадионда ташкилотчилик учун масъул бўлди. Алишер Никимбаев қитъа чемпионати якуни бўйича Россия матбуотига берган интервьюсида бир қатор қизиқарли мавзуларга тўхталди:

* Элдор Шомуродовнинг жароҳати Аббос Файзуллаевнинг Ўзбекистон терма жамоасида етакчиси бўлишига нечоғли таъсир қилди?

* Қатар ниманинг ҳисобига ОК-2023да мухлислар ташрифи юқори бўлишини таъминлади?

* ЖЧ ва ОК ташкилотчилигида қандай фарқ бор?

* Россия термаси Осиё кубогида ўйнаганида, қайси босқичга чиқиши мумкин эди?

* Қатар термаси 2024 йили нима учун Россия миллий        жамоаси билан ўйнамайди?

«Ўзбекистон ва  Тожикистонга методикалар етиб келди, мураббийлик такомиллашмоқда»

- Аббос Файзуллаев дейлик, Шомуродов даражасидан ўта оладими?

- Россияга Элдордан анча ёшроқ вақти кетганини ҳисобга олсак, ҳа. Шомуродов ўрта чизиққа қарам ҳужумчи, Аббосда ижодкорлик кучли, кўп нарсани ўзи уддалай олади. Менимча, Файзуллаевнинг истиқболи баландроқ. Шомуродов меҳнатсеварлиги ва матонати билан яхши. У ўз авлодининг энг иқтидорли футболчиси эмасди, лекин кўпроқ ютуқларга эришди. Ҳа, ҳаммаси Аббоснинг ўйинчилик фазилатларигагина боғлиқ эмас, лекин умид қиламанки, унда катта фаолият учун ҳаммаси мужассам.

- Шомуродовнинг йўқлиги ОК-2023га катта таъсир қилдими?

- Ҳа, жамоа ҳужумда хавфли бўлолмади. Олдиндаги хилма-хиллик йўқолди, қолаверса, ҳужумчисиз ўйналди. Натижада бутунлай бошқача Ўзбекистон термасини кўрдик, боз устига, яна бир ҳужумчи Игорь Сергеев тузукроқ ўйнашга улгурмай, сафдан чиқди. Чинакамига туртиб, курашадиган ҳужумчига эҳтиёж сезилган асосий баҳс­ларда олдинги чизиқда ярим ҳимоячилар ҳаракатланишди.

- Россияда кўпчилик ҳалигача Ўруновни кузатмоқда. У умидни оқлолмадими?

- Шомуродов йўқлиги туфайли умидлар ҳам бошқача бўлди. Яъни йигитларнинг майдондаги роллари ўзгарди ҳужумчи йўқлиги ортидан. Ҳа, Остон умидни оқламади, лекин ранжитмади ҳам. Янада кўпроқ ҳаракат қилиб, яхшироқ ўйнаши мумкин эди. Осиё кубоги ҳар 4 йилда ўтказилади ва ҳамма буни интиқлик билан кутади. Демакки, футболчилардан оддий ўйиндагига нисбатан кўпроғини кутишади. Ўрунов эса катталашган умидни оқлолмади. Аммо унинг даражаси шу. Мана, энди Эрон чемпионатига йўл олди, футболчини у ерда ҳам бир кўрайлик-чи...

- Кўпчилик тожик ва ўзбек футболчилари сўнгги йиллар анча ўсишганини қайд этяпти. Бу нима билан боғлиқ?

- Ҳар икки мамлакатда методикалар пайдо бўла бошлади. Ўзбекистон ва Тожикис­тонда футбол энг оммавий спорт тури бўлиб, инсон ресурси ҳар доим етарли. Болалар футбол билан шуғулланишни хоҳлашади, лекин кўпинча мураббийларнинг сифатсиз услублари туфайли кўпчилик ярим йўлда тўхтаб қоларди. Ҳозир бу йўналиш аста-секин изга тушмоқда, мураббийлар савияси яхшиланмоқда. Ҳар икки мамлакатда ёшлар даражасида порлаган, лекин кейин бирдан қаергадир ғойиб бўлган футболчилар етарли. Энди ниҳоят, мувозанат топилгандек.

- Ўзбек футболида яқин орада четга чиқиши мумкин иқтидорлар борми?

- 1 йилча олдин Файзуллаевни ҳеч ким танимасди, бугун эса у Россияда машҳур футболчи. Кўплаб салоҳиятли йигитлар бор, фақат улар билан шуғулланиш, тарбиялаш керак.

