Бай-бай, «Байер», бай-бай!

Бай-бай, «Байер», бай-бай!

Хаби Алонсо бошқарувидаги «Байер» жорий мавсум стартидаги қойилмақом статистикаси билан ҳаммани бирдек ҳайратлантирмоқда

Ҳозирги ҳолатда Леверкузен «банда»си Европанинг энг кучли клубларидан бири бўлиб турибди. Қаранг, Германия жамоаси бу мавсум бирор турнирда ҳали мағлубият кўчасига киргани йўқ. «Байер» статистикасига қараган кишининг оғзидан беихтиёр бир ибора чиқади: «бай-бай...».

Ғолибона юриш. Ҳозирда «шерлар» (жамоа лақаби) ҳисобида 16та ғалаба ва 1тагина дуранг бор. Бу 17та ўйин самараси. «Доришунослар» хусусан, Германия кубогидан ўрин олган 2та ўйинни умумий 13:2 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Хаби Алонсо жамоа­си шунингдек, Европа Лигасида ҳам 100 фоизлик натижага эга - 4та ғалаба.

Германияда энг зўри. Фақат Бундеслига ўйинларига қарасак, Леверкузен жамоаси дастлабки 11та турда 10та ғалаба ва 1та дуранг қайд этди. Голлар нисбати - 34:10. Оддий айтганда, 1та учрашувга ўртача ҳисобда 3тадан кўп гол тўғри келмоқда.

Етакчи. «Байер» 28 очкога эга ва Бундеслига турнир жадвалида «Бавария»дек наҳанг­дан олдинда бормоқда. Қолаверса, ЕЛ «H» гуруҳи карвонбошиси ҳам айнан Леверкузен «банда»си.