 

«ЖЧ-2022 чипталари ФИФА сайтида сотилган. ОФК эса ОК-2023 чипталари сотувига аралашмади»

- ОК-2023 финалига 80 минг дона чипта сотилди. ЖЧдан кейин Осиё кубогига қизиқиш даражаси қай йўсинда юқори савияда сақлаб қолинди?

- Кўп омиллар бир-бирига мос тушди. Биринчидан, 1 йилча аввал Қатарнинг ЖЧга мезбонлик қилгани. ЖЧни қабул қилган мамлакатнинг дарҳол Осиё кубогига ҳам ўз бағрини очиши олдин кузатилмаганди. Осиёда катта стадионлар кам, лекин Қатарда 8та бор, яна битта шаҳарда. Мисол учун, навбатдаги турнир Саудия Арабистонига берилган. У ерда битта ярим финални бевосита томоша қилган киши иккинчисини кўролмайди, чунки ўйинлар турли шаҳарларда бўлади. Қатарда эса одамлар том маънода ҳар куни турли ўйинларга кириш имкониятига эга бўлишди. Шу туфайли ҳам томошабинлар сони кўпайди. Қатар аҳолисининг атиги 10 фоизини маҳаллий одамлар ташкил этишади, қолган 90 фоизи диаспоралар вакиллари. Яна бир омил шундаки, Қатарга учиш жуда осон. Ироқ, Тожикистон ва Иорданиядан чартер рейс билан учишди. Ж.Корея ва Авс­тралия термалари ўртасидаги учрашувга маҳаллий мухлислар ҳам ташриф буюришди. Шу тариқа чипталар сотуви ва ташриф бўйича имкони бор барча рекордлар янгиланди. Қизиқишнинг асосий омили - жаҳон чемпионатидан кейинги турнир, албатта. Диаспоралар вакиллари ўз жамоаларини қўллашда ажралиб туришди. Муҳит бор эди, ҳатто бетараф мухлислар ҳам футбол томошасига ошиқишди.

- Қатар финалдаги ғалабани дабдабали нишонламади, хусусан, мухлислар стадионда жим ўтиришди. Бу мамлакат учун нормал ҳолатми?

- Халқлар менталитети турлича. Умуман, Қатарда Европадаги каби фанатизмни бирор марта сезмаганман.

- Қатар термаси ўз майдонида зафар қучди. Бу маҳаллий аҳоли учун нимани англатади? Мамлакатда ғалаба кутишганмиди?

- Турнир бошланиши арафасида ғалабага унча умид боғлашмаган, узоғи билан ярим финални кутишганди. Амалда ҳаммаси чиройли чиқди. Мамлакатда бу ютуқ анча шов-шувли тарзда нишонланди. Халқ сайлларига мўлжалланган алоҳида жой бор, финалдан кейин у ерда катта тирбандлик юзага келди. Аслида бошқа йўналишда кетаётгандим, лекин тирбандликка тушиб қолдим, барибир.

- ЖЧ-2022нинг ташкилий ишлари билан солиштирганда, Осиё кубогида қандай фарқли жиҳатлар бўлди?

- Булар икки ташкилот - ФИФА ва ОФК томонидан ўтказиладиган бутунлай бош­қа-бошқа турнирлар. Ҳозир барча тафсилотлар ҳақида гапирмайман, лекин ишонинг, ташкилотчиликда катта фарқ бор. Йўқ, бири ёмонроқ, иккинчиси яхшироқ эмас. Шунчаки, турлича ёндашув бор. Оддий мисол, ЖЧ-2022га нақ 10 йил давомида тайёргарлик кўрилди, ОК-2023га эса атиги 1 йил, ҳатто камроқ ҳам.

- Ташкилотчилик нимаси билан фарқланди, барибир?

- Табиийки, ЖЧда талаблар юқорироқ, аммо бу қийинроқ эканлигини англатмайди. Айнан талаблар бошқача бўлгани учун мослашишимизга тўғри келди. ФИФА ва ОФК турли жиҳатларга эътибор қаратади, ҳар иккисининг ўзига хос иш услуби бор. Америкадаги КОНКАКАФ «Олтин кубоги»да икки марта бўлдим, у ерда маҳаллий ташкилий қўмита йўқ. Бу яхши ёки ёмонлигини айтолмайман, ҳар кимнинг иш услуби турлича. Моҳиятан дунёдаги барча ташкилотлар тахминан бир хил турнирларни ўтказади, аммо ёндашув турлича. Бунда ҳар кимнинг ўз асослари бор, чунки ҳаммамиз турли шароитларда ишлаймиз.

- Аниқ бирор мисол келтира оласизми?

- Энг оддийсини айтаман: ЖЧ ўйинлари чипталари сотуви ФИФА сайти орқали амалга оширилди, ташкилот жараённи тўлиқ назорат қилди. Осиё кубоги чипталари сотувига эса маҳаллий ташкилий қўмита масъул эди. ОФК чипталар савдосига умуман аралашмади.

- Агар турнирнинг ўзида ишлаш ҳақида гапирсак...

- ФИФА Қатарда ўтган ЖЧдан эътиборан маҳаллий ташкилий қўмита ғоясидан воз кечди. Энди одамлар ёнма-ён ишлайдиган қўшма корхона яратилмоқда. Қатарда худди шундай бўлди. Ҳозир Шимолий Америкада тизим шундай йўлга қўйилган. Кейинги ЖЧда ҳам шунга амал қилинади. Осиёга келсак, ОФК ва маҳаллий ташкилий қўмита бор. Улар бирга ишлайди, лекин расмий равишда  икки бутунлай бошқа юридик ташкилот ҳисобланади. ФИФА кимни ишга олишни ҳам назорат қилади, ОФК эса йўқ. Шунинг ўзидан хулоса чиқаришингиз мумкин.

«Меҳмонхоналар бўйича Осиё кубогида қийинчилик сезилмади...»

- Осиё кубоги ташкилий қўмитасида қанча киши ишлади?

- 1000 нафардан ортиқ, чунки стадионлар ва функциялар кўп эди.

- Шахсан сиз нима билан шуғулландингиз?

- Мусобақани ташкиллаш ва ўтказиш масалалари билан. Аниқроғи, бизнинг бўлим жамоалар билан иш олиб борди: футболчиларни кутиб олиш, машғулотлар жараёнини ташкил этиш. Яна стадионлар ичида ҳам жамоалар билан ишладик. Мисол учун, меҳмонхоналарни жамоаларнинг ўзи танлади, биз эса яшаш жойидан келиб чиқиб, уларга яқин атрофдаги машғулотлар майдонини тавсия этдик. 

- Германия термаси ЖЧ вақти кийиниш хонасида стол безатишни талаб қилганини айтган эдингиз. Шунга ўхшаш сўровлар янградими?

- Йўқ, лекин баъзи жамоалар дарҳол овқатланиш учун ўйин якунланиши билан кийиниш хонасига таом олиб кирди. 

- Таом олиб кириш тақиқланган эмасми?

- Операцион чекловлар мавжуд: стадионда истеъмол қилинадиган овқат сифат стандарт­ларига жавоб бериши керак. Хоҳлаган таомни олиб келолмайсиз, шунчаки, назорат пунктида рухсат берилмайди. Худо кўрсатмасин, биров заҳарланса, ким жавоб беради? Айтганча, ЖЧда таом олиб кириш тақиқланган эди, Осиё кубогида эса йўқ. Чунки футболчиларга қаердан овқат олиб келишларини билардик.

- Осиё кубогида ноодатий вазиятлар ҳам кузатилдими?

- Қандайдир ғайритабиий ҳолат учрамади, чунки жамоа­лар ЖЧдаги каби мураккаб эмасди. Ҳаммаси стандарт. 

- ЖЧ-2022да контейнер-меҳмонхоналар ва мухлислар учун жой йўқлиги ҳақида кўп гапирилди. Осиё кубогида бу осонроқ бўлдими?

- Албатта, чунки мундиалдаги каби оқим сезилмади. Сув спорти бўйича жаҳон чемпионати Осиё кубоги билан бир вақтда ўтказилганини ҳам эътиборга олиш керак. 2024 йилнинг январь ойида Қатарга сайёҳлар оқими бўйича рекорд ўрнатилганини эшитдим. Тўғри, кўплаб сайёҳлар узоқ вақт қолишмади. ЖЧ пайти эса хорижликлар Қатарда анча узоқ яшагандилар. Қисқаси, бу сафар ҳеч ким вагончаларда яшамади.

- Меҳмонхоналарда нарх ошдими?

- Ҳозир Қатарда сайёҳлик мавсуми, шунинг учун баҳолар юқори. Ёзда тушади, чунки ҳаво жуда иссиқ бўлади.

Давоми газетамизнинг кейинги сонларида.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади